Ўзбекистон | 08:35 / 13.05.2024
4132
2 дақиқада ўқилади

«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод тегишли ҳудуддаги кўчалар, кўп квартирали уйлардан доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сони камида ўн фоизи киритган таклиф асосида кўрсатилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокама порталида «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси 6 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб (амалдаги қонунда 5 та боб ва 35 та модда), унда қуйидаги асосий янгиликлар назарда тутилмоқда:

1) фуқаролар йиғини раиси сайловини умумий, тенг, тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш белгиланмоқда;
2) сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этувчи кузатувчиларнинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда;
3) фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод тегишли ҳудуддаги кўчалар, кўп квартирали уйлардан доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн фоизи киритган таклиф асосида кўрсатилиши назарда тутилмоқда;
4) фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳнинг миқдор таркиби ҳамда ваколатлари аниқлаштирилмоқда, хусусан, овоз бериш биноларини жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти ишчи гуруҳ зиммасига юклатилмоқда;
5) фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзоднинг сайловолди ташвиқоти олиб бориш учун ишончли вакилга эга бўлиш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг сайловдаги ўрни ҳамда такрорий овоз беришни ўтказиш ва бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказишнинг аниқ тартиби ва муддатлари белгиланмоқда.

Мавзуга оид