Ўзбекистон | 11:59 / 17.05.2024
15141
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда COCA COLA заводи очилди

Янги завод Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган. У 280 млн литр салқин ичимликлар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Фото: COCA COLA

CCI (Coca Cola Icicek) Uzbekistan компаниясининг қиймати 112 млн АҚШ долларига тенг бўлган янги COCA COLA ичимлиги заводи Туркиянинг Anadolu Group компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилди.

15 май куни бўлиб ўтган янги заводнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Инвестициялар ва савдо-саноат вазири Лазиз Қудратов, АҚШ элчихонаси, Туркиянинг Ўзбекистондаги консуллиги вакиллари, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

“Янги заводнинг ишга туширилишида ўз ҳиссасини қўшаётган барча фидойи инсонларга самарқандликлар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бундан 3 йил аввал Ургут иқтисодий зонасидаги 18,5 гектар ҳудудда бошланган завод қурилиши тугатилиб, ишга туширилиши билан бугун 200дан ортиқ иш ўринлари яратиляпти”, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Янги COCA COLA ичимлиги заводининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати йилига 280 млн литрга тенг бўлиб, 100 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар киритилган. Завод МДҲ давлатларига салқин ичимликларни экспорт қилишни кўзда тутган.

Anadolu Group бош директори Бурак Башарир икки мамлакат компанияларининг ҳамкорлиги ҳақида гапирди:

“Бугунги кунгача Anadolu Group Ўзбекистон иқтисодиётига 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция топишга эришди ва бу ўтган даврга нисбатан салмоқли сармоя ҳисобланади. Бу ўз ўрнида бизнинг Ўзбекистон халқи, ҳукумати, иқтидори ва бизнес муҳитига бўлган 100% ишончимизнинг ифодасидир.

Компаниялар ҳамкорлигининг давоми сифатида Наманганда янги замонавий инфратузилмага эга бўлган завод яратишга ҳам бел боғлаганмиз. Ўйлайманки, биз ишларимиз ўзбек халқига, ҳукуматига ва бутун мамлакатга бўлган тўлиқ ишончимиздан яққол далолатдир.

Шу бирга, CCI Ўзбекистонда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз учун совитиш ва сақлаш шохобчаларига, дистрибюторлик тармоқларимизга ва оптималлаштирилган янги технологияларга, иқтидорли ёшларга, мукаммал ўқув дастурлари билан ишлашга йўналтирилган сармояларни ҳам амалга оширишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари биз доим ходимларимизга сармоя киритишга эътибор қаратамиз, умид қиламанки, Ўзбекистонда истеъдодларни топамиз ва ривожлантирамиз.

Шахсий кузатувларимга кўра, Coca Cola Icicek (CCI) ва Anadolu Group фаолият юритадиган бошқа мамлакатларда иқтидорли ўзбек ёшларини кўриш мумкин”, - деди у.

Янги завод 2024 йилнинг 15 май санасидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.