Жаҳон | 10:30 / 14.05.2024
4751
3 дақиқада ўқилади

Берлин НАТОнинг Украина осмонини ҳимоя қилишдаги иштирокига қарши

Германия федерал ҳукумати аввалроқ ҳукмрон коалиция ва мухолифатнинг бир қанча сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватланган Украина билан чегарадаги НАТО мамлакатларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланиш ғоясини рад этди.

Фото: Wikipedia

Германия ҳукумати НАТОнинг Украина ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишда иштирок этиши ҳақидаги таклифларни рад этди. Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт 13 май, душанба куни Украина осмонини ҳимоя қилиш учун алянс ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланиш имкониятини рад этди, бунга аввалроқ ҳукмрон коалиция ва мухолифат сиёсатчилари ижобий позицияда қараган эди.

Шу билан бирга, Хебештрайт Украинада парвозларни тақиқловчи зоналар ҳақидаги олдинги муҳокамаларга ишора қилди, у эса бошқа нарсалар қатори Ғарб давлатлари томонидан амалга оширилади. Ҳозирда ўз кучида қолаётган ушбу вариантга қарши мулоҳазалар билдирилди, деди у.

Федерал ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, айни дамда гап Украина ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда. Германия бу йўналишда чора-тадбирлар кўрмоқда ва Киевга яна бир Patriot мажмуаси етказиб бермоқда, деди у. 

FAZ: Германияда НАТО иштирокида Украина осмонини ҳимоя қилиш ғояси билдирилди 

Аввалроқ Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси ҳукмрон Озод демократик партия (ОДП) ва «Иттифоқ 90»/«яшиллар», шунингдек, мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) вакиллари НАТО давлатлари Украинага бир қисмини ҳимоя қилишда ёрдам беришини истисно қилмаётгани ҳақида ёзган эди. Бунда алянснинг шарқий чегараларида, хусусан Полша ёки Руминияда жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайди улар. 

Россия дронларини шу тарзда тутиб олиш ғояси Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) эксперти Нико Ланге ва НАТО бош котибининг собиқ ёрдамчиси, генерал-лейтенант Хорст-Хайнрих Браусга тегишли, деб ёзади нашр. Лангенинг сўзларига кўра, бу Украина чегарасида 70 кмгача бўлган хавфсиз ҳудудни таъминлаш имконини беради. Ва бу, ўз навбатида, фронтнинг бошқа тармоқларида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари юкини енгиллаштиришга ёрдам беради.

Бу ғояни «яшиллар» партиясидан Антон Хофрейтер ва Агнешка Бруггер, ОДПдан ҳамда мухолифатдаги ХДИдан бундестаг аъзолари Маркус Фабер ва Родерих Кизеветтер қўллаб-қувватлади, деб таъкидлайди FAZ. 

Мавзуга оид