Ўзбекистон | 10:10 / 22.05.2024
3103
1 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида автомобилларни ижарага олиш нуқтаси очилди

Тошкентга келган йўловчилар энди тўғридан тўғри аэропортда автомашинани ижарага олиш имкониятига эга бўлди. Автомобилларни ижарага бериш компанияси 20 майдан иш бошлади. 

Фото: Uzbekistan Airports

Майдони 8 квадрат метр бўлган жой E-auksion.uz электрон платформасида савдога қўйилган эди. Хизмат Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залидан чиқишда жойлашган.

Автомобилни ижарага олиш учун пойтахт аэропортига келган йўловчи пештахтага бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши керак. Шундан сўнг, онлайн платформаларидан бири орқали автомобилни танлаши, шартнома тузиши ва депозит ёки ижара ҳақини тўлиқ тўлаши лозим. Рўйхатдан ўтиш тугаллангандан сўнг, йўловчига автомобил калити берилади ва машина олдига кузатиб қўйилади.

Компания паркида йўловчи маҳаллий ёки хорижий ишлаб чиқарувчи автомобилини, шунингдек, электромобил ёки бензинда ишлайдиган автомобилни танлаши мумкин. Ишлаб чиқарилган йили тўрт йилдан, юрган масофаси 80 минг кмдан ошмайдиган автомобиллар ижарага берилади. Автомобил ушбу кўрсаткичлардан бирига етгандан сўнг, машина тизимдан чиқарилади.

Мавзуга оид