Иброҳим Раисий — у Эроннинг бўлажак олий раҳнамоси сифатида кўриларди
19 май куни вертолёт ҳалокати оқибатида Эрон президенти Иброҳим Раисий вафот этди. У 2021 йилда давлат раҳбари лавозимига сайланганди, кўпчилик 63 ёшли Раисийни мамлакат олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг бўлажак вориси сифатида кўрарди.
BBC Иброҳим Раисийнинг ҳаёти ва фаолиятининг энг асосий воқеаларига назар ташлади.
Консерватив руҳоний
Кутилмаганда президентликка номзодини қўймагунича Иброҳим Раисий эронликларнинг ҳам кўпчилигига яхши таниш эмасди.
Ўша вақтда 56 ёшда бўлган консерватив диний арбоб ислом ҳуқуқи бўйича докторлик даражасига эга эди. Суд тизимидаги фаолияти давомида юқори лавозимларни эгаллаганига қарамай, Раисий сояда эди.
Эроннинг бўлажак президенти 1960 йилда Машҳад шаҳрида туғилган, 15 ёшида у Қум вилоятидаги мамлакатнинг энг нуфузли диний мадрасасига ўқишга кирган, беш йил ўтиб, Ислом инқилобидан кейин дарҳол суд тизимида ишлай бошлаган.
Раисий 25 ёшидаёқ пойтахт Теҳрон прокурори ўринбосарига айланади. Кейинроқ у суд тизими раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланаган.
«Ўлим комиссияси»
1988 йилда Раисий «ўлим қозилари» деб аталган қўмитадаги тўрт ҳакамдан бири бўлган. Бу комиссия қамоқ муддати якунланганидан кейин Эрон қамоқхоналарида қатл этилган минглаб мухолифатчиларнинг тақдирини ҳал қилганди.
Бундай қатллар — инқилобдан кейинги Эрондаги тақиқланган мавзулардан бири бўлиб, ҳеч қачон расман текширилмаган.
Эроннинг собиқ президенти Ҳасан Руҳоний Эрон давлат телевидениесидаги сайловолди дебатларида бу мавзуни кўтариб, кўпчиликни ҳайратда қолдирганди.
Руҳонийнинг сўзларига расмий муносабат билдирилмаган бўлса-да, унинг изоҳлари ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, кўпчилик эронлик ёшлар бехабар бўлган эпизод бирданига омма эътиборига тушди.
Бўлажак олий раҳнамо эдими?
Иброҳим Раисий бутун фаолияти давомида Эроннинг консерватив элитаси билан яқин шахсий алоқаларни сақлаб қолган. У Эроннинг ҳозирги олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг қўлида ўқиган ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусидаги муҳим фигураларга яқин бўлган.
2016 йил мартида Раисий Эроннинг энг муҳим ва бой диний жамғармаларидан бири — «Астан Қудс Разавий»га раҳбар этиб тайинланади, унга мамлакатдаги шиаларнинг энг муқаддас зиёратгоҳи — ўзи туғилиб ўсган Машҳад шаҳридаги имом Ризо мақбарасини назорат қилиш вазифаси юкланганди.
Бу лавозимга тайинланиш жуда катта обрў ва таъсир доирасига эга бўлишни англатарди. Ўшанда кўплаб кузатувчилар Раисийни олий раҳнамонинг бўлажак вориси сифатида тайёрлашаётгани ҳақида хулосага келишганди.
Раисий шунингдек келгуси олий раҳнамони сайлашга масъул бўлган, 88 нафар аъзодан иборат диний орган — Экспертлар
ассамблеяси раиси ўринбосари этиб сайланади.
Рафиқасининг карьераси
Иброҳим Раисийнинг шахсий ҳаёти тўғрисида кўп нарса маълум эмас, фақат сайловолди кампанияси чоғида айрим тафсилотлар очиқланган. Унинг турмуш ўртоғи Жамила Аламолҳода — Шаҳид Беҳишти номидаги Теҳрон университети профессори ҳисобланади, уларнинг икки қизи бор.
Аёл сайловчилар овозини ўзига жалб этиш учун Раисий сайловолди кампанияси чоғида бир неча бор ўз рафиқаси ҳақида гапирган, унинг ўқишини қўллаб-қувватлагани ҳамда иш туфайли уйда бўла олмаганида кечки овқатсиз қолишга ҳам тайёр бўлгани ҳақида айтганди.
Унинг бундай сўзлари тарафдорлари томонидан яхши қарши олинган, аммо мухолифлари уни масхара қилишганди.
Раисийнинг қайнотаси — оятуллоҳ Аҳмад Аламолҳода — Машҳаддаги ултраконсерватив қарашлари билан танилган имомлардан бўлган. У шаҳарда ҳеч қачон мусиқа концертлари ўтказилмаслигини талаб қилган.
Оддий эронликлар номзоди
Раисийни харизматик нотиқ деб бўлмайди — 2021 йил сайловолди дебатларидаги ишончсиз чиқишларидан кейин ҳам бу борада кўп нарса ўзгармаган, аммо телеграм ва инстаграмда унинг имижи устида яхши иш олиб борилиши унинг кампанияси атрофида катта шов-шув кўтарилиши ҳамда унинг сайловолди митингларига беҳисоб одамлар келишини таъминлайди.
Бутун сайловолди кампанияси давомида Раисий ўзини Эрон инқилобининг консерватив қадриятларини ҳимоя қиладиган, камбағаллар ва кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик қиладиган ва ўсиб бораётган яшаш харажатларини қоплашга ёрдам берадиган нафақаларни қайтарадиган, оддий эронликлар номзоди сифатида тақдим этади.
Бу ваъдалар қашшоқлик, ишсизлик ва инфляция билан курашаётган миллионлаб эронликларда унинг рақиби берган ислоҳотлар ва ўзгаришлар тўғрисидаги мўътадилроқ ваъдалардан кўра яхшироқ таассурот қолдиради.
Исроилга қарши ва Россия тараф сиёсат
Сўнгги йилларда Иброҳим Раисий доимий равишда Исроил ва Ғарбга қарши кескин позицияни эгаллаб келганди.
2022 йил апрелида Раисий агар Эрон билан муносабатларда «кичик бўлса ҳам душманлик қадами» ташлагудек бўлса, Исроил Эрон қуролли кучлари учун нишонга айланиши ҳақида огоҳлантирганди.
Ўша йил сентябридаги интервюсида эса у тарихий Авраам келишувларини (Исроил ва араб давлатлари муносабатларини нормаллаштириш ҳақида 2020-2021 йилларда Доналд Трамп воситачилигида имзоланган келишувлар серияси) танқид қилганди.
2022 йил мартида, Россиянинг Украинага босқини бошлангач, Раисий Теҳроннинг Москва билан яқинлашувини дастаклайди, бу яқинлашув эса Россияга Эрон қуроллари етказиб берилишига олиб келади.
Раисий Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётини қоралаб, Исроилни Ғарб давлатлари қўллови остида фаластинликларни геноцид қилишда айблаган.
2023 йил декабрида Раисий 1988 йилда «ўлим комиссияси» ҳаками бўлганида маҳбуслар қийноққа солингани ва ўлдирилгани билан боғлиқ айблов туфайли Женевага сафарини бекор қилганди.
Мавзуга оид
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
21:44 / 19.11.2024
Канадада собиқ адлия вазирига суиқасднинг олди олинди
19:09 / 19.11.2024
Трамп Москва ва Теҳроннинг иттифоқини парчалай оладими?
11:54 / 19.11.2024