Иқтисодиёт | 23:01 / 20.05.2024
7962
5 дақиқада ўқилади

“Ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр” — Беҳзод Ҳамроев

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа йил охиригача парламентга киритилишини маълум қилди. Шунингдек, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилишига оид низом тез орада давлат рўйхатидан ўтказилиши кутилмоқда.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг 18 апрел кунги ялпи мажлисида сўзга чиққан Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молиясини ривожлантиришга оид қандай ишлар қилинаётгани ҳақида сенаторлар саволига жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

МБ раиси ўринбосарига кўра, ўтган йили августда ҳам, ундан олдинги йилда ҳам президентнинг тадбиркорлар билан учрашувида ислом молияси масаласи кўтарилганидан бери вазирликлараро ишчи комиссия бу бўйича ишлаган.

“Битта нарсани тушуниш керак, бу янги ва мураккаб соҳа. Қонунчиликка жуда кўп ўзгартириш киритишни талаб қилади. Марказий банк тўғрисидаги қонундан тортиб, банклар фаолияти тўғрисидаги қонунгача. Ҳозир қонун лойиҳаси тайёр. 2024 йилда шуни ишлаб парламентда киритиш вазифамиз бор деб ҳисоботимда ҳам айтиб кетдим.

Ундан ташқари, бизда бошқа қонунга ўзгартириш киритилган. Микромолия ташкилотлари тўғрисидаги қонунимизда алоҳида тартиби бор, бунинг энди низоми кутилаётган эди. Бу Марказий банк томонидан ишлаб чиқилди. Бу исломий молия хизматларини кўрсатишга оид. Давлат рўйхатидан ўтиш керак, шундан кейин бу соҳада ишлаш бошланади”, деди Беҳзод Ҳамроев.

Беҳзод Ҳамроев берган маълумотларга кўра, 12та банкда, хусусан, Агробанк, Саноатқурилишбанк, Микрокредитбанк, Ипак йўли банкларида хусусий секторни ривожлантириш бўйича кредит линиялари ҳисобидан мубораҳа хизматлари кўрсатилиб келиняпти.

Шунингдек, Трастбанк ҳузуридаги “Траст муомалат” МЧЖ томонидан исломий лизинг, яъни ижара ва мубораҳа – насияга савдо операциялари, Ҳамкорбанк томонидан ҳам исломий лизинг хизматлари кўрсатиб келиняпти.

“Базавий қонунларимизни 2024 йилда якунига етсазсак, қолган банкларда ҳам бу хизматлар оммалашишига ҳам талаб бор, ҳам шароит яратилади”, – деди МБ раиси ўринбосари.

Ўзбекистонда ислом молияси

Ўзбекистон расмийлари банк сектори ва ташқи савдони ривожлантириш мақсадида ислом иқтисоди бошқаруви ва ислом молиявий институтларини жорий қилиш нияти ҳақида 2017 йилдан буён айтиб келади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида Ипак йўли банки Ислом тараққиёти корпорациясидан 2006 йили 2 миллион, 2010 йил 5 миллион, 2017 йилда эса 14 миллион доллар маблағ жалб қилган.

2018 йил июл ойидан бошлаб яна икки банк: Трастбанк ва Инфинбанк Ислом тараққиёти корпорацияси билан молиявий ҳамкорликни йўлга қўйди. Кўп ўтмай, Ислом тараққиёти корпорацияси Ўзбекистондаги 6та институт: Капиталбанк, Асакабанк, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Asia Alliance bank билан шаръий-молиявий масалалар бўйича шартнома имзолади.

2021 йилда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов банкларда ислом дарчаларини очиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

2021 йил 1-4 сентябр кунлари Тошкентда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Саммитда ИТБ гуруҳи ва ўнта аъзо мамлакат ўртасида умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзоланди. Шундан 330 миллион долларга тенг маблағ Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб сарфланиши келишилди.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳининг йиғилишида Ўзбекистон учун Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси тузилди, шу билан бирга, ИТБнинг тўлов тизими ишга тушди.

2022 йилда Ўзбекистон ислом молияси бўйича нуфузли халқаро ташкилот – Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатди.

Шунингдек, 2022 йил 20 апрел куни имзоланган “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунда, микромолия ташкилотлари ислом молияси тамойиллари асосида қарзлар бериши мумкинлиги белгиланди.

2023 йил сентябр ойида тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш кўзда тутилган.

Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ижрочи директори Хане Салем Сонбол жорий йил март ойида Kun.uz'га берган интервюсида корпорация шу вақтгача Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш учун 750 млн доллар ажратгани, бундан кейин ҳам у мамлакатга бу йўналишда кўмак беришга тайёрлигини айтганди. 

Мавзуга оид