Жаҳон | 14:13 / 20.05.2024
11526
9 дақиқада ўқилади

Эрон президентининг ўлими, Харкив фронтини барқарорлаштирган Украина ва яна бир кемасидан айрилган Россия — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Эрон президентининг ҳалокати

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва бошқа расмий шахслар ўтирган вертолёт пойтахт Теҳронга қайтаётиб Шарқий Озарбойжон вилояти ҳудудидаги баланд тоғларда ҳалокатга учраган. Mehr агентлиги Эрон президенти Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён ва бошқа барча йўловчилар авиаҳалокат натижасида вафот этганини хабар қилди.

Бахтсиз ҳодиса 19 май куни содир бўлди. Эрон президенти Иброҳим Раисий, шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малий Раҳматий ва Табриз бош имоми оятуллоҳ Муҳаммад Али Ал-Ҳошим Озарбойжон Республикаси билан чегарадаги тўғон очилишидан қайтишаётган эди.

Иброҳим Раисий тўғонни Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев билан бирга расман очиб берган.

Маълум қилинишича, Раисий минган вертолёт Шарқий Озарбойжон вилоятининг пойтахт Теҳрондан 600 км узоқликдаги Узи қишлоғи яқинида қулаган.

Эронда вертолётлар кўп, аммо халқаро санкциялар уларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатишни қийинлаштирган. Мамлакат ҳарбий-ҳаво флоти асосан 1979 йилги Ислом инқилобидан олдин ташкил этилганди. Раисий Озарбойжондан АҚШда ишлаб чиқарилган эски русумдаги Bell 212 вертолётида қайтаётган бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, вертолётнинг ҳалокатга учраганига ноқулай об-ҳаво шароитлари, хусусан қалин туман сабаб бўлган.

20 га яқин қидирув ортядлари тунда баланд тоғлар ичида қулаган вертолётни ахтаришга киришган.

Тунда кўриш ускуналарига эга Эрон вертолётлари мамлакат марказидаги Исфаҳон шаҳридаги тўртинчи авиабазада сақланади. Шу сабабли Эрон Туркиядан тунда кўриш ускуналарига эга вертолёт сўраган. Чунки воқеа юз берган жой Туркияга яқин. Туркиянинг AKINCI дронидан ҳалокат юз берган жой тасвири узатилган.

Қутқарувчилар узоқ уринишлардан сўнг вертолёт қулаган жойга етиб борган ва тоғ ёнбағрига қулаган вертолёт бутунлай ёниб кетганига гувоҳ бўлишган.

Аввалроқ Эрон Қизил яримой жамияти раҳбари Пирҳусайн Куливанд вертолёт йўловчилари тириклигига «бирор ишора» йўқлигини маълум қилган.

Бунгача Европа Иттифоқи, Ўзбекистон, Туркия ва Россия дохил кўпгина давлатлар вертолётни ахтариш учун ўз ёрдамларини кўрсатишини маълум қилишган. Ҳаттоки АҚШ президенти Жо Байден ҳам воқеа сабаб меҳнат таътилини тўхтатиб ишга қайтган.

Агар Раисийнинг ҳалок бўлгани расман тасдиқланса, унинг лавозимини биринчи вице-президент Муҳаммад Моҳбар эгаллайди. У 50 кун ичида ўтказиладиган янги президентлик сайловигача президент вазифасини вақтинчалик бажаради.

Эрон Ислом Республикасининг 8-президенти бўлмиш 63 ёшли Иброҳим Раисий 1979 йилги Ислом инқилобидан буён ҳукумат тизимида ишлаб келади. У 2021 йилнинг 3 августида Ҳасан Руҳоний ўрнига лавозимга ўтирган.

Эрон теократик давлат ҳисобланади ва ундаги президентлик лавозими ривожланган демократик давлатларида бўлгани сингари давлатнинг якка раҳбари ҳисобланмайди. Эроннинг сиёсий тизимида олий раҳнамо оятуллоҳ Али Хоминаий катта рол ўйнайди.

Эронда Имом Ризонинг таваллуд оқшоми бўлганлиги боис, баъзи бир шаҳарларда мушакбозлик қилингани кузатилган. Мушакбозликнинг сабаби Иброҳим Раисийнинг вертолёти ҳалокатга учрагани сабабли эмас. Баъзи каналлар буни бошқача талқин қилишган. Аслида, бутун мамлакатда президент ва бошқа расмийлар эсон-омон топилишини сўраб одамлар дуога қўл очишган.

Хориждаги Эрон мухолифати ижтимоий тармоқларда Теҳронда одамлар президент вертолёти қулаганини шодонлик билан нишонлаётгани ҳақида сохта тасвир ва хабарлар тарқатишган.

«Эронда президент Россиядаги бош вазир сингари аҳамиятга эга. Раисий ўзидан аввалги президентларга нисбатан кучсизроқ сиёсатчи саналса-да, Маҳмуд Аҳмадийнажотдан сўнг жуда тажовузкор саналган. Эронда сўнгги йиллардаги тренд — сиёсий кураш тобора очиқликдан парда ортига ўтаётгани эди. Бунга бош аргумент маъмурий ресурс ва кучдан фойдаланиш бўлаётган эди. Худди Россиядагидек», — деган россиялик сиёсатшунос Аббос Галлямов.

«Фаразлардан бирига кўра, бу ҳалокат ортида Исроил турган бўлиши мумкин. Бу Эроннинг Яқин Шарқдаги экспансиясига ўзига хос жавоб, эронликларга чегарани босиб ўтмасликларидан огоҳлантириш тарзида аниқ бир нома бўлиши мумкин», — деган шарқшунос Дмитрий Бридже. Экспертнинг фикрича, расмий даражада Исроил ва АҚШнинг алоқадорлиги ҳақида гапирилмайди. Бу мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар тан олинишини англатади.

Фаластин янгиликлари

БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини қўллаб-қувватлади.

Ғазода бўлаётган уруш фонида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг фавқулодда ўтказилган сессиясида Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш тўғрисидаги аризаси қўллаб-қувватланган.

Бош Ассамблеянинг 9 майдаги резолюцияси Фаластинга янги «ҳуқуқ ва имтиёзлар» тақдим этади. Бош Ассамблея Хавфсизлик Кенгашидан Фаластинни БМТнинг 194-аъзоси сифатида тўлақонлик аъзолик масаласини «ижобий ҳал қилиш»га чақирган.

Исроил ҳужумлари туфайли Ғазодаги вайроналар сони Дрезден вайроналаридан ҳам кўпроқ ва аянчлироқ экани айтилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, қайд қилинган зиёнлар суръати аввал ўрганилганларига мутлақо ўхшамайди. Ғазонинг Исроил томонидан 7 ой мобайнида бомбардимон қилиниши, Иккинчи жаҳон уруши якунида Германиянинг энг катта вайронагарчиликларга дучор қилинган Дрезден шаҳри вайроналаридан ҳам каттароқ бузилишларга олиб келган, дейишмоқда таҳлилчилар.

Хусусан, Дрезденда биноларнинг 60 фоизи вайрон қилинган бўлса, Ғазода бу кўрсаткич 75 фоизга тенг. Дрезденга қарийб 4 минг тонна портловчи модда ташланган бўлса, Ғазога 75 минг тонна бомба ёғдирилган. Немис шаҳрида 25 минг киши ўлдирилган, Ғазода ўлганлар сони 35 мингдан ошган.

Украинадаги уруш

Украина қуролли кучлари Харкив остонасида Россия қўшинларини ортга чекинишга мажбур қила олган. Россия қўшинларининг Харкив йўналишидаги асосий мақсади Вовчанск аҳоли пункти ҳисобланади. Бироқ, россияликлар ҳозирча тактик вазифаларни удаллай олишмаган. Боз устига, Украина мудофаа кучлари айрим позицияларни қисман қайтариб олишга муваффақ бўлишган, деган «Ахиллес» бригадаси қўмондони Юрий Федоренко.

Ҳарбийнинг сўзларига кўра, украиналик ҳимоячилар душманнинг штурм бўлинмаларини ҳолдан тойдириб, зирҳланган техникаси ва артиллериясига зиён етказган.

«Жанглар давом этмоқда. Мудофаа кучлари вазиятни ўнглаш ва барқарорлаштириш учун тўплар, танкларга қарши воситалар ва албатта зарбдор дронлардан иборат бирлашган ўт очиш воситаларидан самарали фойдаланган ҳолда максимал ҳаракат қилмоқда», — деган у.

Федоренкога кўра, украиналик жангчилар айрим участкаларда нафақат фаол мудофаада туришибди, душманни эгаллаган позициясидан сиқиб чиқариш билан ўз ҳолатини яхшилашга ҳам муваффақ бўлмоқда.

«Бу операциялар натижасида биз қайтариб олинган позицияларга ва асирга олинган душманларга эга бўлмоқдамиз, улар истиқболда ҳозир Россия ҳудудида асирликда қолаётган аскарларимизга алмаштирилади», — деган қўмондон.

Украинанинг Россияга зарбалари

Украина қуролли кучлари Россиянинг Қора денгиз флотига яна зарба берган. Украиналик ҳарбийлар Россиянинг мина изловчи 266-М «Ковровец» кемасини чўктириб юборгани маълум қилинмоқда.

Воқеа 19 майга ўтар кечаси содир бўлган. Хабарни Украина қуролли кучларининг ҳарбий-денгиз кучлари тарқатган. Маълумотни Украина қуролли кучлари бош штаби тасдиқлаган.

«Ковровец» — 266М лойиҳасидаги денгиз тралчи кемаси ҳисобланади. Унинг бош вазифаси кемаларни кузатиб бориш, разведка ва назорат тралларини амалга ошириш, минали майдонларни ёриб коридор ўрнатиш, денгизни миналаштириш ва ҳоказо.

Ушбу кема совет флотига 1974 йилда қабул қилинган ва 1982 йилда «Курск комсомолчиси» номи берилган. 1992 йилда «Наводчик» номи берилган ва 1999 йилга келиб ҳозирги номини олган.

«Ковровец» Атлантика ва Форс кўрфазидаги операцияларда қатнашган, Сурия қирғоқларида патруллик қилган. 2016-2017 йилларда Россиянинг Ўрта Ер денгизи флоти таркибига қўшилган эди.

Украина Бош разведка бошқармаси Ленинград областидаги Виборг нефт базасига ҳужум қилган. Шунингдек, Краснодар ўлкасидаги «Кушчевск» ҳарбий аэродроми ва нефтни қайта ишлаш заводига ҳам дронлар воситасида ҳужум уюштирилган.

Аэродромда бу вақтда фронтда Украина позицияларни нишонга олишда фойдаланиб келинаётган Су-34, Су-25, Су-27, МиГ-29 каби ўндан зиёд самолётлар бўлган. Россия расмийлари бу ҳужумлар ҳақида ҳеч қандай хабар бермаётган бўлса-да, россияликлар ижтимоий тармоқларда портлашлар рўй берганидан шикоят қилишган.

Кубандаги Славянск шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳам яна дронлар ҳужумига дучор бўлган. Уч ҳафтача аввал ҳам заводга дронлар ҳужум қилган эди. Завод раҳбарияти бир нечта зарбадан сўнг завод ўз ишини тўхтатгани, етказилган зиён ҳисоблаб чиқилаётганини маълум қилган. 

Мавзуга оид