Ўзбекистон | 18:26 / 18.05.2024
4198
2 дақиқада ўқилади

Сенатда банк карталаридан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмаганлиги танқид қилинди

Сенаторлар Марказий банкнинг 2024 йилги фаолиятида базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириб бориш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича таклифларни берди.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг 52-ялпи мажлисида Ўзбекистон Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2023 йилда тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 трлн сўмни ташкил этган.

Жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 трлн сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,2 баробардан кўпроқ ошиб, қарийб 106 трлн сўмга етган.

2023 йилнинг I чорагидан бошлаб инфляция даражасининг пасайиш тенденциясига ўтганлиги сабабли 2023 йил март ойидан асосий ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилган.

Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини бериб, 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 8,8 фоиз атрофида шаклланган.

Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифаларга эътибор қаратиб, фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмагани, Humo ва Uzcard тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишлари якунланмагани, муаммоли кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши деярли ўтган йилги даражада сақланиб қолаётганини қайд этдилар.

Марказий банкнинг 2024 йилги фаолиятида базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириб бориш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш борасида ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Мавзуга оид