Жаҳон | 21:09 / 06.05.2024
23912
10 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг Европага ташриф буюрди. Унга Путиннинг «сояси» ҳамроҳлик қилмоқда

Беш кун Европада қоладиган Си Франциядан Сербия ва Венгрияга ўтади — улар Путиннинг Европадаги дўстлари саналади. Хитойга қайтганидан кейин эса Путинни қабул қилади.

Хитой раҳбари Си Жинпинг беш йил ичида илк бор Европага ноодатий вақтда ноодатий ташрифини амалга оширди. Ғарб билан савдодаги номутаносибликларни бартараф этишдан бош тортаётгани ва Украинага қарши уруш олиб бораётган Россия билан дўстлашгани учун АҚШ ва Евроиттифоқнинг Хитой билан муносабатлари кундан кунга ёмонлашмоқда.

Макрон сешанба куни Сини тоғга чиқишга таклиф этган. Улар Пиринеядаги денгиз сатҳидан 2000 м баландликдаги Кол дю Турмале қояларига чиқишади, французлар президенти болалигида бу ерга бувисини зиёрат қилиш учун бориб турган. Фото: Reuters

Си Европада беш кун бўлади. У Евроиттифоқ раҳбарияти офиси жойлашган Брюсселга келмасдан, Францияни танлади — бу Европа Иттифоқидаги ягона ядровий держава, унинг раҳбари Эммануэл Макрон эса — сиёсий вазни бўйича Си билан солиштириш мумкин бўлган, қолаверса, доимо муросага тайёр ва Хитойнинг ягона рақобатчиси саналадиган АҚШ манзилига танқидлар билдиришдан тортинмайдиган ягона европалик етакчи.

Сининг Франциядан кейинги манзилларини эса Евроиттифоқ ва америкаликларга қаратилган провокация дейиш мумкин. У Сербия ва Венгрияга боради. Булар Кремлнинг Европадаги асосий дўстларидир.

Венгрия Россияга қарши санкциялар пакетларини ва Украинага ҳарбий ёрдам пакетларини бирин-кетин блоклаш билан машғул. Сербия эса умуман ЕИ аъзоси ҳам эмас, қолаверса, Сининг ташрифи Хитойнинг Белграддаги элчихонаси америкаликлар томонидан бомбардимон қилинганининг 25 йиллигига тўғри келмоқда, хитойликлар буни ҳозиргача унутишмаган.

Европанинг қолган қисмидагилар Хитой технологиялари ва капиталига катта эҳтиёткорлик билан қараётган вақтда ушбу икки мамлакат хитойликларнинг инвестициялари кириб келишидан мамнун ва инфратузилма лойиҳалари учун Хитойдан бажонидил қарз олади.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари орасида ўтган йил кузида «Бир камар — бир йўл» лойиҳасининг юбилей саммитига борган ва Путин билан қўл бериб кўришган ягона сиёсатчи бўлганди. У ерда Сербия президенти Александр Вучич ҳам бор эди ва у ҳам Путин билан учрашган.

Энди Си жорий йил бошидан буён илк хорижий сафари доирасида ушбу давлатларга ҳам меҳмонга келмоқда.

Бу ташрифда у билан бирга Путиннинг сояси ҳам кезиб юради.

Сешанба куни, Макрон тоғнинг тоза ҳавосида яна бир бор Сини Россия раҳбарига таъсир кўрсатишга кўндиришга ҳаракат қилади, Москвада эса март ойидаги сайловларда ғалаба қозонган Путиннинг инаугурация маросими ўтказилади, сайловни ғарбдагилар сохтагарчилик деб баҳолаганди, Сига эса бу «қадрдон дўсти»ни ишончли ғалаба билан табриклаш учун сабаб бўлганди.

Си Европа турнесидан қайтиши билан Путин Пекинга ташриф буюриши кутилмоқда.

Европа ва Хитой муносабатлари нега ёмонлашганди?

Уч асосий муаммо — савдо, хавфсизлик ва Украинадаги уруш.

Сининг ташрифи улардан ҳеч бирини олдинга силжитмайди, аммо европаликлар ҳеч бўлмаганда янги совуқ уруш томон ҳаракатланишни тўхтатишга ҳамда асосий савдо ҳамкорлари билан мулоқотни давом эттиришга умид қилишмоқда.

Француз иқтисодиёт вазири Брюно Ле Мэр агар хитойликларнинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи йирик BYD компанияси Францияда завод қурса, Франция бундан мамнун бўлишини айтган. ЕИ эса бу вақтда Хитой электромобилларига қарши антимонопол текширув ўтказмоқда. Фото: Reuters

«Европа иттифоқи ва Хитой яхши муносабатларни истайди ва Хитойнинг глобал вазни инобатга олинса, бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурматни таъминлаш, тушунмовчиликларга йўл қўймаслик ва глобал муаммоларга ечим топиш учун калит ҳисобланади», — дея ЕИнинг позициясини дипломатик тарзда ифодалаган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Си ва Макроннинг душанба кунги музокаралари олдидан.

Хитойнинг Европа хавфсизлигига таҳдиди борасидаги хавотирлар анча аввалроқ ЕИ давлатларини Хитойдан телекоммуникация ускуналари харидини босқичма-босқич қисқартиришга мажбур қилганди. Си ташрифи арафасидаги сўнгги кунларда эса европаликлар Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғига тақиқ қўйиш ҳақида ўйлаб, фаоллик билан хитойлик жосусларни ушлай бошлашди.

Савдодаги ихтилоф эса Хитой ковид давридан кейин янги технологияларга таянган ҳолда ишлаб чиқаришни кучайтириши ва бутун дунёни электромобиллар, қуёш батареялари ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдириб ташлаши ортидан кучая бошлади.

