Жаҳон | 20:17 / 12.05.2024
27892
13 дақиқада ўқилади

Донбасс-2014: уруш қандай бошланганди?

Роппа-роса 10 йил муқаддам Украинанинг Донецк ва Луҳанск областларининг бир қисмида «ДХР ва ЛХР мустақиллигини эълон қилиш бўйича референдумлар» ўтказилганди. Жараён қонуний кечмаган, «халқ республикалари» мустақиллигини 2022 йилга қадар БМТ аъзоси бўлган бирор давлат тан олмаганди. Шунга қарамай, референдумлар Украина шарқидаги қуролли можаро ривожида муҳим босқич бўлади. Икки ой ўтиб ДХР назоратидаги ҳудуддан учирилган ракета Малайзиянинг Boeing самолётини уриб туширади. Кейинроқ Россиянинг кенг кўламли босқинига уланиб кетган саккиз йиллик ҳарбий ҳаракатлар давомида минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмади. BBC Донбассдаги норозилик тўлқинлари ва ҳарбий қарама-қаршиликларнинг илк ойларини фотосуратлар орқали ҳикоя қилди.

Украина хавфсизлик хизматининг Луҳанскдаги биноси олдидаги оломон

2014 йилда Украина шарқидаги регионларда вазият издан чиқади ва тартибсизликлар бошланади. Президент Виктор Януковичнинг тарафдорлари йиғиладиган «антимайданлар» Россиядан келган одамлар ва пуллар билан мустаҳкамлана бошлайди. Кейинроқ, «халқ инқилоби» ниқоби остида Донецк ва Луҳанск областларининг бир қисми Киевдаги ҳокимиятга бўйсунишни тўхтатади.

Қрим «яшил одамчалар» томонидан аннексия қилингач — Кремл яриморол россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланганини дарҳол тан олмаган — Украина шарқи ва жанубидаги йирик шаҳарларда маҳаллий «антимайданлар»даги намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетади.

Донецк, Луҳанск, Харкив ва Одессани норозилик намойишлари тўлқини қамраб олади. Намойишлар тезда рус символикалари ва россияпараст шиорлар билан тўлиб кетади. Кейинроқ ушбу намойишлар иштирокчилари ва ташкилотчилари Россия уларни пул ва одамлар билан қўллаб-қувватлаганини эслашган.

Донецкдаги област прокуратураси биносидаги оломон

Тажовузкорлик даражаси ўсиб боради, Қрим эгаллаб олиниши ва у ерда ўтказилган «референдум»дан карахт ҳолатга тушган украин ҳукумати эса кўп ҳолатларда «антимайдан»ларга қарши қуролланмаган полициячилар отрядларини юборишдан бошқа чора топа олмайди.

Бир неча ҳолатларда намойишчилар милиция бошқармаси (Украина миллий полицияси 2015 йилда ташкил топган) ва прокуратура биноларини вайрон қилади, ҳудудий маъмуриятлар биноларидаги украин байроқларини олиб ташлайди.

7 апрел кунига келиб фаоллар гуруҳи «Донецк халқ республикаси» тузилганини эълон қилади. Луҳанскда худди шундай тузилма уч ҳафта ўтганидан кейин, 27 апрел куни эълон қилинади.

Словянск маъмуриятидаги қуролли одамлар

Украинадагилар Россиянинг  Донбассдаги агрессияси тарихидаги муҳим саналардан бири сифатида 12 апрелни билишади, ўшанда яхши қуролланган ўнлаб кишилар Словянскдаги маъмурий бинони эгаллаб олишганди. Кўпчилиги Россия фуқаролари ҳисобланган ва бунгача ҳам Қримдаги ҳокимият органларини эгаллаб олишда иштирок этган бу одамларга Россия ФХХ (ФСБ)нинг истеъфодаги полковниги Игор Стрелков (Гиркин) бошчилик қилади. Кейинроқ у Словянскни олишда иштирок этганини очиқчасига тан олган. «Агар бизнинг отряд чегарадан ўтмаганида, барчаси Харкив ва Одессадаги каби якунланган бўларди. Ўнлаб кишилар ўлдирилган, ёқиб юборилган, ҳибсга олинган бўларди. Ва шу билан барчаси тугарди», — деган у.

Словянскдаги баррикадалар

Аммо, Қрим эгалланганидаги каби, Россия бу сафар ҳам бўлаётган воқеаларни Украинанинг ички иши деб атаб, бу ҳолат маҳаллий аҳоли орасида норозилик авж олгани билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Словянскда шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқишда ўрнатилган баррикадаларни кўп ҳолларда фуқаролик кийимидаги одамлар қўриқлашган. Улар қаердан келгани ва чиндан ҳам маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган-бўлмаганини аниқлаш қийин эди.

Ўзини ўзи эълон қилган ДХР раҳбариятида Игор Стрелков (чапда) ва Александр Бородай ҳам бор эди

Киевдагилар бир неча ҳафта ичида Донецк ва Луҳанск областларида бир қанча шаҳарларнинг маъмуриятлари устидан назоратни йўқотади. Областлар марказларида қўшҳокимлик юзага келади. Аммо Украина ҳукумати энди Луҳанск областининг Россия билан чегара ҳудудларини назорат қилмаётганди ва ушбу ҳудуд орқали россияпараст гуруҳларга қуроллар ва жангчилар етказиб турилади.

Украина ҳарбий техникаси йўлини тўсиб чиққан тинч аҳоли вакиллари

Киевнинг ушбу ҳудудларда ҳокимиятни куч билан ўзгартиришга бўлган уринишлари муваффақиятга эришмайди — Украина қуролли кучларининг ёмон қуролланган ҳудудий қисмлари аниқ буйруқлар йўқлигидан шикоят қиларди ва кўп ҳолларда маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат «айирмачилар» ёки ўзини маҳаллий аҳоли вакиллари сифатида кўрсатган россиялик жангчилар билан тўқнашувлардан қочарди.

Донецкда Биринчи май намойиши

Май ойи бошида ўзини ўзи эълон қилган тузилмалар оммавий намойишлардан «халқ республикалари»ни қўллаб-қувватлашда фойдаланади. Икки ҳудудда ҳам овоз бериш жараёнига ҳозирлик кўрилаётганди: Донецк халқ республикаси тузилгани эълон қилинганида ҳудуднинг ўз тақдирини белгилаш бўйича референдум ўтказилиши ҳам маълум қилинганди. Апрел ойи охирида ЛХР расмийлари ҳам худди шу каби сайловларга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилади.

Сайлов қутисида символика ўзгартирилиши

Қримдаги овоз бериш жараёнида бўлгани каби бу ҳудудлардаги «референдумлар» ҳам халқаро стандартларга мутлақо жавоб бермасди: табиийки, Украина ҳукумати билан плебисцит (ўтма муҳим масалани ҳал қилишни умумхалқ овозига қўйиш) бўйича ҳеч қандай келишув йўқ эди, «республиканинг ўз тақдирини ўзи белгилаши» мухолифлари ташвиқот олиб бориши учун тенг имкониятлар тақдим этилмаган, овоз бериш жараёни хавфсизлиги таъминланмаганди: аллақачон қонлар тўкилган регионни аҳоли тарк этишни бошлаганди. «Референдум» ташкилотчиларида сайловчилар ҳақидаги долзарб маълумотлар ҳам йўқ эди.

ДХРдаги қуролли тузилмалардан бирининг жангчиси эгаллаб олинган Краматорскдаги сайлов участкасида

Лекин буларнинг ҳеч бири тўсқинлик қила олмайди: 11 май куни ўзини Донецк халқ республикаси ва Луҳанск халқ республикаси деб эълон қилган ҳудудларда овоз бериш жараёни бўлиб ўтади, унда иштирок этганлар сони ҳам, овозларни ҳисоблаш жараёни қандай кечгани ҳам мавҳумлигича қолади. Унинг натижалари Қримдаги «референдум» якунларига ўхшаш эди: ташкилотчилар ДХРда овоз берганларнинг 89 фоизи, ЛХРда эса 96 фоизи «давлат мустақиллиги» актини қўллаганини эълон қилишади.

Вайрона Донецк аэропорти 2012 йилги футбол бўйича Европа чемпионатидан олдин қайта қурилганди

6 май куни ДХРдаги айирмачилар Донецкдаги Прокофев номидаги халқаро аэропортни эгаллаш учун биринчи уринишини амалга оширади. Аэропортга ҳужум Украина шарқидаги жангларда Россиядан келган ҳарбийларнинг катта гуруҳи иштирокидаги илк ошкора ҳолат бўлиб, ҳалокатли якун топади.

Аэропортнинг ўзида ва ундан шаҳарга қайтиш йўлида ўнлаб кишилар Россиянинг «Восток» баталёни жангчиларининг «дўстона» зарбаларидан ҳалок бўлади — улар ўз жангчиларини украин бўлинмалари жангчилари билан адаштириб юборганди.

Аэропорт учун жанглар саккиз ой давом этади ва 2015 йил январида Украина ҳукумати эндиликда аэропортга бориш йўлларини ҳам назорат қилмаётганини тан олади. У буткул вайрон бўлганди.

Украина қуролли кучларининг ёниб кетган зирҳли транспортёри

2014 йил май ойи охирида тан олинмаган «халқ республикалари» Азов денгизи соҳилидан Словянск ва Краматорскка ҳамда Луҳанкс областида Россия билан чегарадан Донецк шаҳрининг ғарбий чеккаларигача бўлган ҳудудларни назорат қиларди. Бу фонда Украинанинг қолган қисмида президентлик сайловлари бўлиб ўтиб, унда Петро Порошенко ғолиб чиқади.

Словянскдаги баррикадалар

Июн ойи бошларидан Украина ҳукумати исёнкор ҳудудлар билан тўқнашув чизиғидаги кучларини кўпайтиришга киришади. Тан олинмаган республикалар билан музокаралар натижасиз тугайди ва 1 июлда, Киев томонидан эълон қилинган сулҳ муддати якунлангач, Украина қуролли кучлари Донбасснинг Украина назорат қилмаётган шаҳарларини ўққа тута бошлайди.

Словянскдаги йўлда портлатилган темирйўл кўприги

Июл ойи бошида, Россиядан қурол ва техникалар юбориб турилганига қарамай, артиллерия зарбалари ва ҳаво зарбалари оқибатида «Донбасс айирмачилари» эгаллаб олган ҳудудларини бой бера бошлайди.

Украина қўшинининг Донецкка юришини секинлаштиришга ҳаракат қилиб айирмачилар кўприкларни портлатади ҳамда далалар ва йўлларни миналаштиради.

6 июл куни россияпараст кучлар Словянскни ташлаб чиқади, шаҳарга Украина қуролли кучлари отрядлари кириб келади

Бу вақтга келиб «ДХР мудофаа вазири» бўлиб олган Игор Стрелков тан олинмаган республика қуршов хавфи остида қолганини айтиб, Словянскдан Донецкка қайтади.

«Малайзия авиайўллари»нинг уриб туширилган МН17 рейсидаги самолёти двигателларидан бири

2014 йил 17 июлда Грабово қишлоғи яқинида йўловчи авиалайнер парчалари ҳамда 298 кишининг жасадлари қулайди — улар «Малайзия авиайўллари»нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилган МН17 рейси йўловчилари ва экипаж аъзолари эди.

ДХР ҳарбийларининг Стрелков ҳамда Россиядан бўлган қандайдир куратор билан тингланган телефон мулоқотлари кўрсатадики, илк дақиқаларда айирмачилар украинларнинг ҳарбий самолётига зарба берилганига амин бўлишган. Мустақил тадқиқотлар «Боинг»га бир неча соат олдин Россиядан етказиб берилган «Бук» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали зарба йўлланганини аниқлаган.

МН17 ҳалокати дунёда фуқаролик авиалайнери ҳарбий восита орқали йўқ қилиниши билан боғлиқ энг йирик ҳодисага айланади.

Уриб туширилган авиалайнер парчалари устидаги гуллар

Россия ушбу ҳалокатга алоқадорлигини рад этган ва ҳозирга қадар тан олмайди. Бир неча йиллик текширувлардан кейин Нидерландиядаги суд «Боинг»га келиб теккан ракета ДХР ҳудудидан, базаси Курскда бўлган 53-зенит ракета бригадасига тегишли «Бук»дан учирилганини, у ҳалокат куни ракета учирилган жойга олиб келингани ва кейинги кун тонгда у ердан олиб кетилганини тасдиқлайди.

2022 йил ноябрда Нидерландиядаги суд Игор Стрелков, шунингдек Сергей Дубинский ва Леонид Харченкони фуқаролик авиалайнерига ҳужум қилиш ва бортда бўлган барчани ўлдиришда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади. Россия бош разведка бошқармаси (ГРУ) собиқ ходими бўлган Дубинский 2014 йилда ДХР разведкаси раҳбари бўлган, Украина фуқароси Харченко эса унинг қўлида ишлаган.

Украина зирҳли техникалари Дебалцево чеккаларида, Донецк области

Июл ойи давомида ва август ойи бошида украин армияси ДХР ва ЛХР кучларини чекинтиришда давом этиб, Донецк шаҳрига шимол ва ғарбдан яқинлашиб келади. Август ойи бошига келиб россияпараст кучлар назорат қилаётган ҳудудлар қуролли қарама-қаршилик бошланган апрел–май ойлари билан солиштирганда тўрт баробарга қисқариб кетади.

Россия ҳарбий техникаси Каменск-Шахтинский шоссесида, Ростов области

Донбассдаги айирмачи кучлар батамом тор-мор этилишидан хавфсираган Москва мунтазам армия қисмларини ёрдамга юборади. Натижада украин армиясининг катта отряди Донецкдан жануби-шарқдаги Иловайскда қуршовга тушиб қолиб, яксон этилади.

Бу мағлубият украин ҳукуматини ДХР ва ЛХР билан музокаралар бошлашга мажбур этади, музокаралар Минскда тинчлик келишувлари тузилиши билан якунланади. Украинадаги можаро сўна бошлайди. Россия айирмачи тузилмаларни қурол ва жангчилар билан таъминлаб турганини рад этган ҳолда воситачи ролида қолишга муваффақ бўлади.

Дружковка, Донецк области, 2014 йил август

Ўшанда ҳеч ким, жумладан Донецк областидаги Дружковка посёлкаси аҳолиси ҳам бу жой саккиз йил давомида ҳеч ким тан олмаган «республика» ва Украина ўртасидаги тўқнашув чизиғида қолишини билмас эди. Ҳозирда Дружковка Украинага кенг кўламли босқиннинг учинчи йилида Украина қуролли кучлари позицияларига ҳужум қилаётган Россия армияси томонидан тинимсиз равишда ўққа тутилмоқда.

Дружковка, 2022 йил август. Россия ракетаси вайрон қилган мактаб

БМТ баҳоларига кўра, 2014 йил баҳоридан 2021 йил охирига қадар Украина шарқидаги уруш 13 200-13 400 киши ҳаётига зомин бўлган. Улар орасида — 4 200 нафари украин ҳарбийлари, 5 800 нафари ДХР, ЛХР ва РФ қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, 3 390 нафари эса можаронинг икки томонидаги тинч аҳоли вакиллари бўлишган.

Мавзуга оид