Жаҳон | 13:14 / 10.05.2024
7656
10 дақиқада ўқилади

Рафаҳга ҳужум оқибатлари, Нетаняҳуни огоҳлантирган Байден ҳамда Арманистон ва Европадаги намойишлар — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Рафаҳга бостириб кирганидан сўнг, ҲАМАС ҳаракати Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича Исроилга ортиқ ён бермаслигини эълон қилди.

Гарчи, 7 майдан бошлаб Қоҳирада Миср, Қатар, АҚШ, Исроил ва ҲАМАС делегацияси иштирокида музокаралар давом эттирилаётган бўлса ҳам.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСнинг шартларини бажариш нореал эканини таъкидлаб, Исроил ҳарбийлари Рафаҳни штурм қилиш бўйича операциясини давом эттиришини айтган эди. 8 май куни Исроил танклар ёрдамида ва ҳаводан шаҳарга ҳужум қилган. Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олган. Бу ярадор ғазоликларни эвакуация қилиш учун ягона ҳаёт йўли эди.

ҲАМАСнинг Қатардаги сиёсий бошқаруви аъзоси Иззат ал-Решиқнинг айтишича, ҳаракат аввалроқ тақдим этган ўт очишни тўхтатиш таклифи доирасидан ташқарига чиқмайди.

«Исроил битимга эришиш масаласига жиддий қарамаяпти, у музокаралардан Рафаҳга бостириб кириш учун вақтдан ютиш сифатида фойдаланмоқда», — деган ҲАМАС вакили.

Ғазо секторида ишлаб турган инсонпарварлик ташкилотлари ва тиббиёт ходимлари агар Исроил Рафаҳда кенг кўламли ҳарбий операция бошласа бу ҳалокат билан тугаши, чунки тинч аҳолини хавфсиз эвакуация қилиш мутлақо имконсиз эканини таъкидлашмоқда.

Улар исроиллик ҳарбийлар томонидан чегарадан ўтиш жойлари эгалланиши ва инсонпарварлик юкларини етказиб беришга яратиладиган тўсиқ кенг кўламли ҳарбий операциясиз ҳам Рафаҳда муқаррар ҳалокат келтириб чиқаришини айтишмоқда.

Барча эҳтиёжмандларга ёрдам қилишнинг ягона йўли — ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш экани қайд этилган.

Энди нохуш статистикага ўтамиз. Исроил босқини натижасида урушнинг 216-кунига келиб Ғазода ўлганлар сони 34 минг 904 нафарга етди. 78 минг 514 киши яраланган. Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари 4 та оммавий қирғинни амалга оширган, 60 кишининг ўлими ва 110 кишининг яраланишига сабабчи бўлган.

Исроил томони эса Ғазо секторига ҳужум бошланганидан буён Исроил хавфсизлик кучларининг 711 ходими ҳалок бўлганини эълон қилди. Уларнинг 637 нафари ҳарбийлар, 68 нафар полициячи ва 6 нафари ички хавфсизлик хизмати — Шабак ходимларидир.

Байденнинг Нетаняҳуга насиҳати

АҚШ президенти CNN телеканалига интервю бераётган чоғда Исроил ҳукуматини Американинг Афғонистон ва Ироқдаги хатоларини такрорламасликка чақирган. Бу билан Байден Америка бомбалари қамалдаги Ғазода тинч аҳоли устига ташланаётганини билвосита тан олган.

Байден Нетаняҳу Ғазога ўралашиб олиши билан огоҳлантирганини айтиб берган. Президент АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги аччиқ тажрибаси билан параллел ўтказиб, Исроил етакчисини Фаластин ҳудудида «ўша хатоларни такрорламаслик»ка чақирган.

