Жамият | 19:28 / 10.05.2024
46369
3 дақиқада ўқилади

72 ёшли шифокорнинг ўз аёлига “миннатдорчилиги” - Шовотдаги мудҳиш қотиллик тафсилоти

Жиноятлар турлича бўлади, турлича содир этилади. Қасддан қилинган қотилликларнинг деярли барчасида жиноятчининг кўзлаган мақсади бўлади: босқинчилик, қасд олиш, мулкка эгалик қилиш ва ҳоказо. Аммо Хоразм вилоятининг Шовот туманида содир этилган қотиллик жиноятида ана шу нуқта – мақсад йўқ эди. Шу сабабли, ушбу жиноят тафсилотини эшитганлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Уларнинг тилида фақатгина бир сўз айланарди: “Наҳотки?!”

Хоразм вилоятининг Шовот туманида пенсиядаги шифокор томонидан мудҳиш қотиллик жинояти содир этилди. У 49 йил бирга умр кечирган турмуш ўртоғини ўзини сеҳр-жоду қилганликда айблаб, болта билан чопиб ўлдирган. Шифокор судда турмуш ўртоғини ўлдириш учун ҳеч қандай сабаб бўлмаганини, шунчаки ўрталарида келиб чиққан жанжалдан жаҳли чиққанини ҳамда ўзини бошқара олмаганини билдирган.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, 1952 йилда туғилган А.Х. узоқ йиллар шифокор бўлиб ишлаб, 2011 йилда пенсияга чиққан. Унинг турмуш ўртоғи ҳам тиббиёт соҳасида фаолият юритган. Улар 1974 йилда турмуш қуриб, 6 нафар фарзандни тарбия қилишган. 

Кейинги пайтларда А.Х. ўзининг сеҳр-жоду қилинганини айтиб, тез-тез жанжал кўтарадиган одат чиқарган.

2023 йилнинг 16 декабр куни А.Х. ярим тунда уйғониб кетган ва аввалига турмуш ўртоғидан қон босимини туширувчи дори беришни сўраган. Турмуш ўртоғи у сўраган дориларни топиб берган. Шунда А.Х. сеҳр-жоду қилингани сабаб кечалари ухлай олмаётганини айтиб, жанжал чиқарган. Сўнгра жаҳл устида иситиш печи ёнида турган болтани олиб, 49 йил давомида бирга умр кечирган турмуш ўртоғининг бош қисмига 17 бор зарба берган. Бунинг оқибатида аёл оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Шифокор болтани жойига қўйиб, қўшни хонага ўтиб ўтирган. Эрталаб бошқа фарзандлари ва ИИБ ходимлари етиб келган. Бундан хабар топган шифокор хона эшигини ичкаридан қулфлаб, ташқарига чиқмаган. ИИБ ходимлари эшикни очишни сўраганида эса лезвия билан томирларини кесиб, ўз жонига суиқасд қилишга уринган.

А.Х. дастлабки терговда кичик ўғли уй-жой ҳамда машина масаласида у билан жандаллашиб келишини, ҳатто бир неча бор ўлдириш билан таҳдид қилганини, сеҳр-жоду қилинганини айтиб, ёлғон кўрсатма берган. Аммо аслида ҳолат унақа бўлмаган. Кейинчалик судда вазиятдан чиқиб кетиш учун ёлғон кўрсатма берганини ўзи ҳам тан олган.

Жиноят ишлари бўйича Шовот туман судининг 2024 йил 2 апрелдаги ҳукми билан А.Х. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид