“Фарзандим 40 кунлигидаёқ ўқишга чиққанман” – билими сабаб 20 дан ортиқ давлатда бўлган хоразмлик қиз ҳикояси
Хоразмлик Ўғилнур Атаева бир неча йил олдин президент таклифи билан Тошкентда вазирликлардан бирида иш бошлаган. “1,5 ёшда дадам вафот этиб, болалик нималигини билмай катта бўлганман. 19 ёшда турмушга чиққач, қайнота-қайнонам ўқитишди. Шундан кейин муваффақиятларим бошланди”, дейди Ўғилнур ўзи ҳақида.
Ўғилнур Атаева Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими, бир вақтнинг ўзида 2 та университетда: АҚШнинг Маями университетида иқтисод йўналишида магистратурада, шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг магистратурасининг иккинчи босқичида таҳсил олади.
Ўғилнур шу пайтгача 20 дан ортиқ давлатларда бўлган. У бу давлатларнинг барчасига турли грантлар орқали борган. Вазирликка Ўғилнур шахсан президентнинг таклифи билан ишга олинган. “Микрофон қизларда” лойиҳасида Ўғилнур буларга қандай эришгани ҳақида гапириб берди.
“1,5 ёшда отасиз қолдим...”
Болалик нималигини билмай катта бўлдим. 1,5 ёшда дадам вафот этган. Опам, мен ва ҳали онамнинг қорнида бўлган укам – 3 бола, 25 ёшли онамнинг ёлғиз ўзига қолган. Дадамнинг вафотидан кейин отамнинг уйдагилари онамга жавоб беришган. “Ҳали ёшсан, турмуш қуришинг мумкин”, дейишган. Бироқ онам қайта турмуш қурмаган. “Бошқа оила қуриш ниятим йўқ, менга болаларим етади”, деб жавоб берган.
Биз онамнинг онасининг уйида катта бўлганмиз. Биттагина хонада овқатланганмиз, ухлаганмиз, дарс қилганмиз.
Қишлоқ жой, ҳаракат қилиб амалласа бўларди: онам ҳам мактабда ишларди, ҳам репетиторлик қиларди. Ундан ташқари, дала ишлари, кундалик турли ишлар билан даромад қилишга ҳаракат қиларди. Биз ҳам онамга ёрдам бериш учун шоли, буғдой, пахта ишларини қилардик. 6-синф бўлганимизда ўзимиз ҳаракат қилиб икки хонали уй олганмиз. Унинг ҳам фақат бир хонасида яшаш учун шароит бор эди.
Биз учун ёзги таътил – даромад қилиш учун имконият эди. Пул топиб уйимизни таъмирлашга ҳаракат қилардик.
Онамдан умуман пул сўрамасдик, пахта теримда ҳам, шоли ўроқда ҳам ҳаммадан кўп меҳнат қиладиганлардан эдик.
Онам биз учун ҳам ота, ҳам она бўлгани учун олий таълимда ўқишимиз учун шароит қилиб бериб йўналтира олмаган. Лекин қишлоқда кўп болаларни тайёрлаб ўқишга киритган.
Доим ўқув йили бошлангандан кейинроқ, тўртинчи ё бешинчи сентябрда мактабга борардик. Майда ҳам худди шундай 25 май келмасдан дала ишларига чиқиб кетардик.
Чет тилига қизиқтирган олимпиада
Мактабда фан олимпиадаси бўлган ва қатнашиб, мактаб босқичида биринчи ўринни олганман. Бизга чет тилидан онам дарс берарди, биринчи ўринни олган бўлсам ҳам, онам менга мактабда омадим келганини, бошқа бир синфдошим мендан кучлироқ эканини айтиб, туман босқичига уни олиб боришини айтган. Ўшанда биринчи марта онамга қарши гапириб, олимпиадага бораман деб қатъий турганман. Лекин туман босқичидан вилоятга ўтиб, бу босқич тайёргарликларида бироз эркалик қилганман шекилли, тўртинчи ўринни олганман. Онамга бу ёқмаган, сабаби шу пайтгача ўқувчилари вилоят босқичида доим ўрин олиб келишган. Шунинг учун ҳам то Урганчдан Гулранга, қишлоғимизга келгунча мен билан гаплашмасдан келган.
Шундан сўнг менда чет тилига қизиқиш пайдо бўлган. Ҳозирги кунда немис тилидан C1 даражам, инглиз тилидан эса IELTS 8 даражам бор.
“19 ёшимда турмуш қурдим”
Мактабдан кейин педагогика коллежида спорт йўналишини тугатиб, яна спорт соҳасида кетмоқчи эдим. Лекин онам хоҳламаган, шунинг учун онам ишлайдиган мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошладим.
19 ёшимда турмушга чиқдим. Ҳаётдаги энг катта муваффақиятим – зиёли оилага келин бўлганим бўлса керак. 7 кунлик келинлик пайтим қайнотам чақириб олиб, “Қизим ўқишни хоҳлайсанми? Ўқишга кириш ниятинг борми? Ҳали ёшсан, бизнинг оилада ҳамма ўқиши керак. Менинг набираларимнинг онаси ўқимишли бўлиши керак”, деган. Ва онамникига репетиторга бориб ўқий бошладим. Тўғриси бошида келинлик ҳаётим, ишимдан ортиб, ўқишни унча хоҳламаганман, шу ҳаётимдан рози эдим. Лекин қаршилик қилолмасдан тайёргарликни бошлаганман. Талаба бўлганимни туғуруқхонада эшитгандим. Бир неча соатдан сўнг эса фарзандим дунёга келган. Фарзандим 40 кунлик бўлганданоқ ўқишга чиққанман, бола билан ўқиш анча қийин бўлган.
Ўқишда биринчи курс пайтимда Самарқандда Германия томонидан ташкиллаштирилган халқаро дастур учун ҳужжат топшириб, унда қатнашиш имконини қўлга киритганман. Гарчи қатнашиш имконияти университетдан фақат менга насиб қилган бўлса ҳам, уйдагилар рухсат беришармикин деб роса иккиланганман. Лекин оилам мени тушуниб 1 ёшли қизимни олиб қолиб, 21 кунга Самарқандга жўнатишган.
Мана шу ерда мен ўзимнинг шунчаки яшашни хоҳламаслигимни, кўпроқ нарсага эришишни исташимни тушунганман. Шу пайтгача уйдагиларимнинг турткиси билан нималаргадир эришишга ҳаракат қилган бўлсам, энди ўзим ҳаракат қилишим керак деган қарорга келганман.
Германия ва дунёга йўл
Самарқандда Германияга ДААД (Немис академик алмашинув хизмати) дастури орқали грант ютиб бориб ўқиб келиш мумкинлигини билганман ва 2018 йил Германиянинг ДААД дастури Стипендианти бўлиб Германиянинг Триер университетида ўқиш имконини кўлга киритганман.
Лекин яна уйдагиларимга, турмуш ўртоғимга қандай айтишни билмаганман. Сабаби чет давлатга 3 ойга кетишни қандай қабул қилишларини билмаганман. Кетиш санасига оз қолганда журъат топиб грант ютганимни айтганман, қайнона-қайнотам роса хурсанд бўлиб, ҳаммага “келинимиз Германияга кетяпти” деб мақтаниб чиқишган. Лекин турмуш ўртоғим мен билан Германияда бўлган 3 ой муддатда гаплашмаган. Уни ҳам тушунаман, узоқ давлатга кетишимни хоҳламаган. Лекин вақт ўтиб турмуш ўртоғим мени тушунди ва қўллаб-қувватлашни бошлади.
Германиядан бошланган сафардан сўнг дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига турли грантлар орқали пул сарфламасдан бориш имконига эга бўлдим.
Ўқишни тугатиб онам ишлаётган мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб ишладим ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганман.
Ҳозир 2 нафар фарзандим бор, уларга “мана сен тенг ёшлар унақа қиляпти, бунақа қиляпти”, деганимда улар “Сиз ҳам ёш бўлгансиз-ку, сиз нега эришмадингиз?” деган савол беришларини хоҳламаганман, улар учун ўзим биринчи навбатда ўрнак бўлишни хоҳлайман.
Президент билан учрашув ва Тошкент
Хоразмлик фаол ёшлар қаторида президент билан учрашувларда қатнашганман. Президент билан Хоразмдаги учрашувлардан бирида мен ҳам бўлганман ва Шавкат Мирзиёев тўсатдан менга “Туринг, қизим, сиз гапиринг” деб қолганлар. Шу учрашувда мен билан бир соатга яқин гаплашган. Ва “Қизим энди Тошкентда мен билан ишлайди”, деб айтган, Тошкентдан 2 хонали уй совға қилган.
Шундан сўнг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида иш фаолиятимни бошладим. Чет тилини билишим иш фаолиятимда катта ёрдам беради, бироқ таълимдан иқтисод соҳасига ўтиш осон бўлмади: иккаласи бошқа-бошқа йўналишлар. Шунинг учун ҳам иқтисод йўналишида ҳам таълим олишни хоҳладим ва ҳозирги кунда АҚШнинг Маями университетида магистратура босқичида ўқийман. Аслида, магистратурада ўқиш учун 100 фоизлик грант ютгандим, бироқ январ ойида АҚШга бориб, бироз муддат ўқигач, ҳамма тарафни бирдай олиб бориш учун ўқишимни онлайн шаклга кўчирдим.
Қизларга айтган бўлардимки, ҳар бир қиз ўз ҳаёти учун камида 60 фоиз ўзи жавобгар бўлади, ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши лозим. Мақсад қўйишдан ҳеч қачон тўхтамаслик, мен учун имконсиз деган сўзлардан эса воз кечиш керак.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
08:00 / 30.10.2024