Жаҳон | 13:31 / 15.05.2024
6860
8 дақиқада ўқилади

Ғазода ҳужумга учраган БМТ ходимлари, Блинкеннинг Киевга ташрифи ва Гуржистонда қабул қилинган баҳсли қонун — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода БМТ ходими ўлдирилди. БМТ ёзуви ва байроғи тасвири туширилган автомобил Исроил кучлари томонидан ўққа тутилган. Қўриқлаш ва хавфсизлик департаментининг бир нафар ходими ўлган, иккинчиси оғир ярадор бўлган. Автомобил Рафаҳ шаҳридаги Европа шифохонасига кетаётган бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 196 нафар ходими Исроил қуролли кучлари томонидан ўлдирилган.

Исроилликлар Фаластиндан фарқли ўлароқ ўзини давлат сифатида тан олган БМТни назар писанд этмайди.

Туркия ва бошқа мусулмон давлатлари томонидан Ғазо секторидаги фаластинликлар учун юборилган инсонпарварлик ёрдамига миллатчи исроилликлар ҳужум қилиб, «Ҳаммаси ғалаба учун!», «БМТ заифлар учун!» деган ҳайқириқлар остида ёрдам пакетларини яроқсиз ҳолга келтиришмоқда.

Сдерот шаҳрида ултраўнг миллатчи яҳудий активистлари Ғазода яҳудий манзилгоҳлари барпо этишни талаб қилиб намойиш ўтказишган.

Исроил танклари Рафаҳнинг шарқий қисмидаги аҳоли яшаш жойларига бостириб киргани маълум бўлди. Reuters хабарига кўра, шаҳар кўчаларида аллақачон тўқнашувлар бошланган.

Гувоҳларга кўра, Исроил Рафаҳдаги бир қанча биноларни бомбардимон қилганидан сўнг шаҳарнинг шарқий қисмида портлашлар эшитилмоқда, тутун кўринмоқда.

Reuters маълумотларига кўра, 6 майдан бери Рафаҳни 450 мингга яқин одам тарк этган. Улардан баъзилари Ал-Мавасий ҳудудига - қумли соҳилга кўчиб ўтган. Таъкидланишича, у ерда санитария ва бошқа нормал ҳаёт учун зарур бўлган инфратузилма мавжуд эмас.

Аввалроқ Ғазонинг фаол жанглар кетаётган шимолий туманларидан бир миллионга яқин қочқин Рафаҳга эвакуация қилинган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилнинг Ғазодаги хатти-ҳаракатларини Ҳитлернинг жиноятлари билан тенглаштирган.

«Ғазо биз мисолини ҳитлерчилар Германиясида кўрган улкан ўлим концлагерига айланди», — деган Эрдўған Истанбулда очилган бутунжаҳон ислом олимлари маслаҳатлашув саммитида.

Украинадаги уруш

Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россия қўшинларининг Суми шаҳри йўналишида бостириб кириши кутилаётганини проноз қилган.

The New York Times нашрининг ёзишича, Буданов Россия қуролли кучларининг Харкив области йўналишидаги ҳужумлари яна «уч-тўрт кун» давом этиши, шундан сўнг «Суми йўналишида қатъий босқин уюштирилиши» кутилаётганини таъкидлаган.

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский эса Украинадаги уруш камида 10 йилга чўзилиши мумкин деб айтган.

Аммо Киевга аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия президенти Владимир Путин узоқ давом этувчи урушдан умид қилиб хатога йўл қўяётганини таъкидлади.

Блинкеннинг қайд этишича, Россия 20 йилдан буён Украина устидан назорат ўрнатиш учун курашда ютқазиб келган.

«Путин адашмоқда — вақт Украина томонда. Чунки ойма-ой биз биргаликда амалга ошираётган ишлар Украинани Европа Иттифоқи ва НАТОга яқинлаштирмоқда», — деган Блинкен Киев политехника институтида қилган чиқишида.

Шунингдек, АҚШ давлат котиби Украина борган сари кўпроқ хавфсизлик кафолатлари тўғрисида келишувлар имзолаётгани, мудофаа саноати комплексини ўстириб бораётгани, тобора кўпроқ ғарб қуролларини қўлга киритаётгани ва ўз иқтисодиётини мустаҳкамлаб бораётганини таъкидлаб ўтган.

