Жаҳон | 09:30 / 15.05.2024
3565
3 дақиқада ўқилади

БМТ: КХДР миллиардлаб долларлик криптовалютани ўғирлаган бўлиши мумкин

Шимолий Корея ҳакерлари сўнгги етти йил ичида криптовалюта компанияларига киберҳужумлар орқали қарийб 3,6 миллиард доллар ўғирлаган, деб ҳисоблайди БМТ.

Фото: Ferra.ru

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) махфий ҳисоботига кўра, тахминан 3,6 миллиард долларлик криптовалюта ўғирланиши ортида Шимолий Корея турган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 14 май, сешанба куни Reuters ахборот агентлиги хабар қилди. Ушбу маълумотларга қараганда, КХДР ҳакерлари сўнгги етти йил ичида криптовалюта компанияларига киберҳужумлар уюштирган ҳолда ушбу маблағларни ўғирлаб кетишган.

БМТ Хавфсизлик кенгашига 10 май куни тақдим этилган ҳисоботда 2017-2024 йиллар оралиғида криптовалюта компанияларига 97 та эҳтимолий киберҳужумлар рўйхати келтирилган, деб ёзади Reuters. Бошқа нарсалар қаторида, гап 2023 йил охирида HTX криптовалюта биржасига киберҳужум ҳақида кетмоқда, унинг давомида 147,5 миллион доллар ўғирланган. Ўғирликдан сўнг, маблағлар Tornado Cash криптовалюта миксери орқали ювилган. 

АҚШ криптовалюта миксерига нисбатан санкциялар жорий қилди 

2022 йилда АҚШ Молия вазирлиги томонидан унга нисбатан санкциялар жорий этилган. Агентликнинг таъкидлашича, 2019 йилда яратилганидан бери миксер турли ҳакерлар, жумладан, КХДР томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган Lazarus гуруҳи томонидан криптовалюталарни ювишда фойдаланилган. 2023 йилда Tornado Cash икки ҳаммуассиси 1 миллиард доллардан ортиқ пул ювишга ёрдам берганликда айбланган. 

Bitkom: Германияда Хитой ва Россиядан киберҳужумлар сони ортиб бормоқда 

13 май куни Германиянинг Bitcom рақамли саноат ассоциацияси Хитой ва Россия Федерациясидан киберҳужумлар сони ортиши ҳақида огоҳлантирди. «Ўтган йил давомида биз Россиядан ҳужумлар сони икки баравар кўпайганини кўрдик», деди ассоциация бошқарувчи директори Бернхард Роҳледер. Унинг сўзларига кўра, «Хитойдан маълум бўлган ҳодисалар» сони 50 фоизга ошган, бироқ зарар кўрган компанияларнинг 80 фоизи Россиянинг киберҳужумлари қурбони бўлган.

Bitkom маълумотларига кўра, Германияда 2023 йилда йўқотишлар 205,9 миллиард еврони ташкил этган, «уларнинг 72 фоизи бевосита киберҳужумлар туфайли юз берган». 

Хитойлик ҳакерлар VW ортидан кўп йиллар давомида жосуслик қилганликда гумонланмоқда 

Апрел ойида хитойлик ҳакерлар Германиянинг Volkswagen автомобиль концернига бир неча йил давомида киберҳужумлар уюштириб, 19 мингга яқин файлни ўғирлагани ҳақида хабар берилган эди. Der Spiegel ҳафталиги ва ZDF телеканалига кўра, ҳужумлар 2010 йилдан 2015 йилгача бир неча тўлқинларда содир бўлган. 

Хитойнинг Берлиндаги элчихонаси Пекин билан ҳакерлик алоқалари ҳақидаги хабарларга ғазаб билан жавоб қайтарди ва мамлакат кибержосусликнинг барча шаклларини қоралашини таъкидлади. 

Мавзуга оид