Жаҳон | 14:25 / 13.05.2024
8459
5 дақиқада ўқилади

Белгороддаги уйда даҳшатли портлаш. Асосий маълумотлар

Белгородда вайроналар остида ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етди. РФ мудофаа вазирлиги версиясига кўра, уйга украинларнинг уриб туширилган ракетаси парчалари тушган. Киевдагилар ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.

Фото: Sputnik / Profimedia

Россия ФВВ Белгороддаги ўн қаватли уйнинг подъезди харобалари остидан 15 кишининг жасади чиқариб олингани ҳақида хабар берди. 13 май тонгига келиб Белгородда қидирув-қутқарув амалиёти ва харобалар тозалаш ишлари якунланган.

«Қутқарувчилар 17 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди. Афсуски, 15 киши ҳалок бўлган, улар харобалар остидан чиқариб олинган», — дейилади вазирлик хабарида.

Бундан олдинроқ қутқарувчилар қурбонлар орасида икки нафар бола ҳам борлигини хабар қилишганди.

Област губернатори Вячеслав Гладков ўз телеграм-каналида уйда яшовчиларнинг барчаси кўчирилгани ҳақида маълум қилган.

«Уларнинг бир қисми қариндошлариникига йўл олишган, қолгани отишмалардан хавфсиз бўлган ҳудуддаги вақтинча жойлаштириш марказига олиб борилган. Тиббиёт ходимлари ва психологлар ишламоқда», — деган Гладков.

Губернатор якшанба тонгида област маркази ва атрофдаги ҳудудлар Украина томонидан ёппасига ўққа тутилгани ҳақида ёзганди.

Унинг сўзларига кўра, снарядлардан бири кўп квартирали турар жойга келиб тушган ва жиддий вайронгарчиликка сабаб бўлган.

Россия мудофаа вазирлиги эса Белгороддаги турар жой уриб туширилган «Точка-У» ракеталаридан бирининг парчалари тушиши оқибатида шикастланганини маълум қилган.

Россия ахборот агентликлари оператив хизматларга таянган ҳолда портлаш оқибатида деярли бутун уй шикастланганини ёзишган — Шчорса кўчасидаги ўн қаватли панелли бинода 16 квартира йўқ бўлиб кетган.

Қулаш жойи иккинчи қаватга тўғри келган. ТАСС маълумотига кўра, уйда жами 8 подъездда 502 квартира бўлган.

Белгород якшанба куни такрорий ўққа тутилиши оқибатида яна тўрт киши ҳалок бўлган ва беш киши яраланган. Шу тариқа бир кунлик қурбонлар сони 19 нафарга етган.

Уй қулаши оқибатида жароҳатланганлар тўғрисида нималар маълум?

Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Белгороддаги кўп қаватли уй подъезди қулаши ва қутқарув ишлари вақтида том қулаши оқибатида жами 27 киши жароҳатланган, улар федерал клиникага ётқизилган.

Губернатор Гладков фуқаролардан шикастланган уй атрофида тўпланмасликни сўраб, бу ерда туриш хавфли эканидан огоҳлантирган.

Фавқулодда хизматлар бинонинг темир бетон конструкцияси қулашда давом этиши мумкинлигини истисно этмаган.

Гладковнинг хабарига кўра, жабрланганлар орасида бир ярим ойлик чақалоқ ҳам бор.

Шунингдек, област клиник шифохонасининг болалар жонлантириш бўлимига 16 ёшли ўсмир ётқизилган.

Ҳодиса бўйича қандай версиялар бор?

Россия мудофаа вазирлиги якшанба куни Украина қуролли кучлари Белгородни «Точка-У» ракеталари ва баравар ўт очиш реактив тизимлари снарядлари билан ўққа тутганини маълум қилган.

Россиянинг турли идоралари вакиллари портлаш ҳамда унинг ортидан уй подъезди қулаши сабаблари бўйича турли версияларни билдирган.

Россия мудофаа вазирлиги Белгороддаги турар жой Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширган ракета парчалари тушишидан шикастланганини тасдиқлаган.

Губернатор Гладков эса аввалига уйга снаряд тўғридан тўғри келиб урилганини айтганди. Теракт бўйича жиноий иш қўзғатган Россия тергов қўмитаси баёнотида ҳам шу ҳақда айтилган.

Украина томони ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уй қулаши борасида бошқа версиялар ҳам янграган. Улар орасида — уй ичкаридан портлатилгани ёки Россия бомбардимончи самолётидан авиация ўқ-дориси «режадан ташқари тушиб кетиши» (бундай ҳолат аввал бир неча бор кузатилганди) ҳақидаги тахминлар ҳам бор.

Маҳаллий расмийларга кўра, якшанба куни Белгород шаҳри ва атрофдаги ҳудудлар аҳолисини огоҳлантирувчи ракета хавфи тўғрисидаги сиреналар бир неча бор ишлаганди.

Чегара ҳудудларда вазият кескинлашуви

Белгород шаҳри ва област бунгача ҳам кўп бор ракета зарбаларидан жабрланганди.

Гладковнинг маълумотига кўра, бундай ҳужумлар оқибатида 85 та кўп квартирали уйларда 300 дан ортиқ квартира шикастланган. Бир кун олдинги ҳужумда бир киши ҳалок бўлиб, 29 киши яраланганди. Кейинроқ губернатор жароҳатланганлардан 17 нафари ҳамон шифохоналарда қолаётганини билдирди.

Гладковнинг сўзларига кўра, улар орасидаги икки аёл ўта оғир аҳволда.

Россия мудофаа вазирлиги тасдиқлашича, якшанбага ўтар кечаси Белгород области ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «Точка-У» русумли иккита оператив-тактик ракетани уриб туширганди. Россиянинг яна учта региони узра дронлар ҳужуми қайтарилган.

Брянск области устида учта дрон уриб туширилган, яна иккитаси — Липецк ҳудудида. ФВВнинг Липецк области бўйича бошқармаси тунда ҳаво ҳужуми хавфидан огоҳлантирганди.

Ўз навбатида, Украина мудофаа вазирлиги ҳафт охирида Россия қўшини Харкив области шимолида мудофаа линиясини ёриб ўтиш учун юриш бошлаганини маълум қилган.

Мавзуга оид