Жаҳон | 14:22 / 11.05.2024
16640
11 дақиқада ўқилади

Уларнинг олдида Lamborghini’лар ҳам чўт эмас – Pagani дунёнинг қиммат автомобилларини тайёрлайдими?

Италияни қиммат автомобиллар ватани деб атаса ҳам бўлади. Чунки дунёга машҳур спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи компанияларнинг асосий қисми шу давлатда ташкил этилган. Улар орасида оммага унча ҳам таниш бўлмаган Pagani Automobili S.p.A. компанияси ҳам бор. Бу компания ҳар йили фақат махсус буюртма билан қиммат автомобиллар ишлаб чиқаради.

Фото: Kun.uz

Дунёда бойлар учун ҳамма нарса мужассам. Қимматбаҳо кийим-кечаклар, уйлар, шахсий яхталар ва самолётлар дегандай. Улар фақат пулини тўлашса бўлди.

Шу жумладан, асосий автокомпаниялардан фарқли ўлароқ фақат бойлар учун ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам бор.

Бундай автокомпанияларнинг айримларини, масалан Ferrari, Lamborghini, Bugatti, Rolls-Royce, Mercedes-Benz кабиларни жуда кўпчилик билади.

Фақат махсус буюртмалар билан ишловчи ва ўта қиммат машиналар ишлаб чиқарувчи Pagani Automobili компанияси ҳақида унча кўп одам эшитмаган.

Pagani Automobili S.p.A. нисбатан ёш бўлса ҳам ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компаниялари билан муносиб рақобатлашмоқда.

Бу компания асосчиси италиялик бўлмаса-да таниқли автомобиллар яратувчилари сингари унда ҳам италияликлар қони оқади.

Фото: autoleht.ee

Компания тарихи

Pagani Automobili S.p.A. компанияси асосчиси Горацио Пагани ҳисобланади. У 1955 йилда Аргентинада италиялик муҳожирлар оиласида туғилади.

Горацио ёшлигидан спорт автомобилларига қизиқади. У ўзининг биринчи автомобилини ёғочдан тайёрлаганда ҳали 15 ёшга ҳам тўлмаганди.

1976 йилда Горацио 21 ёшда эканида “Формула-3” автопойгалари учун спорт автомобили тайёрлайди. Бироқ машина учун кучли двигател топиш муаммо бўлади.

Шунда Горацио уни Renault Argentina компанияси ходимларига кўрсатиш учун мамлакат пойтахти Буэнос-Айресга олиб боради. Компания вакиллари двигател беришга рози бўлишади. Бу автомобил 1977 йилда ўтказилган пойгаларда қатнашади.

Шу жойда Горацио тайёрлаган автомобил 1950-йилларда беш марта “Формула-1” пойгаларида ғолиб чиққан аргентиналик Хуан Мануэл Фангионинг эътиборини тортади.

Горацио Пагани ва у ясаб чиққан пойга машинаси
Фото: supercarclub.natemat.pl

У 22 ёшли Горацио билан танишади ва унга Италияга бориб Ferrari, Lamborghini ёки Alfa Romeo компанияларидан бирига ишга киришни маслаҳат беради.

Шу жойда машҳур пойгачи Горациога тавсиянома ҳам ёзиб беради. У орадан беш йил ўтиб Италияга келади ва айнан Фангио ёзиб берган тавсиянома билан Lamborghini компаниясида иш бошлайди.

Lamborghini компанияси заводлари Италия марказида жойлашган ва “Моторлар водийси” деб аталган ҳудудда эди. Модена ва Болоня шаҳарлари жойлашган бу ҳудудда Lamborghini’дан ташқари дунёга машҳур Ferrari, Maserati, Alfa Romeo, Ducati ва Dallara компанияларининг ҳам заводлари бор.

“Моторлар водийси”да Misano, Modena, Riccardo Paletti деб аталувчи автодромлар жойлашган бўлиб, суперавтомобилларнинг синовлари уларда ўтказилади.

Lamborghini’да иш бошлаган Горацио аввалига унинг кузов тайёрлаш бўлимида оддий ишчи сифатида ишлайди. Кейинроқ компаниянинг композит материаллар тайёрловчи бўлимини бошқаради. Сўнг Automobili Lamborghini S.p.A бош муҳандиси бўлади.

Горацио Пагани, 2000-йилларда
Фото: iscfdem.blogspot.com

1988 йилда Горацио Pagani Composite Research компаниясини ташкил этади ва унда автомобиллар учун композит материаллар тайёрлаб Lamborghini компаниясига сота бошлайди.

Pagani Composite Research компанияси ҳанузгача ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва Ferrari ҳамда Renault каби компанияларга спорт автомобиллари учун карбондан тайёрланган деталларни етказиб бермоқда.

Шу билан бирга, Горацио Lamborghini компаниясида ишлашни давом эттиради ва бош муҳандис сифатида Lamborghini Countach, Lamborghini P140 ва Lamborghini Diablo каби қиммат автомобиллар лойиҳасида иштирок этади.

Горацио Lamborghini компанияси билан ҳамкорлик қилар экан, ҳар доим ўз автокомпаниясини очишни орзу қиларди. У ўзининг илк суперавтомобили C8 лойиҳасини 1980-йиллар охирида тайёрлайди.

Горацио аввалига C8 автомобилининг номини ўзини Италияга таклиф қилган Хуан Фангио шарафига Fangio F1 деб номлайди. 1991 йилда у Modena Design компаниясини ташкил этади ва Fangio F1 устида ишлай бошлайди.

1992 йилда Горацио Pagani Automobili S.p.A. автомобилсозлик компаниясини ташкил этади. Илк автомобил лойиҳаси устидаги ишлар давом эттирилади.

Горацио Пагани ва Хуан Фангио, 1980-йиллар иккинчи ярми

Фото: worldcarfans.com

Биринчи автомобил

1993 йилда Fangio F1 автомобили дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтади. 1994 йилда Горацио ўз лойиҳасига Хаун Фангионинг ўзини ҳам таклиф этади.

Фангио Mercedes-Benz раҳбарлари билан дўстона алоқада эди. У немис компаниясини Fangio F1 учун двигател беришга кўндиради.

Кўп ўтмай Pagani Automobili S.p.A. компанияси Mercedes-Benz билан шартнома имзолайди. Немислар Горацио ишлаб чиқарадиган спорт автомобиллари учун V12 двигателларини етказиб бериш мажбуриятини олади.

Горацио сотиш учун мўлжалланган Fangio F1 автомобилининг дастлабкисини 1995 йилда тайёрлайди. Ўша йили Хуан Фангио вафот этади. Шунда Пагани Fangio F1 номидан воз кечади ва автомобилини Pagani Zonda C12 деб номлайди.

agani Zonda C12 S
Фото: gsmnet.ru

Zonda сўзи Жанубий Америкада жойлашган Анд тоғларида эсувчи кучли шамол номи. Pagani Zonda C12 илк бор 1999 йилда Женева автосалонида намойиш этилади. Шундан сўнг бу супер автомобилга буюртмалар туша бошлайди.

1999 йилда Pagani Zonda C12 автомобилидан 5 дона тайёрланади. Унинг биттаси компания кўргазмалар залига қўйилади, қолган тўрттаси сотилади.

Pagani Zonda C12 автомобили 6 литр ҳажмли 480 от кучига эга Mercedes-Benz M120 V12 двигатели билан жиҳозланган эди. Ўша пайтда бу машинанинг энг оддийси 400 минг доллар бўлган. Мижозларнинг қўшимча талабларига қараб унинг нархи ошиб бораверган.

Ўша йилдан бошлаб компания ҳар йили 10-15 тадан Pagani Zonda C12 автомобилини тайёрлаб сотади. 2012 йилга келиб компания бу русумни ишлаб чиқаришни тўхтатади.

Pagani Zonda ZoZo
Фото: Pinterest

Кейинчалик компания фақат буюртма асосида Pagani Zonda автомобилларини тайёрлаб беришда давом этади. Бугунгача Pagani Automobili жами 209 та Pagani Zonda C12 автомобилини ишлаб чиқариб сотишга муваффақ бўлган.

Махсус буюртма билан тайёрланган автомобилларга алоҳида номлар қўйилади. Масалан, 2011 йилда тайёрлаб берилган автомобилга буюртмачининг истаги билан Pagani Zonda Rak, 2015 йилда тайёрланганига Pagani Zonda ZoZo деб ном берилган.

2009 йилда Горацио Пагани Pagani Zonda Cinque гиперкари ишлаб чиқарилишини эълон қилади. Бу автомобилдан бор-йўғи 5 дона тайёрланади.

2010 йилда Женева автосалонида Pagani Zonda Tricolore номли янги автомобил тақдимоти ўтказилади. Унинг бошланғич нархи 1,3 млн евро эди. Бу автомобилдан бирини таниқли футболчи Месси 4,8 млн долларга харид қилган.

Pagani Zonda Tricolore
Фото: roadandtrack.com

Pagani Huayra

2010 йилда Горацио Pagani Zonda C12 автомобиллари ўрнини босиш учун янги Pagani Huayra гиперкарни тайёрлайди. Бу автомобил илк бор 2011 йилда Женева автосалонида намойиш этилади.

Компания Pagani Huayra автомобилидан йилига 40 дона тайёрлашни режалаштиради. Унинг оддий варианти 1 млн долларга баҳоланарди. Бу автомобил ҳам Mercedes-Benz компаниясининг 6 литр ҳажмли 700 от кучига эга бўлган V12 двигателлари билан жиҳозланади.

Pagani Huayra автомобиллари ўшандан буён ҳанузгача тайёрланмоқда. 2016 йилда Женева автосалонида унинг янгиланган Pagani Huayra BC русуми намойиш этилади.

Pagani Huayra Tempesta
Фото: insparazzi.com

Кўп ўтмай Pagani Huayra Roadster русуми ҳам ишлаб чиқарилади. Бу автомобилдан шу пайтгача 100 дона тайёрланган ва уларнинг барчаси 2,28 млн доллардан сотилган.

Компания 2022 йилда махсус буюртма билан нархи 7 млн евро турадиган Pagani Huayra Codalunga номли автомобилни тайёрлаб беради.

Махсус русумлар

2012 йилда Женева автосалонида Pagani Automobili томонидан тайёрланган Pagani Huayra Carbon Edition ва Pagani Huayra White Edition автомобиллари намойиш этилади.

Оддий Pagani Huayra’дан фарқли равишда Pagani Huayra Carbon Edition автомобилининг кузови қора рангли углепластик материалдан тайёрланганди. Pagani Huayra White Edition эса оқ рангли эди.

Pagani Huayra White Edition
Фото: shutterstock.com

Шу автомобилнинг Pagani Huayra La Monza Lisa номи билан тайёрлангани америкалик автомобил коллекционери Крис Синх учун махсус ишлаб чиқарилганди.

Компания Pagani Huayra’ни Хитой бозорига Pagani Huayra Dinastia номи билан олиб киради. Бу автомобил кузови Хитой мифологиясидаги аждарҳо сурати билан безатилган эди.

Pagani Huayra 730S – бу русум ҳам махсус буюртма билан тайёрланган бўлиб, ундаги 730 автомобилдаги от кучининг миқдорини, S ҳарфи эса буюртма берган одамнинг фамилиясини англатади.

Бу автомобилнинг дастлабки эгаси Александро Соломон бўлган. Кейинчалик у америкалик миллиардер Феррари автомобиллари коллекционери Дэвид Лига ўтган. Дэвид автомобил номини Da Vinci деб ўзгартирган.

Pagani Huayra 730S
Фото: inautonews.com

Pagani Utopia

2022 йилда Pagani Automobili компанияси Pagani Utopia автомобилини ишлаб чиқаради. Автомобил ўша йили Миландаги Лирико театрида оммага намойиш этилади.

Бу автомобилга ҳам Mercedes-Benz компаниясининг V12 двигателлари ўрнатилади. 964 от кучига тенг бўлган бу двигателнинг оғирлиги қарийб 300 килограммни ташкил этади.

Бу русумни тайёрлаш учун Горацио Пагани 6 йил вақт сарфлаган. Компания Pagani Utopia автомобилларидан 99 дона тайёрланиб сотишни режалаштирган.

Ҳозиргача барча автомобиллар мижозларга сотиб бўлинган ва улар навбати билан етказиб берилмоқда. Биринчи автомобил 2023 йил октябр ойида буюртмачига топширилган.

Pagani Utopia
Фото: Auto-Modely.cz

Расмий маълумотларга кўра бугун Pagani Automobili S.p.A. корхоналарида ишловчилар сони 200 нафарга ҳам етмайди. Компаниянинг айланма маблағи ҳам жуда камтар – бор-йўғи 150 млн доллар атрофида.

Шундай бўлса ҳам қиммат автомобиллар бозорида Pagani’нинг ўз буюртмачилари бор. Улар Pagani автомобилларини Ferrari ва Lamborghini автомобилларидан афзал кўришади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид