Жаҳон | 14:51 / 20.05.2024
2382
3 дақиқада ўқилади

Россияда фуқаро ҳарбий комиссарликка ўт қўйишни режалаштиргани учун 25 йилга қамалди

Тергов маълумотларига кўра, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган Иля Бабурин «Азов»нинг кўрсатмаси билан ҳарбий комиссарликка ўт қўйишни режалаштирган.

Фото: РИА Новости

Новосибирскнинг Иккинчи Шарқий округ ҳарбий суди маҳаллий фуқаро Иля Бабуринни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 20 май, душанба куни Россия давлат агентлиги ТАСС хабар берди. Суд қарорига кўра, Новосибирск фуқароси жазо муддатининг биринчи беш йилини қамоқда ўтайди. Қолган йигирма йил - максимал хавфсизлик колониясида.

Бабурин «Азов» батальонининг кўрсатмаси бўйича ҳарбий комиссарликка ўт қўйишни режалаштирган», деб ёзади ТАСС тергов маълумотларига таяниб, унга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг етти моддаси, шу жумладан: давлатга хиёнат (275-модда), террорчилик ҳаракати (205-модданинг 1-қисми), ноқонуний қуролли гуруҳда иштирок этиш (208-модданинг 2-қисми) ва бошқалар бўйича айблов қўйилган.

Терговнинг таъкидлашича, Бабурин «Азов» фашистлар мафкурасига қўшилиб, Россия Федерациясидан ташқарида жойлашган номаълум шахс» кўрсатмаси билан 2022 йил сентябр ойида ҳарбий комиссарлик биносига ўт қўйишни режалаштирган. Бунинг учун у гўёки ижрочи топиб, ўз ҳаракатларини суратга олиши учун унга iPhone 10 совға қилган. Бундан ташқари, 2022 йил июл ойида, терговчиларнинг сўзларига кўра, Бабурин ўзи тайёрлаган Молотов коктейли ёрдамида Новосибирскдаги Болалар мусиқа мактаби биносига ўт қўйган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Хавфсизлик кучлари айбланувчига босим ўтказди

«Бирдамлик зонаси» инсон ҳуқуқлари ташаббусига кўра, Бабурин хавфсизлик кучлари босими остида айбини тан олган ва тергов билан келишувга эришган, бироқ кейинроқ ундан воз кечган. Шу сабабли улар тергов изоляторида унга босим ўтказишда давом этган. У ерда уни «психоизолятор»га жойлаштиришган ва терговчи олдига кетаётганда қўриқчилар томонидан калтакланган. Ўзининг сўнгги баёнотида эркак суд жараёнини «абсурд» деб атади. 

Украинада уруш бошланганидан кейин РФда ҳарбий комиссарликларга ўт қўйилиши 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Россия Федерациясида мунтазам равишда ҳарбий комиссарликларга ўт қўйиб келинмоқда. Россия Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил январ ойи бўйича маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери ҳарбий комиссарлик ва бошқа давлат муассасаларига ўт қўйиш билан боғлиқ 220 та ҳолат қайд этилган. Вазирликнинг қўшимча қилишича, ишларнинг 85 фоизи аллақачон фош қилинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид