Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда ичимлик сувни исроф қилаётганларни аниқлаш учун дрон учирилаётгани рад этилди
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига кўра, бундай ҳуқуқбузарликни қайд этиш мақсадида бошқарма томонидан ҳеч қандай дрон учирилмаяпти.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри маҳаллаларида ичимлик сувни исроф қилаётганларни аниқлаш учун дрон учирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда дрон ёрдамида ичимлик сув билан томорқа суғораётганлар, машина юваётганлар текширилаётгани айтилади.
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиева билан боғланди. Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан бундай турдаги ҳуқуқбузарликларни қайд этиш мақсадида ҳеч қандай дрон учирилмаяпти.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 261-моддасига кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлик ҳолати учун тегишли Экология бошқармаси ходимлари томонидан чора кўрилади.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 74-моддасига кўра, табиий сув оқимлари, сув ҳавзалари ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сунъий сув оқимлари, сув ҳавзалари ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлик, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима қўлланади.
Агар ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.