Ўзбекистон | 21:44 / 18.05.2024
4338
2 дақиқада ўқилади

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли тармоқдан узилган истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида истеъмолчилар тармоққа қайта уланди.

Соат 20:00 ҳолатига кўра, кучли шамол ҳамда ёмғир туфайли ўчган барча тармоқлар қайта уланиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Аввалроқ, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида истеъмолчилар «светсиз» қолган эди.

Қайд қилинишича, соат 14:00 ҳолатига кўра, 210 МВт қувват билан ўчган 139 та фидер тармоққа қайта уланган. Натижада Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари истеъмолчилари тўлиқ, қолган ҳудудларда эса қисман, жами 50 минг 750 та истеъмолчи ҳамда кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналарининг электр таъминоти тикланган.

Шунингдек, Фарғона вилоятидаги «Яйпан» подстанциясида 3 МВт қувват билан авариявий ўчган «Т-2» трансформатори ҳам тармоққа уланган.

Соат 15:07 да Жиззах вилоятида ўчган барча тармоқлар уланиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган. Соат 19:10 да Хоразм вилоятида барча тармоқлар уланиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Соат 20:00 ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида ҳам кучли шамол ҳамда ёмғир туфайли ўчган барча тармоқлар уланиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган.

«Шундай қилиб, айни пайтда табиат инжиқлиги боис ўчган барча тармоқлар уланиб, аҳоли истеъмолчилари ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр энергияси билан тўлиқ таъминланди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид