Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Янги Тошкентда экологик тоза шаҳар қурмоқчимиз” – янги шаҳар қандай кўринишда бўлади?
Тошкентнинг 20 минг гектарлик биқинида қандай шаҳар барпо қилинади? Унинг меъморий қиёфаси-чи? Ҳудуднинг яшиллик даражаси қанча бўлиши режа қилинмоқда? Янги Тошкентни қуриш бўйича масъул дирекция вакили Саидазим Шарипов шу каби саволларга жавоб берди. Унинг айтишича, янги Тошкентнинг 23 фоизи умумий фойдаланиши мумкин бўлган яшил майдонлар учун ажратилади. Бунга ОТМда бўладиган 50 фоизлик яшиллик киритилмаган.
Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бош режаси доирасида “Янги Тошкент” концепциясини амалга ошириш кўзда тутилган. 2023 йил март ойида давлат раҳбари лойиҳа қурилишига тамал тошини ҳам қўйиб берганди. Шундан сўнг янги шаҳар Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо қилиниши, у 20 минг гектарлик ҳудудни эгаллаши маълум қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги янги Тошкент дирекциясининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Саидазим Шарипов Gazeta.uzʼга берган интервюсида янги Тошкент лойиҳасига оид батафсил маълумотлар билан бўлишган.
Янги Тошкент ҳудуди қаерда жойлашади?
Шариповнинг таъкидлашича, янги Тошкент пойтахтнинг шарқий қисмига туташган бўлади. Тошкентнинг шарқий чегараси эса 4P12 автомагистрали билан белгиланади.
“Шимолий чегара Янгибозор шаҳрининг қуйи чегараларида тугайди. Шарқий чегараси Қорасув дарёси бўйлаб ўтади. Жанубда шаҳар тахминан Тошкент тугайдиган жойда тугайди”, – дейди у.
Расмий вакил ҳозирги кунга қадар 20 минг гектарнинг қанчаси учун қурилиш режаси ишлаб чиқилгани ва сотувга қўйилган лотларни ҳам очиқлаган.
“Президентга 20 минг гектарнинг Тошкент томонига туташ ҳудуди билан яна 5 минг гектарнинг умумий концепциясини кўрсатдик. Ҳозир 6 минг гектар майдоннинг биринчи босқич бош режасини ишлаб чиқдик. Ушбу 6000 гектар майдон ичида биз 1000 гектарни батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Яъни бу йил сотиладиган участкалар 1000 гектар ичида бўлади”, – дейди Шарипов.
Gazeta.uzʼнинг ёзишича, 13 май ҳолатига иккита лот аллақачон сотувга қўйиб бўлинган. Kun.uz мазкур интервюдан айрим қисмларни ўзбек тилига ўгирди.
Шаҳарни режалаштириш қандай кўринишда бўлади?
Тошкент – жуда уникал шаҳар. Унда шаҳарсозлик тарихида мавжуд бўлган барча турларни учратиш мумкин. Шаҳарнинг марказий қисми радиусли бўлиб, асосан ўқсимон магистрал кўчалардан иборат, бошқа қисмлари эса тўр кўринишида. Ҳозирги ҳудудда совет маҳаллалари, микрорайонлар ва тарихий маҳаллалар бор.
Тошкент ва халқаро тажрибани ўрганиб, асосий кўчалари диагонал тартибда бўлган тармоқ схемаси бугунги кунда шаҳар ҳудудини ташкил этишнинг энг самарали йўли деб айтиш мумкин.
Барча cхемалар аслида қулай ҳаракатланиш учун яратилган. Мисол учун, радиал схема милоддан аввалги II асрдан бери маълум. Лекин XV-XVIII асрлардан машҳур бўлишни бошлади. Асосий шаҳарлар айнан шу тартиб билан қурилган. Бу шакл совет шаҳарларини қуриш билан давом эттирилди.
Аммо муаммо шундаки, радиал шаҳар пиёдалар учун қулай бўлиб, инсонга зарур бўлган барча асосий вазифалари шаҳар марказида бўлади, марказ атрофида эса турар жой бинолари жойлашади. Радиал режалаштириш мафкураси шундан иборатки, ҳар бир инсон ўзига керакли хизматларни энг қисқа вақт ичида олиши мумкин.
Саноат инқилобидан кейин шаҳарни режалаштирувчилар моторли транспорт воситаларининг ҳаракатланишини осонлаштириш учун тўр кўринишидаги схемаларини яратишга киришди. Кейин шаҳарларни режалаштиришнинг тўрли-диагонал шакли ривожлана бошлади. Қизиқарли мисоллар қаторига Барселона ва Вашингтон шаҳрини айтиш мумкин. У ерда тўр шакли диагонал кўчалар орқали кесилади, шунда сиз нафақат чорраҳаларда чапга ва ўнгга бурилишингиз, балки диагонал бўйлаб ҳам ҳаракат қилишингиз мумкин. Бу шаклларни ўрганар эканмиз, биз уларни бирлаштиришимиз керак деган хулосага келдик. Аммо биз тўрли шаклни асос қилиб оламиз.
Экологик ҳудудлар, пиёдалар ва велосипед инфратузилмани шакллантириш учун биз ўзида жамоат боғлари, қирғоқлар, велосипед ва пиёдалар йўлакларини бирлаштирган органик асосни яратамиз. Бир неча ўн йиллар давомида шаклланган маҳаллаларни ҳам Янги Тошкент ҳудудида сақлаб қоламиз. Биз уларни умумий концепциямизга бирлаштирмоқчимиз. Шаҳарнинг айрим жойларида бизнинг ҳудудимизда шаклланган тарихий маҳаллаларга алоҳида урғу берамиз. Биз нусха кўчиришни режалаштирмаяпмиз, аммо биз тарихий шаҳар замонавий версияда [бўлиши мумкинлигини] эслатмоқчимиз.
Янги Тошкентнинг архитектура қиёфаси қандай бўлади?
Архитектура услублари биноларнинг вазифаси, жойлашуви ва турларига қараб фарқланади. Биз янги Тошкент архитектурасини XXI аср замонавий ўзбек меъморчилиги сифатида кўряпмиз. Бу замонавий архитектура бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон меъморчилигининг бой тарихига ишора қилади. Бу бир неча асрлар давомида шаклланган ва минтақанинг иқлимий хусусиятларини ҳисобга олган замонавий материаллар, анъанавий ёндашувлар ҳамда элементларнинг синтезидир. Биз ана шу асосий элементларни бирлаштириб, Ўзбекистоннинг замонавий архитектурасини яратмоқчимиз.
Архитектура ва шаҳарсозликда жамоат ҳамда шахсий ҳудудлар, шунингдек, semi-private (ярим шахсий), semi-public (ярим жамоат) деб таърифланадиган тушунчалар мавжуд.

Ҳаммаси бўлиб 4 та тоифа бор:
- жамоат – кўча;
- яримжамоат – ҳар бир киши фақат савдо маркази орқали кириши мумкин бўлган савдо ҳудудлари;
- шахсий – хусусий ҳудудлар;
- яримшахсий – масалан, фақат талабалар ва ўқитувчилар фойдаланиши мумкин бўлган ОТМ.
Агар анъанавий ўзбек меъморчилиги ҳақида гапирадиган бўлсак, унда асосан шахсий ва яримшахсий макон турларидан фойдаланилган. Бу – бизнинг минтақамизнинг ўзига хослиги. Бу дин, менталитет ва табиийки, иссиқ иқлим билан боғлиқ. Гап асосан микроиқлимни сақлаб қолиш учун ихчам ҳовлилар ҳақида кетмоқда. Бундай ҳовлилар қанчалик кенгайса, салқин ҳароратни сақлаш имконияти шунчалик камаяди.
Шаҳар юқорига қараб ўсса ва замонавий қурилиш материаллари, технология имкониятлари билан ҳудудни кенгайтирсак, унинг шахсий ҳудуд хусусиятини бой берамиз. Бу – жуда фалсафий мавзу, бу борада чуқурлашишни истамайман. Аммо саволингизга қисқача жавоб бериш учун қуйидагиларни айтаман.
Биз янги Тошкентда экологик тоза шаҳар қурмоқчимиз. Гап нафақат яшил шаҳар ҳақида, балки замонавий материаллар, замонавий қурилиш усулларидан фойдаланган ҳолда ҳовлилар қурмасдан туриб ҳам микроиқлим, очиқ микроҳудудлар, шахсий макон яратиш ҳақида кетмоқда. Табиийки, биз ҳамма жойда очиқ жойлар ёки ёпиқ ҳудудлар қилишни хоҳламаймиз. Бу бинолар вазифасига кўра аралаш ҳудудлар бўлади.

Янги Тошкент яшил шаҳар бўладими?
Лойиҳамизга кўра, янги Тошкент ҳудудининг 23 фоизи умумий фойдаланиши мумкин бўлган яшил майдонлар учун ажратилади. Бундан ташқари, бизда муассасаларга ўз майдонининг бир қисмини дарахт экиш учун ажратиш талаблари қўйилган.
Масалан, университет ҳудудининг 50 фоизи яшил майдонлар яратиш учун ажратилишини талаб қиламиз ва бу кўрсатилган 23%га киритилмаган, чунки университет ҳудуди яримжамоат жойи бўлиб, унинг ҳудуди ҳамма учун ҳам очиқ бўлмайди. Шахсий ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда, яшил майдонлар сезиларли даражада 23% дан ошади.
Одамлар кўчага чиқиши, сайр қилиши ва дам олиши учун қулайлик яратиш мақсадида сокин жамоат боғи қуришни бошладик. Бу бутун янги Тошкент асосий яшиллигининг бир қисми. Боғларда сунъий канал ва турли функцияларни учратиш мумкин бўлади. Бу экотузилма бутун янги Тошкент ҳудудини қамраб олади. Яъни сиз боғнинг бир қисмида сайр қилишни бошлашингиз ва каналлар, боғлар бўйлаб шаҳарнинг бошқа қисмига велосипедда етиб боришингиз мумкин бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир кварталда жамоат боғи кўринишидаги ўзига хос яшил ҳудуд ҳам жой эгаллайди.
Биз жамоат транспортига устунлик беришни ва шу тариқа заҳарли ташланмалар, шахсий автомобилга қарамликни камайтирмоқчимиз.
Экология тозалиги қандай ресурслардан фойдаланаётганимиз ва чиқиндиларни қандай қайта ишлаётганимиз ҳамда шаҳар инфратузилмасини қандай ташкил қилишимизга боғлиқ.

Экологик тозалик биноларни қуришда қандай материаллардан фойдаланишимизга боғлиқ. Бунинг учун маълум стандартлар мавжуд. Лойиҳаловчи ва қурувчилар экологик стандартларга риоя қилишлари, бу стандартларнинг минимал талабларига жавоб беришлари учун талабларни белгилашни режалаштиряпмиз.
Экологик тозалик биз қандай ресурслардан фойдаланишимиз, чиқиндиларни қандай қайта ишлашимиз, шаҳар инфратузилмасини қандай ташкил қилишимизга боғлиқ. Шаҳар инфратузилма, экологик жиҳатдан қулай бўлиши учун иссиқлик, совуқ ва электр энергиясини бир вақтда ишлаб чиқарадиган тригенерацияли қозонхоналар қуришни режалаштирганмиз.
Қуёш энергиясидан фойдаланишни ҳам режалаштирганмиз. Бунга эришиш учун янги Тошкентдан ташқарида қуёш электр станцияларини қурамиз. Қолаверса, мавжуд гидроэлектростанцияларни кейинчалик модернизация қилиш билан уларнинг энергиясидан фойдаланамиз.
Янги шаҳарни ҳар хил турдаги маълумотларни тўплайдиган ақлли шаҳар сифатида кўрамиз. Унинг таҳлилига асосланиб, биз шаҳардаги шароитларни доимий равишда яхшилаш имкониятига эга бўламиз, бу ҳамма: пиёдалар, велосипедчилар, жамоат транспорти ва автоуловчилар – умуман ҳаммасини мувозанатда сақлаш учун.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабр бошида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасини молиялаштириш назарда тутилган қарорни тасдиқлаганди. Унга кўра, биринчи босқичда 40 млрд сўм ажратилиши эълон қилинган.
Пойтахт бош режаси ишлаб чиқилгани ва ҳукуматга тасдиқлаш учун киритилгани ҳақида шу йил феврал ойида Kun.uzʼга интервю берган “ТошкентбошпланЛИТи” директори ўринбосари Шерзод Зияев маълум қилганди. Шунингдек, у ҳужжат жамоатчиликка ҳам эълон қилиниши, шундан сўнг қабул қилинишини айтганди. Аммо ҳозирча бош режа жамоатчиликка тақдим қилингани йўқ.