Херсон областида Россиянинг Т-90М танклари ва Авдийивка фронтидаги ҳарбий шифокорлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 813-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Володимир Зеленский Харкивга ташриф буюрди. У «вазият жуда жиддийлиги, лекин Харкив бой берилишига йўл қўйиб бўлмаслиги»ни айтган.
- Украина ИИВнинг тасдиқлашича, россиялик ҳарбийлар Вовчанск аҳолиси вакилларини асирга олмоқда ва отиб ташламоқда.
- Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси уч фарзандли оталар учун сафарбарлик чақируви кечиктиришга қарши чиқди.
- Харкив области ҳудуди ўққа тутилиши оқибатида олти киши яраланган, улар орасида Вовчанск шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Тамаз Гамбарашвили ҳам бор.
- Украина қуролли кучлари Бош штаби маълум қилишича, украиналик ҳарбийлар Россиянинг Вовчанскдаги кварталларга кириш ва у ерда ўрнашиб олиш бўйича режаларини барбод қилган.
- «Важние истории» нашри аниқлашича, уруш бошланганидан буён россияликлар Украинанинг босиб олинган ҳудудларида 500 дан ортиқ компанияни рўйхатдан ўтказган. Бу компаниялар орқали украин ғалласи олиб чиқилган.
- Россия мудофаа вазирлиги украин дронлари ва ракеталари Россия регионлари ва Қримга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Шебекинода икки киши жароҳатланган.
- Украина разведкаси тасдиқлашича, дронлар Туладаги «Базалт» заводига бориб тушган.
- Қримдаги Белбек авиабазасига ATACMS ракеталари билан зарба берилиши оқибатлари акс этган кадрлар тарқалди. Ҳудудда иккита МиГ-31 ва битта Су-27 йўқ қилинган, битта МиГ-29 шикастланган, шунингдек, иккита С-400 зенит-ракета комплекси ҳамда битта 92Н6Е радари яксон этилган.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
ДХР расмийлари мунтазам равишда украин ҳарбийларини шаҳарга тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлувчи зарбалар беришда айблаб келади. 16 май куни ДХР раҳбари Денис Пушилин шаҳарнинг Петровский районида жамоат транспорти ўққа тутилиши оқибатида тўрт аёл ҳалок бўлганини маълум қилди. Улардан бирининг қизи ўрта оғирликда жароҳат олган. Украина томони Донецк ўққа тутилиши юзасидан расман изоҳ бермаган.
Херсон областининг оккупация остидаги қисмида рус танклари
РФ қўшини Украинага кенг кўламли босқиннинг илк даврида Херсон областини тўлиқ эгаллаб олганди. 2022 йил сентябрида Украинанинг қарши ҳужуми давомида Россия «референдумлар якунларига кўра» ўз ҳудуди деб эълон қилган регионнинг бир қисми озод этилади. Украина ўшанда Херсонни ҳам қайтариб олган, бу шаҳар РФ қўшини босқин давомида эгаллаб олган ягона област маркази бўлиб турганди. Аммо Херсон областининг каттагина қисми ҳамон Россия қўшини томонидан эгаллаб турилибди. У ерда, бошқа қуроллар қатори Россиянинг зирҳли техникалари, жумладан РФ армиясига 2020 йилда қабул қилинган Т-90М «Прорив» танклари ҳам жойлаштирилган.
Украина қуролли кучларининг Авдийивка атрофидаги дала ҳоспитали
Авдийивка йўналишида Россия қўшинига қарши жангларда бошқалар қатори «Магура» 47-алоҳида механизациялашган бригадаси ҳам жанг қилмоқда. Бригаданинг 25-алоҳида штурм баталёни жангчилари тўрт ой давомида Авдийивка кокс кимё заводини мудофаа қилган, 2024 йил февралида эса, украин қўмондонлиги қўшинлар шаҳардан олиб чиқилишини эълон қилганида, йўқотишларсиз чиқишга муваффақ бўлганди, деб ёзган «Украинская правда». 47-бригада Авдийивка фронтида жанг қилишда давом этмоқда, Очеретинода мудофаа ёриб ўтилганидан кейин бу ҳудудда вазият оғирлашган.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024