Ўзбекистон | 22:37 / 23.05.2024
5952
5 дақиқада ўқилади

23 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Ҳаж мавсуми учун бошланган авиақатновлар, Қашқадарёда ҳайдовчи қурбони бўлган ўқувчи, икки янги спорт олийгоҳи ва талабалар ўртасида тикланаётган Универсиада мусобақалари — Ўзбекистонда 23 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз.

Ҳаж мавсумига парвозлар бошланди

«Ҳаж-2024» дастури доирасида дастлабки ҳожилар Тошкент–Мадина йўналишидаги биринчи қатнов билан жўнаб кетди. Жорий ҳаж мавсумида Ўзбекистоннинг 10 та шаҳридан Мадинага жами 124 та чартер авиақатнови ва 15 130 нафар йўловчи ташуви амалга оширилади.

Республикамиздан Саудия Арабистонига шу йил 7 июнга қадар ҳар куни чартер авиақатновлари уюштирилади. Барча парвозлар Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид яна бир хабар: Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам парвозлар сони ҳар бир томондан 50 тагача кўпайтиришга келишиб олинди.

Бу борада “Ўзавиация” агентлиги директори Тоҳир Назаров бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони подшоҳлиги авиация маъмурияти билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар натижасига кўра, Ўзбекистон шаҳарларидан Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам парвозлар сони ҳар бир томондан 50 тагача кўпайтиришга келишиб олинди ва эришилган келишувларни тасдиқлаш мақсадида меморандум имзоланди.

Меморандум Ўзбекистондан Ҳаж ва Умра тадбирларига борадиган зиёратчилар ҳамда “Умра плюс” дастури орқали Ўзбекистонга зиёрат туризми учун ташриф буюрувчи хорижий сайёҳларга кенг имкониятлар яратади. 

Қашқадарёда яна ўқувчи авария қурбони бўлди

Қашқадарёда юк машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўқувчини уриб кетиб ўлдирди. Маълум қилинишича, ўқувчилар сони бир неча нафар бўлган ва улар бахтли тасодиф туфайли омон қолган.

Ҳодиса 2024 йил 15 май куни содир бўлган ва одатга кўра, тармоқларда видеоси тарқалганидан кейингина унга муносабат билдирилмоқда. Агар видео тарқалмаганида муносабат билдирилмасди.

“КамАЗ” юк машинаси Самарқанд-Ғузор автомобил йўлидан ҳаракатланаётиб, Кўкдала туманида жойлашган 37-мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 2-синф ўқувчисини уриб юборган. Оқибатда ўқувчи оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Тасвирларга кўра, бир гуруҳ ўқувчилар пиёдалар йўлакчаси орқали йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишганда, “Нексия” автомашинаси тўхтаб уларга йўл беради. Болалар йўлакчадан ўта бошлаганда иккинчи қатордан катта тезликда келган юк машинаси улардан бирини уриб кетади.

Ҳодиса юзасидан Кўкдала туман ИИБ тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 

Табиий газ таъминоти хусусий қўлларга ўтади

Президентнинг “Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимини хусусий операторларга ўтказиш тўғрисида низом тасдиқланади, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизими хусусий операторларга топшириладиган туманлар рўйхати белгиланади.

Унга кўра, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизими хусусий операторларга топшириладиган туманлар рўйхати белгиланяпти. Ҳар бир ҳудуддаги биттадан туман — жами 14 та туманда табиий газ етказиш хусусий операторларга топширилади. Суюлтирилган газ етказиш функцияси хусусий операторга ўтказиладиган туманлар эса ҳозирча 5 та: Булар Тўрткўл, Бешариқ, Ургут, Чироқчи ва Андижон туманлари. 

Иккита янги спорт институти ва Универсиада

Президент қарори лойиҳасида белгиланишича, Ўзбекистоннинг икки ҳудудида Жисмоний тарбия ва спорт институти ташкил этилади, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси Ўзбекистон талабалар спорти федерацияси этиб қайта ташкил этилади, Ўзбекистон соғлом турмуш ва фитнес миллий ассоциацияси билан бирлаштирилади.

Андижон ва Бухоро шаҳридаги универсал спорт мажмуаларини Андижон ва Бухоро давлат университети балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиб берилади. Андижон ва Бухоро давлат университетлари ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт институтлари ташкил этилади. Институтларда “Спорт фаолияти” ҳамда “Жисмоний маданият” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб икки босқичли “Талабалар лигаси” спорт мусобақалари ва “Универсиада” комплекс спорт мусобақалари ўтказиш тизими жорий қилинади. 

Ўзбекистон экспортида Россия биринчи

Ўзбекистон экспорт ва импортидаги топ-10 давлатлар тўғрисида маълумот берилди.

2024 йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар орасида Россия биринчи ўринни эгаллади. Экспорт ҳажми – 1 млрд доллардан ошиқ.

Кейинги ўринлардан мос равишда 644,4 млн ҳамда 383,9 млн доллар маҳсулотлар экспорт қилинган Хитой ва Қозоғистон жой олган.

Кучли ўнликдан Туркия, Афғонистон, Франция, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва АҚШ каби давлатлар ўрин олган.

Импорт борасида эса Хитой ва Россия етакчи. Ўзбекистон бу икки давлатдан 6 млрд долларлик маҳсулотлар сотиб олган. Учинчи ўринда 841 млн доллар билан Қозоғистон.

Кучли ўнликда Жанубий Корея, Туркия, Германия, Туркманистон, Ҳиндистон, Литва ва АҚШ каби давлатлар бор. 

Мавзуга оид