Жаҳон | 10:07 / 09.05.2024
3831
4 дақиқада ўқилади

Порошенко Германияни Украинадан келган эркакларни молиялаштирмасликка чақирди 

Украина собиқ президентининг DW нашрига айтишича, Берлин ўз ватанини ҳимоя қилиши керак бўлган украиналик эркаклар учун мўлжалланган пулни Украина қуролли кучларига жўнатиши лозим.

Фото: Петро Порошенко / Facebook

Украина собиқ президенти Пётр Порошенко Германияни мамлакатдаги украиналик ҳарбий ёшдаги эркакларни молиялаштиришни тўхтатишга ва бунинг ўрнига пулларни Украина армиясига ўтказишга чақирди. «Кимнинг орқага қайтиш имкони бўлса, орқага қайтиши керак», деди у 8 май, чоршанба куни Берлинда бўлиб ўтган Германия консерватив Христиан-демократик иттифоқи партиясининг қурултойи чоғида DW нашрига берган интервюсида. 

Шу билан бирга, у Украина ёки Германиянинг ҳар қандай ҳаракатлари ватанга қайтишдан бош тортган украиналик эркаклар позициясига таъсир қилиши мумкинлигига шубҳа билдирди. «Аммо мен (Германияга) ушбу шахсларга – шу ерда бўлган ва Украинага қайтишни истамаган эркакларга нисбатан молиялаштиришни тўхтатиб, зудлик билан Украина Қуролли кучларига пул беришни бошлашни тавсия қиламан», деди Порошенко.

Порошенко TAURUS ракеталарини Украинага тақдим этишга чақирди 

Шу билан бирга, Украинанинг собиқ президенти Киевни Германиянинг узоқ масофали TAURUS ракеталари билан таъминлаш зарур деб ҳисоблайди. «Бизга бу пул нафақат ҳаво мудофааси учун - фақат ҳаво ҳужумидан мудофаа билан урушда ғалаба қозонишнинг иложи йўқ, балки TAURUS учун ҳам керак, бу Россия учун муҳим энергия инфратузилмамизга ҳужум қилишни тўхтатиши учун жуда кучли далилдир, сабаби жавоб зарбасини қабул қилиб олади», деб тушунтирди у. 

Порошенконинг сўзларига кўра, украиналикларга нега АҚШ Украинага ATACMS ракеталарини, Британия Storm Shadow ракеталарини, Франция Scalp ракеталарини етказиб бераётгани, бироқ «Украинанинг яқин ҳамкори ва Европа Иттифоқи етакчиси» бўлган Германия TAURUS ракеталарини бермаётганини тушунтириш қийин. 

Германияда эркакларни Украинага қайтариш ҳақида мунозара 

Киевнинг ёши бўйича сафарбарлик тўғрисидаги қонунга тўғри келадиган эркакларга консуллик хизматлари кўрсатишни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қароридан сўнг, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида украиналик эркакларни ўз ватанларига қайтариш ҳақида мунозара бошланди. 7 май куни бундестаг аъзоси Родерих Кизеветтер Украинанинг бу саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирди. «Германия Украинани ҳарбий хизматга яроқли эркаклар бўйича адолатли таклифлар беришда ва уларни ихтиёрий равишда қайтишга ундашда қўллаб-қувватлаши керак, ўз навбатида, Германия, масалан, ушбу фуқаролар гуруҳига пул ёрдамини тўлашни тўхтатиб, уларни аниқлаш ва олиб кетишга ёрдам бериши мумкин», - дея таклиф қилди сиёсатчи. 

Немис ОАВ хабарларига кўра, ерлар Ички ишлар вазирликлари раҳбарлари Федерал ички ишлар вазирлиги иштирокида Украинадан келган, амалдаги чет эл паспорти бўлмаган эркаклар Германияда қандай мақомга эга бўлиши бўйича маслаҳатлашувларни бошлайди. Вазирлар қарори июн ойи ўрталарида ерлар ички ишлар вазирларининг навбатдаги конференциясида қабул қилиниши кутилмоқда. 

23 апрел куни Киев ҳукумати сафарбарлик ёшидаги украиналик эркакларга фақат Украина ҳудудида паспорт ёки чет элга чиқиш паспортини беришни буюрди. Шу куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ёшига кўра сафарбарлик тўғрисидаги қонунга бўйсунадиган эркакларга Украина дипломатик муассасаларида хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид