Жаҳон | 16:57 / 06.05.2024
14185
7 дақиқада ўқилади

Россия қўлига ўтган Очеретино харобалари ва тинимсиз ўққа тутилаётган Харкив. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 802-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия Харкив бўйлаб авиазарба йўллади.
  • La Repubblica: НАТОда илк бор Украинадаги урушга кириш учун «қизил чизиқ» белгиланди.
  • РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Донецк областидаги Очеретино посёлкасини эгаллагани ҳақида хабар берди.
  • Бердянскда автомобил портлаши оқибатида маҳаллий «ахлоқ тузатиш колонияси» ходими ҳалок бўлди. Украина разведкаси маълум қилишича, у асирларни қийноққа солишга алоқадор бўлган.
  • Россия ҳукумати Европада диверсиялар серияси ўтказишни режалаштирган. Бу режа — критик инфратузилмаларда портлашлар ва ёнғинлар келтириб чиқаришни ўз ичига олган.
  • WSJ маълумотига кўра, Украина кредиторлари Киев уруш туфайли тўхтатилган давлат қарзларини тўлашни тиклашни талаб қилмоқда.
  • Оқ уйдагилар АҚШнинг ёрдами Украинага 2025 йилда янги қарши ҳужум бошлашга имкон беради деб ҳисобламоқда.
  • РФ қўшини Украинага дронлар билан ҳужум қилди. Харкивда турар жой биноси, Днипрода — инфратузилма объектлари зарбага учраган. Олти киши жароҳатланган.

Харкив ўққа тутилиши

Россия қўшини сўнгги ҳафталарда деярли ҳар куни Харкив бўйлаб зарбалар бермоқда. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 5 май куни шаҳарга учта авиабомба ташланган. 14 та кўп квартирали уйлар, хусусий уйлар, автомобиллар, ишламаётган спорт мажмуаси, офис ва маъмурий бинолар шикастланган. Сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши жароҳатланган.

Ғарблик ҳарбий таҳлилчилар илгари сураётган версияга кўра, Россия Харкив бўйлаб интенсив зарбаларни ушбу шаҳарни эгаллаш мақсадидаги амалиётга тайёргарлик кўриш доирасида оширмоқда. Хусусан, Америка урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 5 май кунги ҳисоботида Россия десант баталёни жанубий фронтдан Курск областига кўчириб ўтказилганига эътибор қаратиб, РФ шимолий гуруҳни кучайтиришда давом этаётгани Украина шимоли-шарқига, жумладан Харкивга ҳужум қилинишидан дарак бериши мумкинлигини қайд этган. Аммо ISW таҳлилчилари ҳам, бошқа қатор экспертлар ҳам урушнинг бу босқичида РФ қўшинларида Харкивни штурм қилиб эгаллаш учун куч етарли эмас деб ҳисоблайди.

Харкивда 5 май кунги авиазарбадан шикастланган турар жой биноси
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Россияликларнинг Харкивга ташланган авиабомбасидан шикастланган квартира
Anadolu / ddp / Vida Press
Харкив бўйлаб йўлланган авиазарба оқибатида жароҳатланган кишининг эвакуацияси
Yakiv Liashenko / EPA / Scanpix / LETA
Украина прокуратураси Харкив бўйлаб йўлланган навбатдаги зарбадан кейин ЖК 438-моддаси, 1-қисми бўйича (Уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш) жиноий иш қўзғатган
Anadolu / ddp / Vida Press

Очеретино манзаралари

Россия қўшини Донецк областидаги Очеретино посёлкасини апрел ойи охирида, деярли қаршиликка учрамасдан қўлга киритганди. Украина нашрларида ёзилган версиялардан бирига кўра, россиялик ҳарбийлар Очеретинони мудофаа қилган украин бўлинмалари ротацияси вақтида юзага келган хатоликдан фойдаланиб қолган. Очеретино ҳудудида мудофаа ёриб ўтилиши Украина қуролли кучлари бутун Донецк областида мағлубиятга учрашига олиб келиши мумкин. 5 май куни РФ мудофаа вазирлиги Очеретино эгаллангани тўғрисида расман хабар берди.

The Associated Press нашри кенг кўламли урушга қадар уч мингдан ортиқ киши яшаган ва ҳозирга келиб бутун биноси қолмаган Очеретинонинг дрон орқали олинган тасвирларини намойиш этган.

Kherson/Green / AP / Scanpix / LETA
Kherson/Green / AP / Scanpix / LETA
Kherson/Green / AP / Scanpix / LETA

Украинада Пасха нишонланди

2024 йилда христианлар, жумладан православлар ва юнон-католиклар Пасха байрамини 5 май куни нишонлади. Украина президенти Володимир Зеленский байрамга бағишланган видеомурожаатида Пасха байрами «инсон қалбини ёвузлик ва зулмат қуллигидан озод этиш», шунингдек «эзгулик ва адолат ғалабаси, ҳаётнинг ўлим устидан тантанаси»ни англатишини айтиб ўтди. Зеленский уруш украинларни жипслаштиргани, «доимо оғалигини кўрсатишга ҳаракат қилган собиқ қўшни» Россия эса энди украинлар учун бегоналашиб кетганини қайд этган.

Черниҳив областидаги Лукашовкада Пасха нишонланиши. Бу қишлоқ 2022 йил 9 мартидан 30 мартига қадар Россия оккупацияси остида бўлган. Қишлоқ марказида XX аср бошида қурилган Вознесенск черкови жанглар вақтида жабрланган, гувоҳлар «Громадске» нашрига айтиб беришича, россиялик ҳарбийлар унинг атрофида одамларни отиб ташлаган. Ҳозирда Лукашовкадаги ибодатхонада яна диний маросимлар ўтказилмоқда, жумладан Пасха ибодати ҳам
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Черниҳив областидаги Красное қишлоғи аҳолиси пасха корзиналари билан (унинг ичида колбаса, сало, нон, ёғ ва пишлоқ, шунингдек хоч, иконалар, медалёнлар ва турли туморлар бўлади. Корзина усти каштагулли сочиқ билан ёпилади). Россия қўшини кенг кўламли босқиннинг илк даврида Украинанинг ушбу регионини эгаллаб олишга ҳаракат қилган, кейин чекинишга мажбур бўлган, аммо ҳозирга қадар регион бўйлаб камикадзе дронлар ва ракеталар билан зарбалар беришда давом этмоқда
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Лвивда Климентий Шептицкий номидаги Халқ меъморчилиги ва турмуш тарзи музейида Пасха нишонланиши
Olena Znak / Anadolu / ddp / Vida Press
Пасхани фронт чизиғида ҳам нишонлашди. Фотода базаси Донецк областида жойлашган қирол Даниил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригадаси ҳарбийлари байрам нонуштаси устида
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Украинадаги уруш — рақиблар пилотсиз қурилмадан бу қадар фаоллик билан фойдаланаётган тарихдаги илк урушдир. FPV-дронлар операторларга манзарани биринчи шахсдан аниқ кўриш ва разведка ишлари олиб бориш имконини беради, улар шунингдек портловчи қурилмалар — ёки пасха совғаларини олиб учиши мумкин. Одессадаги ҳудудий мудофаа кучларининг 126-алоҳида бригадаси айнан шундай йўл билан Днипронинг чап соҳилидаги Кринки плацдармини мудофаа қилаётган украин ҳарбийларини байрам билан табриклади
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу феврал ойидаёқ РФ президенти Владимир Путин билан учрашувда Кринки «тозалангани» ҳақида маълум қилганди. Аммо Украина томони бу баёнотни манипуляция ва фактларнинг сохталаштирилиши деб атаган. 126-бригада жангчилари Кринкидаги плацдарм ҳимоячиларига дрон орқали пасха совғалари солинган қутиларни юборган
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Лвив областидаги Пустомити қабристони Пасха вақтида
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид