Германия ва Франция Гуржистондаги вазиятдан «хавотирда»
Германия ва Франция Гуржистондаги вазиятдан «ташвиш» билдирди ва мамлакат Европа йўлидан оғиб кетганини таъкидлади.
Германия ва Франция Гуржистондаги мавжуд вазият муносабати билан «чуқур ташвиш» билдирди. Тегишли қўшма баёнот 19 май, якшанба куни Германия ҳукуматининг расмий сайтида эълон қилинди.
Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, Германия ва Франция «Гуржистон Европа йўлини қатъий қўллаб-қувватлаган» ва Еврокомиссиянинг 2023 йил декабрида Европа Иттифоқига номзод мақомини бериш ҳақидаги қарорини «фаол олқишлаган». «Биз Гуржистон ҳукумати ва ҳукмрон партиясининг умумий Европа қадриятларимиз ҳамда гуржи халқи орзу-умидларига зид иш қилиб, бу йўлдан оғиш ҳақидаги қарорини чуқур афсус билан эътиборга оламиз», — дейилади баёнотда.
Бир неча кун олдин Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг ўн бир европалик ҳамкасби Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррелни «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги мунозарали қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Гуржистон Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболларига қандай таъсир қилишини баҳолашга чақирди. Мактуб муаллифларига кўра, «таклиф этилаётган қонун Гуржистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари нуқтайи назаридан хавотирли регрессиянинг яна бир белгисидир».
Гуржистонда қонун ва унга қарши норозилик
Апрел ойи бошида Гуржистоннинг ҳукмрон партияси – «Гуржистон орзуси» парламентга «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун русча версиясига ўхшаш «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Тбилисида ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши оммавий намойишлар бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Намойишчиларни, жумладан, Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ҳам қўллаб-қувватлади.
Парламент қонунни қабул қилди, бироқ президент унга вето қўйди
14 май, сешанба куни Гуржистон парламенти баҳсли «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни учинчи ва якуний ўқишда қабул қилди. Бир неча кундан кейин мамлакат президенти Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйганини эълон қилди. «Бу («чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун) бизнинг конституциямиз ва барча Европа стандартларига зиддир, шунинг учун бизнинг Европа йўлимизга тўсиқ бўлади», деди у.
Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел 19 май, якшанба куни Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида Гуржистон президенти томонидан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қўйилган вето «кейинчалик мулоҳаза юритиш учун асос беради», деди. Чунки «ҳозирги кўринишида қонун Европа қадриятлари ва Гуржистоннинг Европа Иттифоқига интилишларига мос келмайди». У, шунингдек, қонуннинг қабул қилинишига рози бўлмаган гуржи сиёсатчиларини президент ветосидан Гуржистонни «аҳоли қўллаб-қувватлайдиган Европа йўлидан» бориш учун фойдаланишга чақирди.
Мавзуга оид
23:25 / 04.11.2024
Гуржистонда минглаб одамлар парламент сайловлари натижасига қарши митингга чиқди
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
15:24 / 03.11.2024