Ўзбекистон | 11:33 / 06.05.2024
8491
2 дақиқада ўқилади

Ишсизлик нафақаси миқдорини белгилашга аниқлик киритилмоқда

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилмоқда, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда.

Фото: Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция аъзолари бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Қонун лойиҳаси билан давлат хизматига танлов асосида қабул қилиш тартиби жорий этилгани туфайли меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринларига йўлланмалар бериш жараёнини такомиллаштириш, ишга қабул қилиш мезонларини аниқлаштириш, ишсизлик нафақаларини тайинлаш ва тугатиш жараёнида амалда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, касб-ҳунар таълимига давлат буюртмалари турларини топшириш муддатларидаги камчиликларни бартараф этиш, давлат томонидан кафолатланган иш ўринларига ишга жойлаштирилиши мумкин бўлган аҳоли тоифаларини аниқлаштириш каби ўзгартиришларни киритиш кўзда тутилган.

Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 38- ва 55-моддаларида ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилмоқда, шунингдек, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда.

Депутатлар субсидиялар, ссудалар ҳамда иш берувчи томонидан ходимнинг касбга тайёрлаш ёки қайта тайёрлашдан ўтгани, унинг малакаси оширилганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ўқув курси янгилангандан сўнг 5 иш куни ичида меҳнат органига тақдим этилмаган ҳолатда бунинг учун сарфланган маблағни қайтариш чоралари кўрилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўради.

Ушбу саволларга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъул ходимлари атрофлича жавоб бериб, илгари сурилган таклиф ва тавсияларни иккинчи ўқиш жараёнида инобатга олинишини билдирди.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Мавзуга оид