Ўзбекистон | 10:10 / 15.05.2024
2052
1 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасалари ички қоидаларига ўзгартириш киритилади

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсия тайинлаш юзасидан Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Буйруқ лойиҳасини қабул қилиш зарурати ички идоравий ҳужжатни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш орқали жазони ижро этиш тизимида ўрнатилган тартиб-қоидаларни оптималлаштириш билан боғлиқ.

Ички ишлар вазирининг буйруғини амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш билан бир қаторда, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг сайлов жараёнида иштирок этишга бўлган ҳуқуқи ёритилиб, никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш жараёнлари такомиллаштирилмоқда ҳамда манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсия тайинлаш юзасидан Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этиш ҳуқуқи киритилмоқда.

Лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид