Иқтисодиёт | 10:52 / 08.05.2024
5575
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари кўпайди

Апрель ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 918 млн долларга ошди. Бунга олтин нархининг кескин қимматлашуви бевосита таъсир ўтказган.

Фото: Alamy

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 май ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 35,1 млрд долларни ташкил қилди.

Апрел ойи давомида олтин захираларининг қиймати 25,37 млрд доллардан 26,53 млрд долларгача ошган. Ўз навбатида олтиннинг физик ҳажми ўзгаришсиз қолган – 11,5 млн троя унция.

Шунингдек, хорижий валюта захиралари қиймати 8,26 млрд доллардан 8,02 млрд долларгача қисқарган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари умумий ҳисобда қарийб 918 млн долларга кўпайган. 

Аввалроқ, жорий йилнинг биринчи чорагида олтин экспорти 10,5 фоизга ошиб, 2,66 млрд долларга етгани хабар қилинганди. Бу мамлакат умумий экспортининг 41,7 фоизини ташкил қилган.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид