Жаҳон | 09:17 / 17.05.2024
2629
3 дақиқада ўқилади

Париж Бокуни Янги Каледониядаги вазиятга аралашишда айблади

Франция вазиятни барқарорлаштириш учун чет элдаги ҳудудига қўшимча полициячилар ва жандармларни жўнатди.

Фото: AP

Франциянинг хориждаги Янги Каледония ҳудудида кенг тарқалган тартибсизликлар фонида Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманен Озарбойжонни вазиятга аралашувда айблади. Айирмачиларнинг бир қисми Озарбойжон билан келишувга эга, деди Дарманен 16 май, пайшанба куни France 2 радиосига берган интервюсида.

Франция матбуоти хабарларига кўра, Париж Озарбойжоннинг бир йил аввал ўзи ташкил этган Боку ташаббус гуруҳи ёрдамида «француз мустамлакачилиги»ни қоралаб, Янги Каледония мустақиллиги тарафдорларини қўллаб-қувватлаётганидан жуда ғазабланган.

Янги Каледониядаги намойишчилар Озарбойжон байроқларини силкитиб, «Боку ташаббус гуруҳи» логотипи туширилган футболкалар кийиб олган. Яқинда каледониялик сиёсатчилардан бири Бокуга таклиф қилинди ва сафардан сўнг Озарбойжон Янги Каледониянинг мустақилликка интилишини қўллаб-қувватлашини эълон қилди, деб хабар қилди France Info радиостанцияси ва L'Express журнали.

Боку Парижнинг Тоғли Қорабоғ бўйича тутган позициясидан норози

Уларга кўра, Озарбойжон Тоғли Қорабоғ масаласида Париж томонидан Арманистонга кўрсатилаётган ёрдам туфайли шундай йўл тутмоқда. Боку Янги Каледонияда кескинликни кучайтириб, Франциядан қасос олмоқчи, дейилади France Info ва L'Express хабарларида. 

Янги Каледониядаги тартибсизликлар фонида Франция у ерда жойлаштирилган 1700 нафар хавфсизлик кучларини кучайтириш учун хориждаги ҳудудига яна 1000 нафар полициячи ва жандарм юбормоқда, деди Франция бош вазири Габриэл Аттал. Унинг сўзларига кўра, Янги Каледонияда вазият «жуда таранглигича қолмоқда, тартибсизликлар, ўт қўйиш ва ҳужумлар содир бўлмоқда, бу, албатта, қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат». 

Янги Каледониядаги тартибсизликлар сабаби

Янги Каледонияда сўнгги уч кечада тартибсизликлар оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди. Париж ташаббуси билан Янги Каледонияда сайлов тизимини ислоҳ қилиш фонида тартибсизликлар бошланди. Янги Каледонияда овоз бериш ҳуқуқи у ерда камида ўн йил яшаган французларга берилиши режалаштирилган.

Маҳаллий фаоллар ислоҳот натижасида туб аҳолининг таъсири пасаяди, Франциянинг таъсири кучаяди деб хавфсирамоқда ва шунинг учун Янги Каледонияни Париждан мустақил бўлишга чақиряпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид