Жамият | 17:42 / 11.05.2024
17721
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда Malibu уриб юборган пиёда вафот этди

Мирзо Улуғбек туманида 20 ёшли ҳайдовчи Malibu машинасида пиёдани уриб юборди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ЙҲХБ матбуот хизмати

Мирзо Улуғбек туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 май куни соат 4:00 атрофида 20 ёшли йигит Malibu автомашинасини бошқариб кетаётиб, Мирзо Улуғбек тумани Феруза кўчаси Оқтепа лаваш биноси қаршисида 45 ёшли эркакни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Шаҳрисабзда Damas 1-синф ўқувчисини босиб кетгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид