Жаҳон | 21:55 / 10.05.2024
51790
3 дақиқада ўқилади

Ерда сўнгги 20 йилдаги энг кучли магнит бўрони юз бериши мумкин

Сўнгги икки кун ичида Қуёшда энг юқори Х даражали олтита чақнаш содир бўлган, чақнаш фаоллиги даражаси ўн балли шкала бўйича 9,8 га яқин.

Сўнгги 20 йилдаги энг кучли магнит бўрони 10 майдан 11 майга ўтар кечаси Ерда юз бериши мумкин. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти Қуёш астрономияси лабораторияси раҳбари Сергей Богачев РИА Новости нашрига маълум қилди. 

«Сўнгги 20 йил ичида биринчи марта Ерда энг юқори бешинчи даражадаги магнит бўрони содир бўлиши мумкин. Уч кун ичида Қуёш сайёрамиз томон тўртта жуда катта плазма булутини улоқтирди. Улардан баъзилари бундан ҳам каттароқ объектга бирлашади ва бугун тунда Ернинг магнит майдонига зарба беради», деди мутахассис. 

Олимлар бўрон кучини камида G4.33 бўлишини тахмин қилмоқдалар, аммо 15 фоиз эҳтимоллик билан G5 даражага етиши мумкин, деб тушунтирди Богачев. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, сўнгги икки кун ичида Қуёшда энг юқори Х даражали олтита чақнаш содир бўлган, чақнаш фаоллиги даражаси ўн балли шкала бўйича 9,8 га яқин. Кейинги 2-3 кун ичида портловчи энергиянинг сўниши кутилмоқда. 

«Ердаги турли даражадаги кучли геомагнит бўронлар ҳафта охиригача давом этиши мумкин», деб огоҳлантирди Богачев.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ер аҳолиси қарийб экстремал G5 даражали 9 баллик геомагнит қўзғалиш таъсирида экани, бу энг кучли қўзғалишлигини таъкидлади.

30 ёшдан катта ёшли аксар қатламда: 

  • бош мия орт қисми ва пешона тиришиши;
  • артериал қон томир касалликлари;
  • апатия каби хасталиклар кузатиляпти.

7—8 баллик геомагнит бўрон қўзғалиши кун давомида кузатилиши прогноз қилинмоқда.

«Бу каби таъсирга мойил кишилар спиртли ичимликлар ичишдан тийилиши, кўп овқатланмаслик, жисмоний зўриқиш билан боғлиқ турли машқлар бажармаслик, кўпроқ дам олиши, кўпроқ сув, ялпиз-кўк чой дамларини ичиш тавсия этилади.

Ҳозирда дунёда радиоалоқа билан боғлиқ мини (балки мега) блэкаутлар кузатилаётган бўлиши керак», деган у ўз телеграм-каналида.

Мавзуга оид