Жаҳон | 09:46 / 20.05.2024
2117
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 15 сентябргача Нигердан қўшинларини олиб чиқиб кетади

АҚШ армияси олиб чиқилиши Нигернинг ривожланиш лойиҳаларига таъсир қилмайди. Тўнтаришдан олдин Ниамей Африкадаги гуруҳларга қарши курашда Ғарбнинг асосий ҳамкорларидан бири эди.

Фото: Alex Fox Echols Iii/Planetpix/Planet Pix

Нигерда жойлашган АҚШ қўшинлари 15 сентябргача Ғарбий Африка мамлакатидан чиқиб кетади. Бу ҳақда икки давлат вакилларининг 19 май, якшанба куни эълон қилинган қўшма баёнотида айтилади. Чиқиб кетиш жараёни аллақачон бошланган ва Нигерни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларга таъсир қилмайди, дейилади маълумотда. 

Америка ҳарбий контингентини олиб чиқиш бўйича келишувга апрел ойи охирида АҚШ давлат котиби ўринбосари Курт Кэмпбелл ва Нигер бош вазири Али Ламин Зейннинг Вашингтондаги учрашувида эришилган эди. Май ойи бошида россиялик ҳарбийлар Нигер пойтахти Ниамейдаги Америка ҳаво базасига киргани маълум бўлди. Бироқ, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг таъкидлашича, руслар ўша пайтда базада жойлашган АҚШ қўшинлари ва ҳарбий техникасидан фойдалана олмаган. 

Нигердаги давлат тўнтаришидан кейин Вашингтон билан ҳарбий ҳамкорлик тўхтатилиши

2023 йилда Нигерда ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллаб олди. Москва алоқадорликда гумон қилинаётган давлат тўнтаришидан олдин Нигер АҚШ, Франция ва Германия каби Ғарб давлатларининг Ғарбий ва Марказий Африкадаги жангариларга қарши курашдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлган. Кўп йиллар давомида мамлакат ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқадор турли гуруҳлар ҳужумига учраган. 

Айни пайтда Нигердаги АҚШ ҳарбийлари сони 650 га яқин. Мамлакат шимолида, Агадес яқинида АҚШнинг учувчисиз учиш аппаратлари жойлашган база мавжуд. 2023 йил октябр ойида Франция Ғарбий Африка мамлакатидан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлади. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид