Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тожикистонда ҳожиларни тантанали кутиб олиш, ҳашаматли тадбирлар ўтказиш тақиқланди
Шунингдек, болаларнинг «Идгардак» тадбирида иштирок этиши, тўйларда иккитадан ортиқ маросим ўтказишга ҳам чеклов жорий қилинди.
Мажлиси Намояндагон (Тожикистон парламенти қуйи палатаси) 8 май куни «Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини муҳокама қилди. Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Сулаймон Давлатзода қонуннинг янги таҳрири замон талабларига жавоб беришини таъкидлади.
Қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, Рамазон ва Қурбон ҳайитида болалар иштирокидаги анъанавий «Идгардак» тадбири тақиқланади. Унда болалар қариндошлари ва қўни-қўшниларининг уйларига бориб, уларни табриклайди, совғалар олади. Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари парламентда сўзлаган нутқида «Идгардак» одати бошқа мамлакатларда йўқлигини, динда ҳам тилга олинмаганини, бундан ташқари, бу болалар учун хавфли эканлигини таъкидлади: улар нотаниш жойларга боради, катта йўллардан ўтади.
Шу билан бирга, Давлатзоданинг парламентда айтишича, қонун лойиҳасининг 11-моддасига кўра, тиббиёт муассасаларида ўғил болаларни бепул суннат қилиш муддати туғилгандан кейин 20 кундан 1 ойгача узайтирилди. Хайрия суннатлари билан боғлиқ меъёрлар бекор қилинди, чунки бу маросимлар оилавий маросимларга айланди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 12-моддасида тўй билан боғлиқ иккитадан ортиқ маросим ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган ва тўй билан боғлиқ бошқа тадбирлар тақиқланган.
Фуқароларга маблағларни тўйхона ва ресторанлардаги тўй дастурхони ўрнига хайрия ишларига, масалан, йўлларни таъмирлаш, сув қувурларини ётқизиш ва ижтимоий объектларни қуриш учун сарфлаш таклиф қилинган.
Давлатзодага кўра, келин-куёвга ҳамроҳлик қилишда кўп сонли автомашиналардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас, шу боис тўрттадан ортиқ машинадан фойдаланишга рухсат йўқ.
Шу билан бирга, Давлатзоданинг айтишича, сўнгги йилларда зиёратчилар сони кўпайган, айрим фуқаролар Ҳаждан кейин зиёратчиларни кутиб олишда исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Шу боис бундай тадбирларни оила даврасида ўтказиш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳаж ёки умра зиёратига борганларни кутиб олишда ҳовлилар, кўчалар, маҳаллалар ва автомашиналарни байрамона безаш, совғалар тарқатиш тақиқланади.
Мавзуга оид
17:37 / 17.05.2025
Тожикистонда Ҳажга ёзилганлар маблағларини ҳудудни ободонлаштириш учун сарфлади
17:55 / 14.05.2025
Тожикистонда ижтимоий тармоқларда «лайк» босганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди
17:57 / 29.04.2025
Уч мамлакатнинг аҳиллиги тимсоли — “Дўстлик” стеласидан репортаж
16:52 / 29.04.2025