Ўзбекистон | 10:51 / 17.05.2024
3855
3 дақиқада ўқилади

 “6 миллиондан 12 миллион сўмгача”. Киберспорт ассоциацияси президенти мамлакатдаги киберспортчиларнинг маошлари ҳақида

Киберспорт ассоциацияси президенти Дониёр Жўраев “Сигма Подкаст” лойиҳасининг навбатдаги сонида мамлакатда киберспортнинг ривожланиши, унга қаратилаётган эътибор, ота-оналарнинг муносабати ва маошлар ҳақида маълумот берди.

Ассоциация президенти энг йирик ўйин ишлаб чиқарувчилардан бири Tencent компанияси Ўзбекистонда серверларини ўрнатгани мамлакат имижи учун катта иш бўлганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бошқа ишлаб чиқарувчилар билан ҳам музокаралар кетаётганини маълум қилди.

Эски даврларда компютер ўйинлари ва киберспортнинг фақатгина зарарли томонларига урғу бериларди. Турли хил рейдлар, нафратга тўлиб тошган кўрсатувлар тайёрланарди, лекин ҳозирда ҳукуматнинг киберспортга нисбатан муносабати тубдан ўзгарган.

Киберспортга кириш осон. Исталган жисмоний ҳолатдаги ва ёшдаги шахс у билан профессионал шуғуллана олади. Киберспортда имкониятлар ҳаммада тенг. Мураббийлар назорати остида амалга оширилса бундан ҳеч ким зарар кўрмайди. Биз ўйинчилар учун барча шароитларни яратмоқдамиз.

Албатта, ота-боболаримиз бошқа нарсаларга қизиққан бўлиши мумкин, лекин ҳар бир авлоднинг ўз қизиқишлари бор ва бу яхши ёки ёмонлигини ҳеч ким айтолмайди. Ёшларни чегаралаш керак эмас” , дейди Дониёр Жўраев.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда киберспортчилар 6 млн сўмдан 12 млн сўмгача маош олади.

Шунингдек, ассоциация президенти яқинда бўлиб ўтган “Uzbekistan Esporst Championship” турнирига тўхталиб ўтди. Турнирга Ўзбекистон учун рекорд миқдордаги 350 миллион сўм соврин жамғармаси қўйилган. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жамоалар қатнашган.

Ўзбекистон 2026 йил “Келажак ўйинлари”га ҳам мезбонлик қилиши кутилмоқда ва Дониёр Жўраев ушбу йирик турнир учун тайёргарлик ишлари бошланганини маълум қилди.

“Келажак ўйинлари” – беллашувлар бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақадир. Турнирда 100 дан ортиқ мамлакат иштирок этади ва баҳслар 21 та инновацион йўналиш бўйича ўтказилади.

Дониёр Жўраев шунингдек, PUBG Mobile’га ўзбек тилининг киритилиши, она тилимизнинг дунё маданияти ва тарихида қолдирган рақамли изи бўлиши ва келажакда ўйин ичида Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган машиналар ҳам пайдо бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

“Бу бир киши томонидан қилинган иш эмас, бу жамоавий меҳнат маҳсули. Бир неча вазирликлар, федерациялар ва фаолларнинг қилган ҳаракатлари асосида Tencent компанияси билан ҳамкорлик юзага келди. Бу бизнинг кичик бўлса-да ўзбек тилини сақлаб қолиш, уни ривожлантириш учун қўшган жамоавий ҳиссамиз” , деди Дониёр Жўраев подкастда.

Мавзуга оид