Қримда ёниб кетган самолётлар, Вовчанск учун жанг ва шаҳар аҳолиси эвакуацияси. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 814-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Зеленский: Украина қуролли кучлари Харкив областида Россия армияси юриши билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштирди.
- Путин Россияда Харкивни эгаллаш режаси йўқлигини айтди.
- РФ мудофаа вазирлиги 17 майга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг 100 дан ортиқ дронларини уриб туширгани ҳақида маълум қилди. Новороссийскда нефт база ва денгиз порти, Туапседа — нефтни қайта ишлаш заводи ҳужумга учраган.
- Зеленский оғир бўлмаган жиноятлар содир этиб қамалганларни озодликка чиқариш эвазига сафарбар қилишга рухсат берувчи қонунни имзолади.
- The Washington Post: Россиянинг Харкив областидаги юришининг илк кунида Украина қуролли кучларидаги Starlink терминаллари ишламай қолган.
- Петербургда ҳарбий академия биносида портлаш рўй берди. Baza маълумотига кўра, етти киши жароҳатланган.
Қримдаги аэродромга зарба оқибатлари сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда
15 май куни Украина яқинда АҚШдан етказиб берилган ATACMS баллистик ракеталари билан Севастополдаги «Белбек» аэропортига зарбалар йўллади, бу ерда Қора денгиз флоти авиацияси кучлари жойлаштирилган. Зарба самарали бўлган: Maxar компанияси томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош тасвирларига кўра, ракетанинг кассетали ўқ-дорилари камида битта Су-27 русумли қирувчи самолёт ҳамда МиГ-31 русумли иккита қирувчи самолётни жиддий шикастлаган. Бу уруш бошидан буён йўқ қилинган илк МиГ-31 бўлди. Шунингдек, авиация ёнилғиси омбори ҳамда битта МиГ-29 қурувчиси зарбага учраган.
Махсус такомиллаштирилган МиГ-31 «ҳаво-ер» типидаги «Кинжал» гипертовушли ракеталарини олиб юриши мумкин. Аммо «Белбек»даги бу самолёт ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани эҳтимоли кам.
Харкив ўққа тутилишидан кейинги ёнғин
17 май куни Харкив области маъмурияти Россия қўшини Харкив бўйлаб бошқарилувчи авиабомбалар (КАБ) орқали зарба йўллаганини маълум қилди. Бир неча жойга зарба келиб тушган; бомбалар тушган жойларда ёнғинлар келиб чиққан.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 31 киши яраланган. Шундан 16 нафари шифохонага ётқизилган, икки киши — оғир аҳволда. Тўрт киши ҳалок бўлган.
Вовчанск учун жанглар ва шаҳар аҳолисининг эвакуация қилиниши
Россия армиясининг «Север» гуруҳи Харкив областининг Россия билан чегарадан беш километр масофадаги Вовчанск шаҳрини штурм қилишда давом этмоқда. Шаҳарга украин захиралари олиб келинган. Жанглар бир неча кундан буён шаҳар маркази яқинида, Волчя дарёсининг шимолий қирғоғида олиб борилмоқда. Жанубий соҳил тўлиғича Украина қуролли кучлари назоратида.
Украина ҳукумати шаҳарнинг жанубий қисмидан аҳолини эвакуация қилишда давом этмоқда. Ҳозиргача Вовчанскдан 2500 дан ортиқ киши олиб чиқилган.
Мавзуга оид
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024
Россия «Рубеж»ни ишга солди. Бу ракета ядровий каллакни ҳам олиб уча олади
21:52 / 21.11.2024
Залужний: «Хуш келибсан, учинчи жаҳон уруши»
16:43 / 21.11.2024