Бунга қадар Хитойнинг ваъдасига кўра Ғарб ушбу мамлакат иқтисодиёти ўсиши билан давлат субсидиялари эвазига саноат ривожланишидан истеъмол ўсишига асосланган янада ривожланган моделга ўтказишидан умид қилганди. Шунда Хитой вақт ўтиши билан нафақат ўз маҳсулотларини Ғарбга экспорт қилиб, валюта жамғариши, балки маблағларини Ғарб маҳсулотларини сотиб олиш учун сарфлаб, ўз бозорини ғарблик ишлаб чиқарувчиларга очиши ҳамда капитал ҳаракатланиши устидан назоратни сусайтириши кутилганди.

Бу рўй бермади ва Ғарб ҳимояланишни бошлади.

Аввалига АҚШ божлар жорий этди, эндиликда эса ЕИ монополияга қарши текширувлар ўтказмоқда, шундан кейин Хитой электромобиллари ва тиббиёт жиҳозлари импортига бож киритилиши мумкин. Хитой эса бунга жавобан француз коняги импортини тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда.

Си нима учун Путинга таъсир ўтказиш бўйича чақириқларга қулоқ солмаяпти?

Си Европани АҚШнинг хоҳиши билан иш тутмасликка ва «прагматик» позицияни эгаллашга — тўсиқлар қўймасдан, ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга чақиради. У савдо масалаларини бажонидил муҳокама қилади, ЕИ учун асосий ҳисобланган масалада — Россиянинг Украинага қарши уруши масаласида — мулоқот иш бермаяпти.

Си ва рафиқасини аэропортда французлар бош вазири Габриэл Аттал кутиб олди

Макрон бир йил олдин Хитойга келиб, Сидан «Россияни ўзига келтириш» учун Путинга таъсир ўтказишни сўраганида, Си бу сўзларга ҳеч қандай реакция билдирмаган, ўз чиқишларида бирор марта Россияни тилга олмаган, бирор марта «уруш» сўзини ишлатмаган. Макрон матбуот анжуманида Украина ҳақида гапиришга ўтганида Си жаҳли чиқаётганини яширмаган ва бир неча бор сабрсизлик билан уф тортганди.

Бир йил ўтди. Хитой ҳамон Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қораламаяпти. Бу уруш ЕИ иқтисодиётига путур етказади ва сиёсий инқироз келтириб чиқаради, чунки европаликларнинг барчасига ҳам миллионлаб украин қочқинлари кириб келиши ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб маблағлар сарфланиши маъқул эмас.

Макрон Парижда ҳам Сидан Путинга таъсир ўтказишини сўрайди. Аммо экспертлар бу иш беришига шубҳа билан қарашмоқда, чунки Си дунёга АҚШ билан қарама-қаршилик призмасидан қарайди — бу давлат Хитойнинг дунёдаги етакчилик учун рақобатдаги ягона сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий рақиби саналади.

Шу нуқтайи назардан Хитой Ғарбнинг бошқа мамлакатларини мустақил деб ҳисобламайди, Россиянинг Украинага қарши тажовузи эса унинг фойдасига ишлайди, чунки бу уруш бир томондан АҚШнинг пуллари ва ресурсларини банд қилади, бошқа томондан — Россияни Ғарбдан четлатади ва уни Хитойнинг қучоғига итариб, Хитойга энергетик хавфсизлик ҳамда Ғарб билан можаро келиб чиқадиган тақдирда ядровий держава қўллови билан таъминлайди.

Си ҳам Путин каби урушни уруш деб эмас, «инқироз» деб атаган. Макрон душанба куни дипломатик тарзда хитойликлар терминологиясини қабул қилди.

«Мен, биринчидан, Европа-Хитой муносабатларини кўриб чиқишни таклиф этаман, бу бизга тижорат масалалари — бозорларга кириш, адолатли рақобат шароитлари, инвестицияларни муҳокама қилиш имконини беради», — деди Макрон музокаралар олдидан.

Европаликлар Си Хитойдан Airbus лайнерлари учун буюртмалар олиб келишини кутишмоқда. Фотода Тулузада China Airlines учун A350 XWB йиғилиши жараёни. Фото: Airbus

«Ва иккинчидан, биз икки йирик инқироз — Украина ва Яқин Шарқни муҳокама этамиз, ўртамизда бу масалаларда мувофиқлаштириш бўлиши жуда муҳим», — дея қўшимча қилган французлар президенти.

Макрон қисқача учрашув натижаларини сарҳисоб қилмаган — у ҳали бир ярим кунни хитойликлар раҳбари билан ўтказиши керак, ҳозирча эса унинг кайфиятини бузиш вазифасини «ёмон полициячи» сифатида фон дер Ляйен бажармоқда, Си уни очиқчасига ёқтирмайди ва эътиборсиз қолдиради.

У урушни ўз номи билан атади ва Хитойнинг Кремл билан алоқалари Европа-Хитой муносабатларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши, чунки Россия тажовузи «Украина ва умуман бутун Европа учун экзистенциал таҳдид солиши»ни айтиб ўтган.

«Биз Хитой Украинага қарши тажовузкор урушини тўхтатиши учун Россияга ўзининг барча таъсир воситаларидан фойдаланишини кутамиз. Президент Си Россиянинг масъулиятсиз ядровий таҳдидлари юмшатилишида муҳим рол ўйнаганди ва ишончим комилки, президент Си бу ишни қилишда давом этади», — деган у ва ЕИ Хитойдан Россияга қурол-яроғ ва икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришдан тийилишни ҳамда Кремлга ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бермаслигини сўрашини қўшимча қилган.

Мавзуга оид