Ўзбекистон | 08:58 / 18.05.2024
4375
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш маркази тўлиқ ишга туширилди

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошкариш маркази тўлиқ ишга туширилди. Бу қудуқларни бурғилаш муддати ва харажатларини сезиларли даражада қисқартиради.

Мазкур бошқарув маркази "Ўзбекнефтгаз"га қудуқларни бурғилаш муддатини 45 фоизгача қисқартириш ва уларнинг қурилиш қийматини 35% га камайтириш имконини беради. Ҳар бир қудуқ қурилиши учун кўзда тутилган лойиҳавий кийматдан 4,0 млрд сўмдан 10,0 млрд сўмгача тежаб қолиш мумкин.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бурғилаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Элёр Маматовнинг айтишича, бошқарувнинг такомиллаштирилиши бурғилаш даври муддатини ва харажатларини камайтиради:

“Бурғилаш ишларини бошқариш маркази Россиянинг “Газпромнефт” акционерлик жамияти билан ҳамкорликда очилди. Улардан дастурий таъминотларни харид қилиб, ўзимизда жорий этдик. Марказ бизга нега керак?

Шу пайтгача бурғилашда маълумот узатиш, жараённи бошқаришда муаммо ва қийинчиликларга учрар эдик. Бунда қоғозли маълумотлар юбориш ва қабул қилиш, уларни таҳлиллаш керак бўларди. Бурғилашда оператив қарорлар қабул қилишнинг имкони йўқ эди.

Асосий эришадиган натижаларимиз қудуқларни бурғилаш даври қисқаради. Бу билан бир қаторда қудуқлар харажатларини ҳам қисқартиради”, деди департамент бошлиғи.

Марказнинг очилиш маросимида тезкор бурғилаш жараёнларида масофавий муҳандислик ёрдамини кўрсатган Россия Федерацияси Муравленко шаҳрида жойлашган Қудуқларни кўришни бошқариш маркази ҳамда "Денгизкўл" конидаги 326-сонли қудуқ билан телекўприк алоқаси ўрнатилди.

Марказда реал вақт режимида бурғилаш жараёнларини кузатиб борилади. Бурғилаш ишларини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва масофавий мониторинг тизимлари туфайли, марказ мутахассислари юзага келиши мумкин булган авария ва бахтсиз ҳодисаларни тезкорлик билан аниқлаш, уларнинг олдини олиш имкониятига эга бўлишади. Бу жараён:

  • ҳар бир бурғилаш ускунасидан интернет орқали реал вақт режимида маълумот олиш;
  • ихтисослаштирилган дастурий таъминот ёрдамида бурғилаш майдонларидан олинган маълумотлар параметрлар ва диаграммаларни кўришни ўз ичига олади.

15 майдан бошлаб тўлиқ режимда иш бошлаган Марказ томонидан Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида жойлашган "Денгизкўл", "Зеварда", "Янги Тегирмон", "Шўртан", "Қуйи Шарқий Бердак" ва "Қуйи Сургил" конларидаги 23 та дастгоҳларнинг бурғилаш жараёни онлайн 24/7 режимида назорат қилиниб, таҳлиллар асосида иш кўрилмоқда.

Мавзуга оид