«Мен Нетаняҳуга Америка йўл қўйган хатоларни такрорлама, дедим. Биз Усома бин Лодинни ушлашни истагандик, биз сизларга Яҳё Синварни ушлашга ёрдам берамиз, дедим», — деган АҚШ президенти бин Лодинни ушлаш учун Афғонистонга киришдан «маъно бўлмагани»ни қайд этиб.

«Улар ҳали аҳоли пунктларига киришгани йўқ, ҳарбий ҳаракатлар чегара зонасида рўй бермоқда. Мен Нетаняҳуга ва ҳарбий кабинетга агар улар аҳоли пунктига кирадиган бўлса биздан ҳарбий ёрдам олмасликларини аниқ-равшан тушунтирдим», — деган Жо Байден.

Байденнинг бу баёноти қамал қилинган Фаластин эксклавида давом этаётган агрессия фонида Исроилга Америка қурол-яроғлари экспортини бас қилиш бўйича илк ваъдаси бўлди. АҚШ президенти шунингдек, Исроил Америка қурол-яроғлари билан тинч аҳолини ўлдирганини ҳам тан олган: «Ғазодаги тинч аҳоли вакиллари бу бомбалар ва аҳоли пунктларига уюштирилган зарбалар натижасида ўлдирилмоқда», — деган у.

Талабаларнинг аксилисроил намойишлари

АҚШдаги талабаларнинг норозилик намойишлари ғарб давлатларидаги университетларга ҳам ёйилмоқда. Испаниянинг 76 та университети Исроил университетлари билан алоқаларни узганини эълон қилди.

Бунга сабаб — бутун Испания бўйлаб университет кампусларида талабалар содир тикиб, Исроилнинг Ғазодаги босқинига норозилик билдиргани бўлди.

50 да давлат, 27 та хусусий университетларни бирлаштирувчи Испания университетлари конфедерацияси Фаластин илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳам ваъда берган.

Ирландиянинг Тринити-коллежи ҳам талабалар норозилигидан сўнг Исроил университетлари билан алоқаларни узишга кўнган. Фаластин тарафдорлари Лондоннинг SOAS университетида ҳам лагер барпо этишган. Улар ҳам Исроил компаниялари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик тўхтатилишини талаб қилишмоқда.

Австриядаги Вена университети, Британиянинг Оксфорд ва Кембриж ва Олд Коллеж олийгоҳлари ҳам ўсиб бораётган аксилисроил норозилик намойишларига қўшилмоқда.

Швейцарияда Женева ва Лозанна университетлари талабалари Фаластинни қўллаб-қувватлаб митинг ўтказишган.

Нидерландия пойтахти Амстердамдаги университетда ўтказилган шундай намойишларни полиция куч ишлатиб тарқатиб юборган. Америкадаги Жорж Вашингтон университетида эса полиция Фаластин тарафдорлари бўлган талабаларнинг лагерини штурм билан эгаллаган.

Кампуслардаги норозилик намойишлари бутун дунё бўйлаб ўрмон ёнғини янглиғ тарқалаётгани қайд этилмоқда.

Украинадан янгиликлар

Германия АҚШнинг захираларидан учта HIMARS қурилмаларини харид қилади ва уни Украинага топширади. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус маълум қилган.

Чехия ташаббуси билан Украина учун учинчи давлатларда харид қилинган миллион снаярднинг дастлабки 180 мингтаси июн ойида етказилади. Бу ҳақда Чехия президенти Петр Павел таъкидлаб ўтган.

Украина қурол-яроғ саноатини қайтадан ишга тушириш учун махфий ерости заводлари тармоғини яратади, деб ёзмоқда El Mundo нашри. Бундан кўзланган мақсад — заводлар Россия ракеталари нишони бўлишининг олдини олиш. Бунда айрим заводлар ер остида фаолият кўрсатади, айримлари эса турли декорациялар билан маскировка қилинади.

Украинага оид яна бир қўшимча маълумот: Россия Ички ишлар вазирлиги ўз маълумотлар базасидан Украинанинг собиқ ва амалдаги президентлари Порошенко ва Зеленский қидирувга берилгани тўғрисидаги маълумотни ўчириб ташлади.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийни Буюк Британияга элчи қилиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади ва уни саломатлиги туфайли ҳарбий хизматдан ҳам бўшатган. Феврал ойида Залежний ўрнига Олександр Сирский бош қўмондон этиб тайинланганди.

Украина қуролли кучлари офицерлари келаётган ёз фаслида Россиянинг кенг кўламли олдинга силжиши натижасида фронт чизиғи таназзулга учраши мумкинлигидан ташвишларини билдиришган, деб ёзади Politico нашри.

Олий мартабали украиналик ҳарбийлар ўз номини сир сақлаган ҳолда маълум қилишларича, бунга сабаб Россия армияси қўмондонлиги улкан йўқотишларга тайёр, украиналик аскарларнинг жанговар руҳияти ва қатъияти сусайган. Собиқ бош қўмондон вазиятни ўнглаш учун Украина армиясига камида 500 минг қўшимча ҳарбий хизматчилар кераклигини таъкидлаган эди.

Арманистондаги норозилик намойишлари

Арманистон пойтахти Ереван шаҳри марказида Озорбойжонга ҳудудларни ён беришга қарши митингга бир неча минг одам тўпланган. Улар бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфога чиқишини талаб қилган.

Арманистон мухолифати Пашинянга қарши импичмент жараёни ишга туширилганини эълон қилган. Мақсад Арманистон парламенти — Миллий йиғинда Пашинянга ишончсизлик вотуми эълон қилишга эришиш.

Бу ҳақда Еревандаги митингга бошчилик қилаётган Тавуш епархияси раҳбари, архиепископ Баграт Галстанян таъкидлаб ўтган. Арманларнинг норозилигига сабаб Тавуш областидаги тўртта қишлоқ чегараларни аниқлаштириш жараёнида Озарбойжонга қайтариб берилгани бўлган.

Мухолифат россияпараст собиқ президент Робер Кочарянни бош вазир қилишга бел боғлаган.

Дарвоқе, Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг музокараларидан сўнг Россия чегарачилари Арманистоннинг бир қатор ҳудудлари, жумладан Қорабоғга ёндош чегаралар ва Еревандан чиқариладиган бўлди. Бироқ улар Эрон ва Туркия чегарасида қолади.

Москвадаги ғалаба паради

Кеча Москвада Иккинчи жаҳон урушида совет қўшинларининг фашизм устидан қозонилган ғалабасининг 79 йиллигига бағишланган, сўнгги 30 йилда анъана тарзига кирган ҳарбий паради ўтказилди. Ҳар йилгидан камтарроқ ўтган парадда 9 минг аскар, улардан минг нафари Украинадаги уруш қатнашчилари ва 75 та ҳарбий техника иштирок этди.

Парад аввалида сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушда иштирок этган аскарларни қаҳрамонлар деб атаган. Парадни томоша қилиш асносида эса Буча қамалида иштирок этган дивизия аъзоси билан ёнма-ён ўтирган.

Си Жинпинг Венгрияга борди

Хитой раҳбари Си Жинпинг ўз рафиқаси билан Будапештга учиб келди. Уни Венгрия бош вазири Виктор Орбан рафиқаси билан кутиб олди. Бу Си Жинпингнинг сўнгги беш йиллик танаффусдан сўнг Франция ва Сербиядан сўнг ташриф билан борган учинчи Европа давлати бўлди.

Хитой раҳбари Орбан билан инфратузилма лойиҳалари ҳамда Украинадаги уруш масаласини муҳокама қилган. Си Жинпинг ва Виктор орбан билан Хитой-Венгрия муносабатларини умумқамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришни келишиб олишганини эълон қилишган.

Шунингдек, Виктор Орбан Хитойнинг Украина бўйича тинчлик режасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини эълон қилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид