Ўзбекистон | 17:29 / 12.05.2024
9513
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида ЙТҲ содир этиб одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга ҳукм ўқилди

Ҳайдовчилардан бири 4 йилга, бошқаси 2 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Фото: Видеодан кадр Sevimli TV

Фарғона вилояти Бешариқ туманида одамлар ўлимига сабаб бўлган икки нафар ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 10 декабр куни Бешариқ туманида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тадбирига борган фуқарони Яйпан-Рапқон йўналишида ҳаракатланаётган “Дамас” машинаси уриб юборган.

Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этади.

Ўтказилган суд авто-техник экспертиза текширувларида ҳайдовчи пиёда йўлнинг ўртасида турганини 20 метр узоқликдан кўрган бўлса ҳам “Дамас”ни ўз вақтида тўхтатиб қолиб, ҳодисанинг олдини олиши мумкин эди, деб топади.

Яқинда ўтказилган суд мажлисида марҳумнинг вакили ҳайдовчидан моддий ва маънавий зарар олмаслигини ҳамда унга қонуний чора кўрилишини сўрайди.

Суд ҳайдовчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топади. Уни барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлайди.

Яна бир ҳолатда Бешариқ-Навкат йўналишида ҳаракатланиб келаётган “ЗИЛ” юк машинаси йўлнинг чап томонига бурилаётиб “Матиз” машинасини ўтказиб юбормайди ва ЙТҲ содир этади.

Оқибатда “Матиз” машинасида бўлган уч киши тан жароҳатлари олади. Бир киши воқеа жойида вафот этади.

Суд “ЗИЛ” ҳайдовчисини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топган. “ЗИЛ” ҳайдовчиси марҳумнинг дафн маросими ва “Матиз”ни таъмирлаш учун 128 млн сўм тўлб бергани ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган.

Суд “ЗИЛ” ҳайдовчисини 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда унга 2 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини берган.

Мавзуга оид