Жамият | 20:41 / 16.05.2024
23369
2 дақиқада ўқилади

Андижонда “Жаннат оналар оёғи остида” филмидан рухсатсиз фойдаланган проректор жаримага тортилди

Қирғиз киноижодкорлари ишлаган филмни фаоллар залида талабаларга қўйиб берган Андижон давлат университети проректори муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузганликда айбдор деб топилди. Унга суд қарори билан 340 минг сўм жарима жазоси қўлланди.

Фото: Филмдан кадр

Андижон вилоятида Қирғизистон ижодкорлари томонидан суратга олинган “Жаннат оналар оёғи остида” филмидан рухсатсиз фойдаланган университет проректори жаримага тортилди. Мазкур иш 13 май куни жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Андижон давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Хуршидбек Хожамбердиев 2024 йил 29 апрел куни “Жаннат оналар оёғи остида” филмини муаллифнинг рухсатисиз фаоллар залида ётоқхона талабаларига намойиш этган. Проректор судда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўраган.

Суд қарори билан Хуршидбек Хожамбердиев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида (340 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик режиссёр Руслан Акуннинг “Жаннат оналар оёғи остида” фильми ҳали премьераси Ўзбекистон кинотеатрларида ҳали тугамай туриб, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган эди. Бу эса жамоатчилик орасида эътирозларга сабаб бўлганди.

  • МЖтКнинг 177-1-моддаси 1-қисмига кўра, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Мавзуга оид