Исроил ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги талабини танқид қилди
ХЖС бош прокурорининг Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги сўрови Исроилда «маънавий кўрлик» ва «тарихий шармандалик» деб аталган.
Исроил ҳукумати Халқаро жиноий суд бош прокурорининг бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги илтимосини «тарихий шармандалик» деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда 20 май, душанба куни мамлакат ташқи ишлар вазири Исраэл Кац маълум қилди. Нетаняҳунинг ўзи прокурорнинг сўровини «можароли» деб атади ва «Ликуд» фракцияси йиғилишида «бу мени ҳам, бизни ҳам тўхтата олмайди», деб таъкидлади.
ТИВ раҳбари айтишича, Исроил ХЖС прокурорининг ордер олишга уринишларига қарши курашиш учун махсус қўмита тузади, шунингдек, унга қарши дипломатик чоралар кўради. Кац «дунёнинг етакчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан прокурор қарорига қарши туришлари учун гаплашишни» режалаштирмоқда, деб хабар беради AFP.
Исроил президенти Ицхак Герцог прокурорнинг илтимосини «халқаро суд тизими қулаш хавфи борлигига» мисол деб атади. «Бу бутун дунё бўйлаб бир томонлама сиёсий ҳаракатдир», деди у. «Улар ва демократик йўл билан сайланган Исроил ҳукумати ўртасида ўхшашлик ўрнатишга қаратилган ҳар қандай уриниш ғайритабиий ва ҳеч ким томонидан қабул қилиниши мумкин эмас», деди Исроил давлати раҳбари. Мамлакат ҳарбий вазирлар маҳкамаси вазири Бени Ганц Халқаро жиноий суд прокурори сўровини «тарихий жиноят» ва «маънавий кўрлик» деб атади, деб ёзади AFP.
Исроил парламенти спикери Амир Оҳана Кнессет мажлисининг очилишида «Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд дунёга унинг ноқонуний эканлигини исботлади», деди. «Босқинчи ва ҳимоячини, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган демократияни ва уни йўқ қилишга интилаётган ташкилотни ажрата олмайдиган институт инсоният учун хавф туғдиради», дея Оҳана сўзларидан иқтибос келтирган The Times of Israel нашри.
ҲАМАС ҳам норозилик билдирди
Айни пайтда, ҲАМАС гуруҳи ҳам ХЖС прокурорининг талабидан норозилигини билдирди. «ҲАМАС ҳаракати Халқаро жиноий суд прокурорининг Фаластин бир қатор қаршилик кўрсатувчи етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш орқали жабрланувчини жаллодга тенглаштиришга уринишларини кескин қоралайди», - дея ҲАМАС баёнотидан иқтибос келтиради The Times of Israel.
ХЖС прокурори Нетаняҳу ва ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер сўрамоқда
Аввалроқ Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Мухаммад Ал-Масрий ҳамда Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган эди.
Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
10:20
Ҳужжатлар сизиб чиқиши: Нетаняҳунинг ёрдамчисига айблов қўйилади
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
20:12 / 17.11.2024
Исроил зарбаси оқибатида «Ҳизбуллоҳ» матбуот котиби ҳалок бўлди
20:40 / 16.11.2024