Ўзбекистон | 20:11 / 11.05.2024
5261
2 дақиқада ўқилади

Қатар университетлари ўзбекистонлик талабалар учун квота ажратиши мумкин

Ўзбекистон ва Қатар таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ан-Нуаймий билан учрашди.

Суҳбат давомида Қатар университетларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар ажратиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, Қатар ва Ўзбекистон мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасида алмашинув, долзарб йўналишларда қўшма ўқув дастурлари ва илмий лойиҳалар, тадқиқотлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Қатар вазири, шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкинлигини билдирди. Қайд этилишича, Қатар Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда апрел ойида қатарлик мактаб ёшидаги болалар жамоасининг Тошкент ва Самарқандга саёҳати уюштирилган. Қатар томони ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини қайд этиш баробарида, уни доимий ва ўзаро тарзда йўлга қўйиш мумкинлигини маълум қилди.

Мулоқот чоғида ҳозирги кунда долзарб ҳисобланадиган соҳаларда қўшма илмий изланишлар ва тадқиқотлар ўтказиш таклифи ҳам Қатар томонидан қўллаб-қувватланди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Кўрфаз араб мамлакатлари ректорлари форумини ўтказиш ташаббусини ўрганиш ва ушбу соҳага оид бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Мавзуга оид