Ўзбекистон | 21:36 / 06.05.2024
5567
5 дақиқада ўқилади

6 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тошкент кўчаларидаги робот, жардан қутқарилган чўпон, Хоразмдаги боғчанинг бешафқат тарбиячиси, халқаро инвестиция форумидаги келишувлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

«Участкавой робот»

Тошкент кўчаларида камера ва милтилловчи чироқлар билан жиҳозланган тўрт ғилдиракли робот пайдо бўлди. Робот профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасини бажаради.

У жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Тўрт ғилдиракли ёрдамчи GPS тизими, ёзиб олиш функциясига эга юқори аниқликдаги 180 ва 360 даражали камералар билан жиҳозланган. Маёқ қоидабузарликлар ҳақида огоҳлантириш учун мўлжалланган.

Машина барча турдаги ҳуқуқбузарликларни, ҳатто чиқиндини нотўғри жойга ташлашни ҳам ёзиб олиши мумкин. Улар ҳақидаги маълумотлар ўша ҳудудга бириктирилган профилактика инспекторининг планшетига юборилади.  

Жарликка йиқилган чўпон қутқарилди

Навоий вилоятининг Нурота туманида чорва молларини боқиб юрган чўпон эҳтиётсизлик оқибатида бир неча метр жарликка тушиб кетган.

Воқеа 5 май куни содир бўлган. Оқтов тоғи этакларида қўй-қўзиларини ўтлатиб юрган чўпон жарликка тушиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида фуқаро жароҳат билан топилиб, унга психологик ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнгра у махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида хавфсиз жойга олиб чиқилган. 

Кун рақами

Ўзбекистон 2024 йилнинг биринчи чорагида 775,7 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотларини 55 та давлатга экспорт қилган. Статистика агентлигига кўра, бу умумий экспортнинг 12,2 фоизини ташкил этиб, кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 0,9 фоизга ошган. 

Бешафқат тарбиячи

Хоразм вилоятида боғча болаларининг юзига бир неча бор тарсаки туширган тарбиячига нисбатан терговга қадар текширув бошланди. Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

Ижтимоий тармоқларда боғча тарбиячиси томонидан бола калтакланиб, қўлига игна тиқилгани тўғрисида видео тарқалди. Бу хатти-ҳаракатга ойдинлик киритиш учун воқеа юзасидан Гурлан тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Видеодаги ҳолат 2023 йилнинг ноябр ойида Гурлан туманидаги 23- боғчада содир бўлган. Боғчада тарбиячи бўлиб ишловчи аёл 4 яшар ўғил болалар гўёки улар бир-бири билан уришгани учун уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган ва болаларнинг юзига бир неча бор тарсаки туширган. Бу ҳолат видеотасвирга тушган. 

Боғчалар учун 20 млн доллар

ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 млн доллар ажратади. Янги лойиҳа бир қатор янги мактабгача таълим муассасалари қуриш ва модернизация қилиш, шу билан бирга уларда болалар учун ўринлар сонини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид ал-Халифа узоқ муддатли ҳамкорликни муҳокама қилди ва хусусий секторни давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш масалаларини кўриб чиқди.

Учрашув доирасида Ўзбекистонда «Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 20 миллион доллар миқдоридаги битим имзоланди. 

Кун факти

Тошкент инвестиция форумида 26,6 млрд долларга тенг келишувлар имзоланди. Режалаштирилган энг лойиҳалар — Янги Тошкент инфратузилмасини барпо этиш, маълумотларни қайта ишлаш марказини, электр станцияларини қуриш, Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1000 MW бўлган шамол электр станциясини қуриш, Нукус, Фарғона, Қувасойда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш. 

Об ҳаво маълумоти

Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярмида аксарият ҳудудларда қуруқ об-ҳаво бўлиши, жумладан, эртага 7 май куни ҳарорат +33 даражагача кўтарилиши кутиляпти. Пайшанбадан нам ҳаво массалари барча ҳудудларга тарқалади. Ҳарорат +20 даражагача пасайиб, ёмғир ёғади.

9-11 май кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика бўйича шамол тезлиги сониясига 15–20 метргача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли 9–11 май кунлари бир қатор вилоятларнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини юзага келиши мумкин. Тоғли ҳудудларга сайр-у саёҳатга чиқишни бошқа ҳафтага қолдириб туришни маслаҳат берамиз.

Мавзуга оид