«Россия орқага ҳаракат қилмоқда, Украина эса олдинга интилмоқда», — деган у ўз чиқиши охирида.

Украинага ёрдам

Канада мудофаа вазири Билл Блэр Украинани «қанча лозим бўлса шунча» қўллаб-қувватлаш ёндашуви нотўғри экани, бунинг ўрнига кенг кўламли урушда Украина тўлиқ ғалаба қозонгунга қадар ёрдам бериш кераклигини таъкидлаган.

Украинанинг Канададаги элчихонаси мудофаа ишлари бўйича атташеси Канада мудофаа вазири Украинани «токи у ғалаба қозонмагунча» қўллаб-қувватлашга чақириғига алоҳида эътибор бериб, вазирдан ушбу ғалаба нимани билдиришига аниқлик киритишини сўраган.

«Мен бу лавозимга келганимда, очиғи, сўзлашув тилимизга ўзгартириш киритдим. Чунки «қанча зарур бўлса шунча» ибораси умид бахш этмайдиган ва прагматик бўлмаган сўз қурилмасидир», — дея ўз фикрини билдирган Блэр.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишига ваъда берди. АҚШ маъмурияти Конгресс томонидан тақдим этилган ҳуқуқдан фойдаланиб, Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилмоқчи.

“Конгрессимиз бизга Россиянинг АҚШдаги активларини ҳибсга олиш ваколатини берди. Биз бу ваколатдан фойдаланиш ниятидамиз”, деган Блинкен.

Блинкенга кўра, Вашингтон бу масалани G7 ҳамкорлари билан муҳокама қилмоқда. Унинг таъкидлашича, мусодара қилинган маблағлар Украинага турли ёрдамлар учун сарфланиши мумкин.

Германия канцлари Олаф Шолц Украинага учинчи Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими берилишини эълон қилди. У бу қарорга келиш жуда оғир бўлганини, чунки бундай тизимлар Германиянинг ўзида ҳам кам қолганини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, Олаф Шолц 2024 йилда Украинага 7 миллиард евролик ҳарбий ёрдам берилишини ҳам айтиб ўтган.

Россияда яна бир генерал ушланди

Россия Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи генерал Юрий Кузнецов ҳибсга олинди. Унинг уйида ўтказилган тинтувда 100 миллион рубл, тилла тангалар ва қимматбаҳо буюмлар топилган. Уни ҳам Сергей Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов каби пора олишда айблашмоқда.

55 ёшли генерал Кадрлар бош бошқармасига 2023 йил майида бошлиқ бўлганди. Тергов маълумотларига кўра, Кузнецов «тижорий тузилмалар вакилларидан уларнинг фойдасига муайян ҳаракатлар амалга оширгани эвазига пора олган». Жиноий иш бўйича ҳозирча бошқа тафсилотлар маълум эмас. Кузнецов 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бу сўнгги вақтларда РФ мудофаа вазирлиги раҳбариятига қарши иккинчи шов-шувли жиноий иш бўлмоқда. 2024 йил апрел ойи охирида Москвада РФ мудофаа вазири ўринбосари, ҳарбий-саноат комплексига масъул бўлган Тимур Иванов қўлга олинганди. Ушбу генералга ҳам ўта йирик миқдорда — бир миллиард рублдан ортиқ пора олиш бўйича айблов эълон қилинган.

Гуржистонда шов-шувли қонун қабул қилинди

Гуржистон парламентида катта шов-шувларга ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун учинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳукмрон коалиция депутатларнинг 80 нафари қонунни қўллаб-қувватлаган, 30 нафар мухолиф депутат қарши овоз берган.

Россиядан андоза олинган ушбу қонуннинг муҳокамаси парламентдаги ўсиб бораётган норозилик ва муштлашувлар фонида бўлиб ўтган.

Тбилисидаги Қаҳрамонлар майдони олдида яна норози намойишчилар тўпланишган. Улар Шота Руставели шоҳкўчасини тўсиб қўйишган. Норозилик сифатида полиция томонидан ўрнатилган металл тўсиқларни тақиллатишган. Намойишчиларнинг бошқа қисми Мтквари дарёсининг икки соҳилини ҳам эгаллаб олишган. Тунги вақт бўлишига қарамасдан, шаҳарда транспорт қатнови қийинлашган.

Мавзуга оид