Жаҳон | 08:50 / 21.05.2024
5625
3 дақиқада ўқилади

Neuralink’ка иккинчи кўнгиллининг миясига чип ўрнатишга рухсат берилди

АҚШ регулятори биринчи синов иштирокчисида юзага келган қурилма билан боғлиқ муаммолардан сўнг Neuralink чипини имплантация қилиш жараёнига ўзгартиришларни маъқуллади.

Фото: Neuralink

Илон Маскнинг Neuralink компанияси АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идорасидан (FDA) иккинчи кўнгиллининг миясига компютер билан тўғридан тўғри алоқа қилиш учун чип ўрнатишга рухсат олди. Бу ҳақда 20 май, душанба куни манбаларга таяниб, The Wall Street Journal нашри хабар берди

Маск X ижтимоий тармоғида компания аллақачон мия чипининг иккинчи олувчиси бўлишни истаганлардан аризаларни қабул қила бошлаганини ёзди. «Бу бизнинг кибернетик мия имплантимиз «Телепатия» бўлиб, у телефон ва компютерингизни фақат ўйлаш орқали бошқариш имконини беради», — деб ёзган Маск.

Имплантация қилинган қурилма қабул қилувчи капсула бўлиб, у эшитиш воситаси каби қулоқ орқасига ўрнатилади ва ундан ипга ўхшаш электродлар мияга боради. Умуман олганда, мияга 1500 тагача электрод жойлаштирилади, уларнинг ҳар бири инсон сочидан тўрт баробар юпқароқдир. Битта 4х4 мм процессор 10 минг электроддан олинган маълумотларни қайта ишлайди. 

Биринчи синовдаги муаммоларни тузатишга уриниш

WSJ маълумотларига кўра, Америка регулятори биринчи синов иштирокчиси Нолан Арбода қурилма билан боғлиқ муаммолардан кейин компания томонидан таклиф қилинган Neuralink чипини имплантация қилиш жараёнига ўзгартиришларни маъқуллаган. Елкасидан пасти шол бўлган эркакка чип 2024 йил январ ойи охирида имплантация қилинган. Март ойида Neuralink унинг шахмат ўйнаётгани, ўз фикрлари ёрдамида ҳаракатлар қилгани акс этган видеони чоп этди. 

Операциядан бир ой ўтгач, ишлаб чиқувчилар қурилмадаги носозликларни пайқашди. WSJ маълумотларига кўра, чипнинг ипга ўхшаш электродлари аксарияти нотўғри бўлиб қолган ва энди сигналларни ўқий олмайди. Neuralink энди муаммо такрорланмаслиги учун чипни иккинчи кўнгиллининг миясига чуқурроқ жойлаштирмоқчи.

2024 йил охиригача Neuralink қурилмаларни 10 нафар кўнгиллига имплантация қилишни, шунингдек, Канада ва Британияда ўз чиплари билан синовлар ўтказиш учун ариза топшириши кутилмоқда, деб ёзади WSJ. 

Мавзуга оид