Украина Вовчанск учун жангларда Россия тактик муваффақиятга эришганини маълум қилди
Украина Қуролли кучлари Бош штабига кўра, Харкив йўналишидаги вазият мураккаб ва динамик равишда ўзгариб бормоқда. Унинг маълумотларига қараганда, россияликлар Вовчанскка ҳужум қилиш учун муҳим кучларни жалб этган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Харкив йўналишида чегарадаги Вовчанск шаҳри учун олиб борилган жангларда тактик муваффақиятга эришган. «Душман шаҳарга ҳужум қилиш учун бештагача батальондан иборат кўп сонли кучларни жойлаштирди ва йўқотишларни ҳисобга олмаяпти», — дея маълум қилди Украина Бош штаби 13 май, душанбага ўтар кечаси. Унга кўра, сўнгги 24 соат ичида биргина шу йўналишда 100 дан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлган.
Баёнотда, шунингдек, Харкив йўналишидаги оператив вазият ҳали ҳам мураккаблиги ва динамик равишда ўзгариб бораётгани, Пилная - Лукянци, Пилная - Глубокое, Пилная - Олейниково ва Муром - Бугруватка йўналишларида жанглар кетаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, руслар Стрелечя - Глубокое, Олейниково - Глубокое, Олейниково - Лукянци, Муром - Старица ҳамда Плетеневка - Тихое йўналишларида ҳужум операцияларини ўтказмоқда.
Россия Харкив вилоятидаги бир қанча аҳоли пунктларини эгаллаб олди
Сўнгги кунларда Россия Мудофаа вазирлиги Россия армиясининг «Север» гуруҳи бўлинмалари Харкив вилояти Россия билан чегарадош бир неча аҳоли пунктларини эгаллаб олгани ҳақида хабар берди. Улар орасида Волчанск шимолидаги Плетеневка ва Гатишче, шунингдек, Борисовка, Огурцово, Пилная ва Стрелечя бор.
Аввалроқ Украинанинг Deep State Telegram-канали «Харкив вилоятидаги чегара аҳоли пунктлари, хусусан, Вовчанск шаҳри турли хил воситалар билан кучли ўққа тутилгани» ҳақида хабар берган эди. Ўз навбатида, Reuters агентлиги 10 май куни Украинанинг юқори мартабали ҳарбий амалдорига таяниб, Россия армияси Вовчанск ҳудудида тахминан 1 км илгарилаб кетгани ва Россия Қуролли кучларининг мақсади душманни 10 км орқага суриб ташлаш эканини ёзган. 10 май куни Украина ОАВ Вовчанск шаҳар ҳарбий маъмурияти раиси Тамаз Гамбарашвилига таяниб, «Харкив вилоятининг Вовчанск шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларидан аҳоли эвакуация қилинаётгани» ҳақида ёзди.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Киевдаги матбуот анжуманида россияликлар «янги ҳужум тўлқинини» бошлаганини маълум қилди. Украина Мудофаа вазирлиги Россия армиясининг Харкив вилояти чегарасида ҳаракатлари фаоллашгани муносабати билан Украина Қуролли кучлари захира бўлинмалари фронт ушбу қисмига юборилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
08:37
Сибига: УҚК қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
01:00
Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади
22:02 / 18.11.2024
Украина узоқ масофага учадиган ракеталар учун рухсат олди: энди нима бўлади?
21:08 / 18.11.2024