15 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Сурхондарёда отилган айиқ, журналистларга топширилган “Олтин қалам”, ўзбекистонликлар кўп саёҳат қилаётган мамлакатлар, автобозорларда тушиб бораётган савдо ҳажми ва сел хавфидан огоҳлантириш — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.
Самарқандда уй қулади
Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳрида қўшнисининг уйига тақаб котлован қазилганидан сўнг турар жой қулаб тушган. Воқеа 14 май куни “Самақанд” маҳалла фуқаролар йиғинида содир бўлган.
Савдо мажмуаси сифатида қурилаётган бинонинг пойдевор қисми учун котлован ковлаш давомида, қурилиш қоидаларига амал қилинмагани боис унга ёндош ҳудудда жойлашган фуқаронинг яшаш уйининг бир қисми қулаб тушган.
Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси воқеа натижасида жароҳат олганлар йўқлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинмоқда.
Тажовузкор айиқ отилди
Сурхондарё вилоятида қишлоққа тоғдан тушиб келган айиқ отиб ўлдирилди. Воқеа 15 май куни Сариосиё туманидаги “Жаннатмакон” маҳалласи ҳудудида рўй берган.
Айиқ кўча кезиб, одамларга ташланган, тажовузкор ҳаракатлар қилган. Айиқни зарарсизлантириш жараёнида у ички ишлар ходимларидан бирига ташланиб, жароҳат етказган.
Сўнгра у 74-мактаб ҳудудига кирган. Йиртқич мактаб ўқувчилари ҳаётига хавф туғдиргани сабабли тезкор чора кўриш талаб қилинган ва у отиб ўлдирилган. Жароҳат олган ИИБ ходими тиббий текширувдан ўтказилган.
Бундай воқеалар аввал ҳам кузатилган. Жумладан Жиззахдаги Чакан қишлоғига ва Қашқадарёдаги Деҳқонобод туманига ҳам тоғдан айиқ тушиб келган эди.
Гўрковни тупроқ босиб қолди
Андижонда қабр қазаётган гўрковни тупроқ босиб қолди. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган қутқарувчилар фуқарони тупроқ остидан олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолишган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.
Воқеа Хонобод шаҳрида рўй берган. Хонобод шаҳар Марказий қабристонида фуқарони қабр қазиш вақтида тупроқ босиб қолгани тўғрисида мурожаат фавқулодда вазиятлар бўлимига келиб тушган.
Қутқарувчилар зудлик билан айтилган манзилга етиб боришган ва махсус асбоб-анжомлар ёрдамида қутқарув ишлари амалга оширилган. Тезкор ҳаракатлар натижасида фуқаро тупроқ остидан олиб чиқилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган ва шифохонага юборилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши ва у шифокорлар назоратида экани таъкидланган.
Ўзбекистонликлар кўп саёҳат қилаётган мамлакатлар
Ўзбекистонликлар туристик мақсадда кўп қайси давлатларга кўпроқ чиқмоқда? Албатта, қўшни давлатлар бу борада биринчи.
2024 йилнинг дастлабки чорагида қарийб 1,3 млн нафар ўзбекистонликлар туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Статистика агентлигига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ошган.
Ўзбекистонликлар туристик мақсадларда энг кўп сафар қилган давлатлар рейтингида Қирғизистон биринчи ўринни эгаллаб турибди — 559,1 минг нафар. Кейинги ўринларда Тожикистон, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия турибди.
Журналистларга «Олтин қалам» топширилди
Аслида 3 май куни топширилиши лозим бўлган ва бироз кечиктирилган журналистлар ўртасидаги «Олтин қалам» миллий мукофоти ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими 18-бор кеча бўлиб ўтди.
Турли йўналишлар ва номинацияларда ғолиб бўлган журналистларга диплом ва пул мукофотлари топширилди.
Жумладан, «Kun.uz» веб-сайти журналисти Шуҳрат Шокиржонов танловнинг интернет нашрлари йўналиши бўйича 2-ўринни эгаллади.
«Олтин қалам» XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг Бош мукофоти ғолиби — «UzReport TV» телеканали жамоаси бўлди. Телеканал таҳририятига президент совғаси — Tracker автомобили топширилди.
Автобозорда сотувлар камайди
Апрел ойида автомобиллар савдосининг пасайиш суръати тезлашган. Бироқ, электр транспорт воситалари сегментида юқори натижалар қайд этилди, бу ерда бироз турғунликдан кейин бозор яна ўсишни бошлаган. Пойтахт Тошкент шаҳри ушбу сегментда етакчига айланди.
Апрел ойи якунларига кўра, мамлакатда автотранспорт воситаларининг умумий савдоси 19 фоизга камайиб, 88,3 мингта автомобилни ташкил этган. Хорижий енгил автомобиллар бозори 15,3 фоизга камайган. Енгил автомобиллар иккиламчи бозори 21,2 фоизга қисқарган.
Апрел ойида 78,5 мингта енгил автомобил сотилган. Бу март ойига нисбатан 18,6 фоизга кам. Пасайиш республиканинг барча ҳудудларида кузатилган. Йиллик ўлчовда енгил автомобил бозори 35,3 фоизга камайган.
Камайиш сабаблари автокредитларни қисқартириш ва уларни бериш қоидаларининг мураккаблашиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунингдек, автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказишда нархларнинг оширилгани ҳам статистик пасайишга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яъни харидорлар сотиб олган автосини ўз номига расмийлаштирмасдан, ишончнома орқали бошқаришга ўтган.
Сел хавфидан огоҳлантириш
Ўзбекистон ҳудудларида 16–22 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли ёмғир кузатилади, момақалдироқ бўлади. Баъзи жойларда шамол тезлиги сониясига 15-20 метргача кучайиши кутилмоқда, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
“Ўзгидромет” кучли ёмғирлар ёғиши сабабли, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024