Исроил Рафаҳ шаҳрида назорат пунктининг Фаластинга тегишли қисмини эгаллаб олди
Ғазо секторидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти ўз ишини тўхтатди. Унинг тепасида Исроил байроғи ҳилпираб тургани айтиляпти.
7 май, сешанбага ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубий қисмидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устидан «оператив назорат» ўрнатилгани ҳақида маълум қилди. Исроил оммавий ахборот воситалари назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устида Исроил байроғи ҳилпираб тургани акс этган кадрларни намойиш этди.
6 май оқшомида Исроил ҳарбийлари Рафаҳнинг шарқий қисмига «мақсадли зарбалар» бергани, натижада ҲАМАС гуруҳининг 20 нафар жангчиси йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Аскарлар учта туннел шахтасини ҳам топган. Исроил армияси вакили айтишича, тинч аҳолининг катта қисми аллақачон Рафаҳдаги эвакуация зонасини тарк этган.
«Рафаҳ» назорат пункти ўз ишини тўхтатди
Ғазо шаҳридан жанубда жойлашган «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти Исроил зирҳли-танк бригадаларидан бирининг танкчилари томонидан қўлга олинди, дея хабар беради Исроил ҳарбийлари ва Фаластин томони. Фаластин миллий маъмурияти вакилининг айтишича, Ғазо сектори учун инсонпарварлик ёрдами катта қисми ўтган жой ўз фаолиятини тўхтатган.
«Рафаҳнинг бутун ғарбий қисми уруш театрига айланган ва портлашлар тўхтагани йўқ», деб айтган вакил. У гуманитар ёрдам ходимлари ўққа тутилишидан қўрқиб ҳудудни тарк этганини қўшимча қилди.
Бир кун олдин Исроил Рафаҳдан тинч аҳолини эвакуация қила бошлади, у Исроилда ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги сўнгги таянч нуқтаси деб аталадиган бу шаҳарга ҳужум қилишга ҳозирлик кўряпти. Иттифоқчилар кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлишидан ташвишланиб, Исроилни ҳарбий операциядан воз кечишга чақирди. Бир миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар Ғазо секторидаги жанглардан қочиб, Рафаҳга етиб келган.
ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга рози бўлди
Исроил Рафаҳга техника ва қўшин олиб келгач, ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди. Ҳаракат вакиллари бу ҳақда Қатар бош вазири ва воситачи бўлган Миср разведкаси раҳбарини хабардор қилган.
Шу билан бирга, «Ал-Жазира» телеканали ҲАМАСнинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар беришича, гуруҳ томонидан қабул қилинган таклиф Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, қочқинларни қайтариш ва гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштиришни ўз ичига олади.
Ўз навбатида, исроиллик амалдорлардан бири Reuters агентлигига воситачилар гуруҳга Мисрнинг «юмшатилган» таклифини етказгани, у Исроилга ёқмаганини хабар берди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024