Жаҳон | 09:24 / 20.05.2024
5049
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда сув тошқинлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

Ғор ва Фарёб вилоятларида содир бўлган табиий офатлар чорва моллари нобуд бўлишига, қишлоқ хўжалиги ерларини сув босишига ва минглаб уйларнинг вайрон бўлишига олиб келди.

Фото: AP/picture alliance

Афғонистонда кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқини оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Биргина шимолий Фарёб вилоятида 19 май, якшанбага ўтар кечаси 66 киши сувга чўкиб ҳалок бўлди, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият. Яна беш киши жароҳатланган, саккиз нафари бедарак йўқолган.

Бундан ташқари, 1500 та бино вайрон бўлган ёки шикастланган, кенг қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрган, ўнлаб чорва моллари чўкиб кетган.

Табиий офат мамлакатнинг марказий қисмидаги Ғор вилоятига ҳам таъсир кўрсатди. Минтақа ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, 17 майдан бери сув тошқини оқибатида 55 киши ҳалок бўлган, 3000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

БМТ қурбонлар сонини 300 дан ортиқ деб баҳоламоқда

Бир ҳафта олдин Бағлон вилоятидаги сув тошқини 300 дан ортиқ аҳолининг ҳаётига зомин бўлди, деб хабар қилди БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари. Жаҳон ташкилотининг таъкидлашича, вилоят аксарият ҳудудларига юк машиналари кириш имкони бўлмаган.

Қирқ йилдан кўпроқ вақт давомида уруш давом этган мамлакат табиий офатларга энг кам тайёр бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. Бу йил баҳорида Афғонистонда узоқ давом этган қурғоқчиликдан сўнг кучли ёмғир ёғди.

Мавзуга оид