Ўзбекистон | 18:42 / 13.05.2024
4912
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда педофиллар реестри юритиладими? Бош прокуратура прокурори жавоб берди

Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродовага кўра, Ўзбекистонда болаларга жинсий ёки соғлиги билан боғлиқ бўлган зўравонлик ҳолатларини содир этиб, жавобгарликка тортилган шахслар болалар билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. ИИВ томонидан бундай тоифадаги шахслар рўйхати тузилиб, реестри юритилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат вазирлиги билан интеграция қилинади. Ҳозирда бу тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган.

АОКАда Бош прокуратура мутасаддилари иштирокида вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Kun.uz журналисти мутасаддиларга бир неча савол билан юзланди.

Kun.uz журналистининг Ўзбекистонда педофиллар реестри юритилиши режалаштирилаётгани ёки йўқлиги борасидаги саволига Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова жавоб қайтарди. Унга кўра, ҳозирда бундай тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган.

“Қозоғистонда педофиллар рўйхати юритилади, бу тизим бор. Ўзбекистоннинг бирор бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатида “педофил” деган термин белгиланмаган. Педофилия — касаллик, экспертлар айнан педофилия касаллиги тўғрисида ташхис қўйиши керак. Қандай ҳолатлар педофилия деб баҳоланиши тўғрисида бирор бир тартиб мавжуд эмас бизда.

Лекин 2023 йил апрел ойида хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун қабул қилинган. Мазкур қонун билан бевосита «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига ўзгартириш киритилди. Яъни айнан болага нисбатан жинсий ёки соғлиги билан боғлиқ зўравонликларни содир этиб, жавобгар бўлган шахс унга нисбатан мазкур тоифадаги ишлар тугатилган, амнистия акти қўлланишидан қатъи назар бола билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлигида ишлар олиб бориляпти, тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилган. ИИВ томонидан бундай тоифадаги шахслар рўйхати тузилиб, реестри юритилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат вазирлиги билан интеграция қилинади.

2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Бола ҳимояси” ягона электрон дастурий мониторинг тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Мазкур қарор лойиҳасида Ўзбекистонда «Бола ҳимояси» мониторинг тизимини жорий этиш назарда тутилганди. Бироқ мазкур тизимнинг тақдири ҳозирча номаълум.

Лайло Файзимуродова журналистнинг бу борадаги саволига ҳам тўхталиб ўтди.

«Бу бўйича Бош прокуратура томонидан платформа ишлаб чиқилган. ҳукумат қарорига биноан бу платформани юритиш Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилган. Бунинг асосий сабаби, ўша платформа яратилган вақтда васийлик ва ҳомийлик органи таълим тизими қошида бўлган. Шунинг учун ҳам Бош прокуратура таркибида эмас, айнан ўша тизимда жорий этиш таклиф этилган. Тўхтаб қолганига сабаб васийлик ва ҳомийлик тизими маҳаллий ҳокимиятлар тизимига ўтказилди, ҳозирда эса Ижтимоий химоя агентлигига ўтиб кетди. Бу жараёнларда ушбу платформанинг қайта ишлаши, қайтадан кўриб чиқиш, қайси вазирлик, агентлик тизимида бўлиши масаласи бор. Бу Ижтимоий ҳимоя агентлигига боғлиқ масала», дея таъкидлаган Бош прокуратура катта прокурори.

Матбуот анжуманида прокуратура органлари томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот ҳам берилди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид