Жаҳон | 12:09 / 08.05.2024
3717
2 дақиқада ўқилади

Беларус тактик ядро қуроли «тўсатдан текширилиши»ни эълон қилди

Александр Лукашенко Беларусдаги тактик ядровий қуролларни «тўсатдан текшириш»ни буюрди. Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги тактик ядро қуроллари билан машғулотлар ўтказилишини эълон қилган эди.

Виктор Хренин Фото: Беларус Мудофаа вазирлиги

Беларус раҳбари Александр Лукашенко стратегик бўлмаган ядровий қурол ташувчиларни «тўсатдан текшириш» ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда 7 май, сешанба куни Беларус Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик раҳбари Виктор Хрениннинг сўзларига кўра, «Искандер» оператив-тактик ракета тизими бўлинмаси ва Су-25 самолётларидан иборат эскадриля шай ҳолатга келтирилади. Хрениннинг таъкидлашича, «тактик ядровий қуроллар билан зарбаларни режалаштириш, тайёрлаш ва қўллашдан тортиб, барча фаолият турлари» текширилади.

Россия тактик ядро қуроли билан машғулотлар ўтказади

Бир кун аввал Россия Мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиққан эди. Департамент президент Владимир Путин топшириғига биноан Украина чегараси яқинида тактик ядро қуроллари билан машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Россия расмийлари ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини қайта-қайта эслатиб, Киевга Ғарб ҳарбий ёрдами етказилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Бу сафар Кремл тактик ядро қуроли билан манёврлар ўтказиш қарорини Россияга қарши «ғарб расмийларининг провокацион баёнотлари ва таҳдидлари» билан изоҳлади.

Машқлар «яқин келажакда» ўтказилади. Уларда Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари авиация, шунингдек, денгиз флоти кучлари иштирокида қатнашади. Манёврлар ўтказиладиган жой аниқлаштирилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид