Давлат нефт соҳасидаги активларни қанчага сотгани маълум бўлди
Ўзбекистон ҳукумати нефт соҳасидаги бир қатор активлар: UNG Petro бензин шохобчалари тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи ва нефт конларидаги ускуналарни жами 70 млн долларга баҳолаган.
Вазирлар Маҳкамаси 16 май куни “Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил II чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорда “Ўзбекнефтгаз”га тегишли Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва нефт конларидаги ускуналарни сотиш кўзда тутилган.
Бу активлар умумий ҳисобда 70 млн долларга баҳоланган. Хорижий ҳамкор ёки кредитор сифатида Saneg ва Petroleum Technology Group кўрсатилган (Швейцария, Кипр ва Россия компаниялари). 70 млн долларлик келишувлар 2024 йил апрел ойига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи, “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган UNG Petro ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи хусусийлаштирилгани март ойи бошида маълум бўлганди. Бу активлар “Petroleum Technology Group” МЧЖ эгалигига ўтган. Бу МЧЖга собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов эгалик қилади.
Расмий идоралар бу хусусийлаштириш жараёнлари бўйича ҳозирга қадар маълумот бермай келмоқда. Уларнинг ҳар бири қанча нархга сотилгани маълум эмас.
Айни пайтда умумий 70 млн долларга баҳоланган завод, бензин шохобчалари тармоғи ва нефт конларидаги ускуналар қаторида, айнан қайси нефт конларидаги қайси ва қанча миқдордаги ускуналар ҳақида гап кетаётгани номаълум.
Маълумот учун, Saneg компанияси Ўзбекистондаги 103 та нефт ва газ конларига эгалик қилади. Аввал “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган бу конлар бўйича хусусий корхонанинг ҳуқуқлари қандай юзага келгани ҳақида расмийлар изоҳ бермаган. Saneg, шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ҳам хусусийлаштириб олган.
Мавзуга оид
19:11 / 04.10.2024
Tashkent city ҳудудидаги банклар биноларини сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирди – Давактив
16:25 / 19.09.2024
«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
19:55 / 12.09.2024